Сулолавий тахт мероси
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг қизи Саида Мирзиёева президент аппаратининг раҳбари этиб тайинланди. Айни пайтда Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Эмомалининг сиёсий карераси ҳам фаол равишда ривожланмоқда. Бундан ташқари, уларнинг Владимир Путин билан учрашуви Марказий Осиёда ҳокимиятнинг сулолавий мероси давом этаётганидан далолат беради. Бу авторитар режимларга хос хусусият бўлиб, ҳокимиятнинг тор доирада, яъни бир оила аъзолари ўртасида қўлма-қўл бўлишининг аломатидир.
Бундай ҳолат Туркманистонда ҳам мавжуд. Собиқ президентнинг ўғли ҳокимиятни расмий сайловларсиз эгаллаб олиб, ҳақиқий сиёсий рақобат институтларининг қулашини ва республикаларнинг индивидуал автократияга айланишини намойиш этди. Бундай бошқарув шаклида ҳокимият демократик қонунийликка эга бўлмайди. Ғарб шу кунгача демократиянинг муваффақияти сифатида кўрсатиб келаётган мисоллар ўз маъносини йўқотибгина қолмай, ҳокимият фақат оилавий манфаатларни сақлаб қолиш қуролига айланган.
Бу мамлакатлардаги бундай сиёсий тубанлик халқнинг бошқарув жараёнида деярли иштирок этмаслигидан далолат беради. Сайловлар, сиёсий партиялар каби тушунчалар шунчаки расмиятчиликка айланиб қолган. Ҳақиқий номзодлар сайловга яқинлаштирилмайди. Бу эса халқнинг ишончига путур етказиши ва нафратини қўзғаб, пировардида ижтимоий тартибсизликка олиб келади. Албатта, бу диктатуранинг табиий натижасидир. Бунда халқ ўз мақсад ва умидларига эришишда доимо чекловлар тўсиғига дуч келади.
Ҳукмрон табақа қариндошларининг юқори лавозимларга тайинланиши, оммавий ахборот воситалари жамоатчиликни ишонтиришга ҳаракат қилаётгани каби, барқарорлик белгиси эмас, аксинча, ноаниқ келажак, ишончсизлик ва қўлидаги иқтидорга таяниб ўз таъсирни ҳимоя қилишга уринишдир. Бу давлат институтларининг заифлигини ва ҳукмрон оила иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолда фаолият юрита олмаслигини кўрсатади.
Тарихдан маълум бўлганидек, халқнинг ғазаби қайнаб, сабр косаси тўлганда бундай режимлар ағдариб ташланади. Араб баҳори (Тунисдан Суриягача) айнан шундай бўлди. Бироқ, бу жараёнлар кўпинча фуқаролар урушига ёки Ливия ва Суриядаги каби тартибсизликларга сабаб бўлади. Натажада ҳокимиятга янги автократик режим келиб, фақат ҳукмдорнинг номи ўзгаради холос, халқ эса аввалгидек зулм остида қолаверади.
Бундай режимларнинг қулашига жиддий шароитлар сабаб бўлади. Халқни қақшатадиган иқтисодий инқироз, элита ичидаги бўшлиқ каби. Бундан ташқари, халқнинг норозилиги ҳам кундан-кунга кучайиб “портлаш” ҳолатига тушиб қолади. Агар тўсатдан вазиятни кескин силкитадиган бирор ҳодиса содир бўлса (масалан, коррупция можароси, нархларнинг кўтарилиши, ташқи босим каби), бундай режимнинг қулашдан бошқа чораси қолмайди.
Агар халқ хўрланиб яшаш ёки бош кўтариш танлови ўртасида қолса, у бош кўтаришни танлайди. Бироқ, бу йўл жуда хавфли бўлиб, воқеалар нима билан тугашини олдиндан айтиб бўлмайди. Агар жамият тайёргарликсиз, раҳбарсиз ва мақсадсиз бош кўтарган бўлса, бу қўзғалон янги диктатура режимининг келиши ёки тартибсизлик билан якунланиши мумкин. Бинобарин, бош кўтаришнинг муваффақияти жамият танлаган мафкура ва сиёсий йўналишга боғлиқдир. Уни амалга ошириш учун жамият фидойилик кўрсатиши ва кураш йўлига ўтиши керак.
Аллоҳ Таоло айтади:
وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ
“(Эй инсонлар) сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур”.
Яна айтади:
إِنَّ اللَّهَ لَا يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُوا مَا بِأَنفُسِهِمْ
“Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас”. (13:11).
Бу оятлар ижтимоий-сиёсий вазият халқнинг ички ҳолатига боғлиқлигини ифодаламоқда, улар: эътиқод, дунёқараш, мақсадлар ва уларни амалга ошириш масъулиятидир. Жамият тараққиёти руҳий ва фикрий янгиланишдан бошланади. Бу Аллоҳ Таоло томонидан белгиланган қадардир.
Бинобарин, Марказий Осиё халқлари учун ягона тўғри йўл – Исломий мафкурани ўрганиш ва Исломий бошқарув низомига қайтишдир. Ислом мафкураси – адолатли шариат доирасида ҳақиқий сиёсий рақобатни таъминлаган ва Аллоҳ Таоло томонидан нозил қилинган бошқарув усулидир. Аллоҳ Таоло айтади:
وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آمَنُوا وَاتَّقَوْا لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنْ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ لَفَتَحْنَا عَلَيْهِمْ بَرَكَاتٍ مِنْ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ
“Агар у қишлоқларнинг (жойнинг) ахли иймон келтириб, тақводор бўлганларида эди, албатта Биз уларга осмону ердан баракот (дарвозаларини) очиб қўйган бўлур эдик…” (7:96).
Бу оятда Аллоҳ Таоло жамиятнинг кучли ва фаровон ҳаёт кечириши иймон ва тақвонинг натижаси эканини очиқ-ойдин баён қилмоқда. Бошқарувдаги адолат, ижтимоий тинчлик ва фаровонлик фақат мана шу йўл билангина амалга ошади.
Латиф ар-Росиҳ