Лос-Анжелесдаги сўнгги воқеалар: бу ҳақиқий инқирозми ёки сунъий сиёсий тўқнашув?

39
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Лос-Анжелесдаги сўнгги воқеалар: бу ҳақиқий инқирозми ёки сунъий сиёсий тўқнашув?

Устоз Самир Даҳша

Лос-Анжелес шаҳрида сўнгги кунларда содир бўлган воқеалар, унинг асл сабабларига доир кескин саволларни ўртага ташлади. Хўш, бу воқеалар президент Дональд Трамп билан давлат муассасалари ўртасидаги сиёсий тўқнашувнинг бир қисмими? Ёки Калифорниянинг эҳтимолли ажралиб чиқишига оид сценарийлардан бирими? Ёхуд бу сайловлар олдидан сиёсий ютуқларни қўлга киритиш учун инқирозлардан қасддан фойдаланишми?

Воқелик шуни кўрсатмоқдаки, Трамп маъмурияти айни кризисда кескин ёндашувни қабул қилди. Катта эҳтимолга кўра, бу ҳаракатнинг мақсади – айниқса қонунчилик сайловлари арафасида – республикачи сайловчилар базасини сафарбар этиш бўлган.

Зиддиятнинг яширин томони: шубҳаларни уйғотган рейд

Содир бўлган воқеада намойишчилар билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучлар ўртасидаги тўқнашув оддий тўқнашув бўлмаган. Гап шундаки, маҳаллий гувоҳликлар ва матбуот маълумотларига кўра, АҚШнинг иммиграция ва божхона назорати агентлиги (ICE) ходимлари аҳолисининг тахминан 80 фоизи келиб чиқиши лотин америкаликлар бўлган ҳудудга бостириб киришган. Улар бу ҳудудда расмий ҳужжатларга эга бўлмаган кўплаб муҳожир ишчилар яшашини билиб туриб, операцияни қуролланган ҳолда амалга оширишган. Бу эса уларнинг одатий амалиётидан кескин фарқ қилади. Операция пайтида бир заводга ҳам бостириб кирилиб, у ердаги ишчилар ҳибсга олинган. Айни бўлинмалар ҳудудга тўлиқ қуролланган ҳолда киришган. Бу эса уларнинг одатда қуролсиз амалга ошириладиган доимий фаолиятига зиддир.

Ҳисоботларга кўра, қўшинлар йўлларни ёпиб қўйган ва воқеани телефонлари орқали ҳужжатлаштираётган оддий фуқаро томошабинларга қарата кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган. Шуни эътибордан қочирмаслик керакки, бу ҳудудда аввал ҳеч қандай норозилик намойишлари ёки беқарорликлар кузатилмаган эди. Бу эса операциянинг асл мақсадлари ҳақида жиддий саволлар туғдирмоқда. Айниқса, Трамп маъмурияти бу операцияни намойишларда хавфсизлик таҳдидлари мавжудлиги билан оқлади, ҳолбуки, аввалдан бундай таҳдидлар бўлган эмас. Мана шунинг ўзи операциядаги асл мақсадлар ҳақидаги саволларни янада кучайтирмоқда.

Асоссиз кескинлашув: миллий гвардиянинг жалб этилиши ва денгиз пиёда кучлари билан таҳдид:

Маъмурият бу билангина тўхтаб қолмади. Балки президент Трамп илк соатлардаёқ Миллий гвардия қўшинларини юборишини эълон қилди, сўнг эса денгиз пиёда кучларини юбориш билан таҳдид қилди. Бу эса зарурат йўқ бўлган ҳолда амалга оширилган ва оқлаб бўлмайдиган кескинлашувдир.  Бу воқелик шундай эҳтимолни кучайтирмоқдаки, асил мақсад тартиб ўрнатиш эмас, балки Трамп маъмурияти сиёсатларига энг қаттиқ қарши турган штатда сиёсий – балки хавфсизликка оид – инқироз қўзғатиш бўлган.

Калифорния… Қонунчилик сайловлари остонасидаги энг йирик демократик рақиб

Калифорния иқтисодий ва сиёсий вазни жиҳатидан республикачи президент учун жиддий рақиб ҳисобланади. У аҳоли ва сайловчилар сони бўйича Американинг энг катта штати ҳисобланади. Агар у мустақил давлат бўлганида, дунёдаги тўртинчи йирик иқтисодга эга давлатга айланган бўлар эди. Шу билан бирга, Калифорния Демократлар партиясининг анъанавий таянч ҳудудларидан бири сифатида танилган.

Калифорния муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилишда қатъий турадиган штатлардан бири ҳисобланади ва ICE қўшинлари билан ҳамкорлик қилишни бир неча бор рад этган. Бу эса уни бир вақтнинг ўзида рамзий ва стратегик рақибга айлантиради. Бундан ташқари, айни штат қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаларида расмий ҳужжатга эга бўлмаган (яъни мамлакатда яшаш учун рухсати бўлмаган) ишчиларга катта даражада таянади. Бундай ишчиларга ишлашга айнан шу штатда рухсат берилади ва улардан солиқ қонуний равишда ундирилади.

Сиёсий қотилликлар: вазиятнинг бундай кескинлашиши манзарасида, Миннесота штатида демократлар партияси аъзоларига қарши қотиллик ҳолатлари қайд этилди. Суиқасдда икки киши ҳалок бўлди, бир нечтаси оғир жароҳатланди. Тергов ишлари сиёсий сабабларга ишора қилмоқда. Бу ҳодисалар Трампнинг аввалги маъмурияти суд органлари томонидан қаттиқ танқидга учраётган бир вақтга тўғри келди. Асосий танқидлардан бири давлат хизматчиларини ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарорнинг бекор қилиниши бўлди. Ҳолбуки, бозорлар хусусий секторда миллионлаб иш ўринларининг йўқолиши оқибатида жиддий қийинчиликка учрамоқда. Мана шу сабабларнинг барчасидан кўриниб турибдики, Трамп маъмурияти мамлакатдаги ички муваффақиятсизликлардан эътиборни буриш учун кескинлаштириш стратегиясига таянмоқда. Айниқса, сайловлар яқинлашиб келаётган бир пайтда, иқтисодий ёки соғлиқни сақлаш сиёсати борасида қилинган танқидларга жавоб бериш ўрнига, хавфсизликка оид сохта кризислар келтириб чиқариш билан рақибларини қўрқитмоқда ва тарафдорларини қўлламоқда.

Хулоса: сайлов кун тартиби бўйича кетаётган хавфли сиёсий ўйин:

Лос-Анжелесда содир бўлган воқеалар бугунги сиёсий кризиснинг чуқурроқ бир симптоми, холос. Бу симптомларни ҳукумат сиёсатлари очиқ мулоқот ўрнига тўғридан-тўғри майдондаги тўқнашувларга айланиб бораётганида кўриш мумкин. Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, Америка иқтисодиёт ёки соғлиқни сақлаш тизими каби реал муаммоларга қарши курашиш ўрнига, хавфсизлик ва ирқий кризислардан сиёсий рақиблар билан ҳисоб-китоб қилиш воситаси сифатида фойдаланмоқда.

Қуролланган қўшинларни лотин аҳолиси яшайдиган ҳудудларга юбориб, ишчиларни ҳеч қандай қонуний асоссиз ҳибсга олиш ва ҳарбий куч ишлатиш билан таҳдид қилиш, буларнинг барчаси сиёсий кескинлашувгина эмас, балки мамлакатдаги ижтимоий бирлик учун жиддий таҳдид ҳамдир.

Агар бу сиёсий йўналиш давом этадиган бўлса, Америка ўзини таркибий кризис ботқоғига ботганига ҳамда ўзининг умумий бошқарув модели хавф остида қолганига гувоҳ бўлиши мумкин. Чунки сиёсий ва ирқий қарама қаршилик тобора кучайиб бормоқда, муассасаларга бўлган ишонч эса пасаймоқда.

Калифорния, қанчалик кучли иқтисодий ва сиёсий таъсирга эга бўлмасин, бугунги маъмуриятнинг мухолифларга қарши олиб бораётган тўқнашувлари ва душманона ҳаракатларининг фақат бир қисми, холос. Лотин аҳолиси зич яшайдиган районларга қуролли қўшинларни юбориш, ишчиларни қонуний асоссиз ҳибсга олиш, сўнг миллий гвардия ва денгиз пиёда кучларини ишга солиш билан таҳдид қилиш, булар «Вашингтон сиёсатига қарши ҳар қандай қаршилик, кескин зўравонлик билан бостирилади» деган аниқ сигналдир. Бироқ бундай ёндашув ҳар доим ҳам самара бермайди, чунки жамоатчилик бу каби тактикаларнинг асл моҳиятини тобора яхши англамоқда.

Америкадаги ички вазият учун энг катта таҳдид – давлатни сиёсийлаштирилган беқарорликдан бошқарув механизми сифатида фойдаланадиган давлатга айлантиришдир. Демократ сиёсатчилар жонига қасд қилиш, мухолиф штатлар билан тўқнашувларни кучайтириш ва ирқий нафрат қўзғатиш каби ҳолатлар давлатнинг янги зўравон қутблашув босқичига кириши мумкинлигидан далолат бермоқда.

Мавзунинг охирида шуни айтмоқчимизки, Лос-Анжелесдаги воқеа оддий бир эпизод эмас, балки бундан Америкадаги бошқарувнинг янада чуқурроқ кризисига кириб бораётганини кўриш мумкин. Бу ерда сиёсий мулоқот ўрнини кўчадаги тўқнашувлар эгаллаб бормоқда, сайлов дастурлари эса иғвогарлик нутқлари билан алмаштириляпти. Натижа нима бўлди? Америка ўзларининг тор манфаатларини таъминлаш учун ўт билан ўйнашишда қатъий турган кимсалар туфайли жар ёқасида турибди.

Лос-Анжелесда содир бўлган воқеа ҳам якка ҳолдаги тасодифий ҳодиса эмас, балки бу огоҳлантирув қўнғироғидир. Яқин кунларда ҳал қилувчи ўзгаришлар келиб чиқиши мумкин. Шу боис биз бу жараёнларни диққат билан кузатишимиз лозим. Аллоҳ Таолодан бугунги ҳолатимизни оқилона ҳукм ва адолатга асосланган, ҳақни устувор қўйган бошқарувга ўзгартиришини, натижада Ислом шариати яна ҳокимиятга қайтиб, бутун инсониятга раҳмат улашишини сўраб қоламиз.

Роя газетасининг 2025 йил 18 июн, чоршанба кунги 552-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here