Духайнот каби бозорларни бузиш халқнинг ризқу рўзига қилинган очиқ тажовуз ва тирикчилик манбаини йўқ қилишга қаратилган урушдир Бу фақатгина Исломий Халифалик давлати йўқлигининг натижасидир

53
0

Матбут баёноти

Духайнот каби бозорларни бузиш халқнинг ризқу рўзига қилинган очиқ тажовуз ва тирикчилик манбаини йўқ қилишга қаратилган урушдир

Бу фақатгина Исломий Халифалик давлати йўқлигининг натижасидир

2025 йил 12 июн, пайшанба куни эрталаб Хартум вилоятига қарашли Жабали Авлиё маҳаллий ҳокимияти қуролланган аскарлар ҳамроҳлигида Духайнот бозорини экскаваторлар ёрдамида ваҳшийларча бузиб ташлади. Савдо стеллажлари синдирилди, бозордаги моллар зое қилинди, ҳатто товарларини олиб қочишга уринган фуқаролар ҳам бу тажовуздан омон қолмади.

Духайнот бозори Хартумдаги эски бозорлардан бири бўлиб, уруш оқибатида маҳаллий ва марказий бозорлар ёпилиб кетганидан сўнг, аҳоли учун ягона савдо масканига айланиб қолган эди. Бу ерда ҳарбийлар эмас, балки оддий халқ озиқ-овқат, сабзавот ва турли таомлар харид қиларди. Унда ўғирланган моллар сотилмагани сабабли бозорга ишонч ортди, фаолияти кенгайди, таклиф кўпайди ва нархлар тушди. Натижада озиқ-овқат маҳсулотлари кенг омма учун осон етадиган, арзон ва қўл етиши мумкин бўлган оддий истеъмол маҳсулотига айланди. Лаънати уруш сабабли одамлар ишсиз қолиб, тирикчилик манбалари қисқарган бир пайтда, айнан шу бозор фуқаролар учун иш ва ризқ топиш воситаси бўлиб хизмат қилаётган эди. Аммо ҳокимият томонидан амалга оширилган бузиш натижасида бозор вайрон этилди, нархлар кескин ошди ва бу аҳолининг азоб-уқубатларини янада кучайтирди.

Маҳаллий ҳокимият ва унинг қўшинлари томонидан содир этилган ушбу зўравонлик, шафқатсизлик ва ёввойи муомала минтақа аҳли томонидан қаттиқ қораланди. Бундай қилмишни кўриб ҳайратда қолган кўпчиликнинг дилдаги табиий саволи шу бўлди: «Ҳукумат қачон халққа зулм қилиш ва пул йиғишга асосланган эски сиёсатларидан воз кечади? Шариатга кўра давлат аҳолини ҳимоя қилиши, уларга ғамхўрлик қилиши лозим эмасми?!». Яна бир муҳим савол: «Тезкор қўллаб-қувватлаш кучлари» номусларга тажовуз қилиб, мол-мулкларни ўмариб юрган пайтда, бу ҳукумат қўшинлари қаерда эди? Бу армия одамларни ҳимоя қилиш учун тузилганмиди ёки уларни зулм ва таҳқир остида ушлаш туриш учунми? Агар ҳақиқатан бозор йўлни торайтириб қўйган бўлса, уни бошқа кенгроқ ҳудудга кўчириш, тартиб билан қайта жойлаштириш мумкин эди-ку?!

Аллоҳ Таоло айтади:

﴿وَأَحَلَّ ٱللَّهُ ٱلۡبَيۡعَ وَحَرَّمَ ٱلرِّبَوٰا﴾

«Аллоҳ савдо-сотиқни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилди»              [Бақара 275]

Бироқ бугунги кунда Аллоҳ нозил қилмаган қонун ва баҳоналар билан бозорларимизда судхўрлик ҳалол қилиб қўйилди, савдо-сотиқдан эса халқ маҳрум этилди. Ҳолбуки, оиласини таъминлаш ва ризқ топиш учун меҳнат қилиш ҳар бир қодир эркакка вожибдир. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ

«كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُضَيِّعَ مَنْ يَقُوتُ»

«Кишининг боқиши керак бўлганларни етимдек ташлаб қўйиши – унинг учун гуноҳ жиҳатидан етарлидир», деганлар. Агар кимдир амалан ёки ҳукман ишлай олмайдиган-ожиз бўлса, унинг таъминоти мусулмонлар Байтулмоли, яъни ҳукумат зиммасига тушади. Шундай экан, қандай қилиб бу ҳукумат инсонларнинг ризқу рўзини қиймоқда?!

Холера тарқалиши, бозорни қайта қуриш ёки шунга ўхшаш бирор баҳона билан бозордаги одамларнинг товар-мулкларини йўқ қилиш мутлақо жоиз эмас. Аксинча, давлатнинг асосий вазифаси одамларга ёрдам бериш, уларга ғамхўрлик қилиш ва хавфсизлигини таъминлашдир. Давлат одамларга қарши курашмаслиги, уларнинг ризқларини тўсмаслиги керак! Бозорда ишловчи ҳар бир киши ўз савдо ва тижорат фаолиятини шариат қоидаларига мувофиқ тарзда юритиши лозим. У ўғирланган моллар, ҳаром маҳсулотлар, бузилган таомлар ёки зарарли воситаларни сотмаслиги керак. Бундан ташқари, жамоат саломатлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, йўлларни тўсмаслик, одил нархда савдо қилиш, фирибгарлик, судхўрлик ва бошқа ҳаром амалларни қилмаслик ҳам унинг зиммасидаги масъулиятдир.

Ҳукуматнинг бурчи – халқ ишларига ғамхўрлик қилиш ва бозорларни адолат асосида назорат қилишдир. Бу кузатув ва тартибга солиш фуқароларни тўсиш ёки таъқиб қилиш учун эмас, балки уларнинг бозорда эркин савдо қилишларини ва тинч меҳнат фаолиятини юритишларини таъминлаш учун бўлиши керак. Зеро, Росулуллоҳ ﷺ бундай деганлар:

«فَالْإِمَامُ الَّذِي عَلَى النَّاسِ رَاعٍ وَهُوَ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ»

«Одамлар устидаги имом-халифа уларнинг бошқарувчиси бўлиб, қўл остидаги барча кишилардан жавобгардир». Муттафақун алайҳ.

Бугун бозорларда кузатилаётган тартибсизлик ва зулмлар – Ислом давлати йўқлигининг яққол натижасидир. Зеро, Ислом давлати Аллоҳнинг шариат аҳкомларини татбиқ қилувчи ва халқ ишларига ҳақиқий ғамхўрлик қилувчи давлатдир. Бундай давлатда ҳукмдор халқнинг молини йиғувчи эмас, балки уларга ғамхўрлик қилувчи масъул шахс бўлади. Мусулмонлар томонидан байъат қилинган рошид халифа динимизни қоим қилиши, шариатни ҳаётга татбиқ этиши орқали бугунги оғриқли ва азиятли ҳолатни ўзгартиради. Аробоз ибн Сориядан ривоят қилинади: Росулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:

«فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ بَعْدِي فَسَيَرَى اخْتِلَافاً كَثِيراً، فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ، تَمَسَّكُوا بِهَا وَعَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ»

«Сизлардан ким мендан кейин ҳаёт кечирса, кўп ихтилофларни кўради. Шунда менинг суннатимга ва ҳидоят топган рошид халифаларнинг суннатига эргашинглар. Унга озиқ тишларингиз билан тишлагандай маҳкам ёпишинглар».

 

Иброҳим Усмон (Абу Халил)

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Судан

вилоятидаги расмий нотиғи

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here