Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади

87
0

Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади

Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон энергетика вазирлари 26-27 май кунлари Дубайда учрашиб, Қамбар-Ота-1 ГЭС қурилиши лойиҳасини муҳокама қилди. Учрашув Жаҳон банки кўмагида ўтказилди. Бу ҳақда Қирғизистон Энергетика вазирлиги маълум қилди.

Хабарда айтилишича, уч мамлакат расмийлари мазкур лойиҳага техник кўмак кўрсатиш, унинг техник-иқтисодий асосларини янгилаш ҳамда экологик ва ижтимоий таъсирини баҳолашни сўраб Жаҳон банкига мурожаат қилган. Йиғилишда банкнинг юқори мартабали вакиллари ҳам иштирок этди. Улар бошқа халқаро ташкилотлар қатори уч давлатнинг “Қамбар-Ота-1 ГEСини ҳамкорликда қуриш” ҳаракатининг тарафдори эканликларини билдиришди.

Жорий йил бошида Энергетика вазири Таалайбек Ибраев Қамбар-Ота-1 қурилиши учун маблағ деярли топилганини маълум қилган эди. Тошкентда бўлиб ўтган вазирлар йиғилишида томонлар Жаҳон банкига ҳар бир давлатга 500 миллион доллар ажратишини сўраб мактуб топширганликларини маълум қилди. Йиғилишда мазкур донор ташкилот лойиҳа учун 18 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратганини ва бу маблағ техник асослар учун қўшимча харажатларга ва юридик компанияга сарфланганини қўшимча қилди.

Қамбар-Ота-1 ГEСини Марказий Осиёнинг учта давлати биргаликда қуриш тўғрисидаги қарор 2023 йилнинг бошида қабул қилинган эди. Қарорга кўра, уч давлат бир бўлиб Қамбар-Ота-1 ГEСини бошқарадиган қўшма корхона тузади, улушнинг 34 фоизи Қирғизистонга тегади, Қозоғистон ва Ўзбекистонга эса 33 фоиздан тегади. 2024 йилда қурила бошланган мазкур ГЭСнинг биринчи агрегати 2028 йилда ишга туширилиши режалаштирилган. Қурилиш тугагач, ГЭС 1860 МВт қувватга эга бўлиб, йилига 5,6 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ГЭС тўғонининг баландлиги 256 метр бўлиб, 5,4 миллиард куб метрдан ортиқ сув тўплайди. Лойиҳа 4 миллиард доллардан ортиқ сарф-харажат талаб қилади.

Бундан аввал Халқаро валюта жамғармаси вакили ҳам бош вазир Ақилбек Жапаров билан учрашув чоғида Қирғизистон билан ҳамкорликни кучайтиришини маълум қилиб, Қамбар-Ота-1 ГEСи қурилиши ҳақида маълумот олган эди.

Маълумки, халқаро молия ташкилотлари кредит ва грантлар ажратаётганда электр энергияси тарифларини ошириш талабини қўяди. Масалан, ўтган йили Жаҳон банки Қирғизистонга 20 миллион доллар ажратаётганида, банкнинг собиқ вице-президенти Анна Биерде: “Арзон тарифлар электрни керагидан ортиқча истеъмол қилишга ундайди. Биз уни ўзгартириш тарафдоримиз”, деган эди. Натижада ҳукумат электр энергияси тарифларини ҳар йили оширишга қарор қилди. Янги режим ҳокимиятга келганидан буён электр энергияси нархи 53 фоизга ошди. Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар мустамлакачиларнинг қуроли эканлигида ҳеч шубҳа йўқ. Мустамлакачилар уларнинг ёрдамида мамлакатларни қарзга ботириб, ўзларининг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини амалга оширадилар. Улар электр тарифларининг нархини ошириш орқали ўлкамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархи кўтарилишини хоҳлашади. Натижада маҳаллий тадбиркорлар чет эл капиталистларининг арзон нархлардаги товарлари қаршисида рақобатлаша олмай қолади. Халқаро молия ташкилотлари устимиздаги капиталистик тузум зулмини мана шундай йўл орқали давом эттирмоқда.

Аслида эса, Электр энергияси омма халқнинг мулки бўлиб, унга давлат ёки хусусий компаниялар эгалик қилиши Исломда жоиз эмас. Унинг ўзи ҳам, ундан тушган даромад ҳам Умматга тегишли бўлиб, ҳар бир фуқарога тақсимланиши керак.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

اَلْمُسْلِمُونَ شُرَكَاءُ فِى ثَلاَثٍ فِى الْمَاءِ وَالْكَلَإِ وَالنَّارِ

“Мусулмонлар уч нарсада – сувда, яйловда ва оловда шерикдирлар”. Анас розияллоҳу анҳу ҳам бу ҳадисни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, “унинг пули ҳаромдир” деган сўзни илова қилган. Бинобарин, умумий мулк ёки ундан олинадиган даромад ҳар бир фуқарога етиб боришини таъминлаш давлатнинг бурчидир.

Хулоса қилиб айтганда, Ўрта Осиё халқлари, шу жумладан Қирғизистон ҳам аввало бу капиталистик тузумдан воз кечиб, мустамлакачиларни қувиб чиқармагунича ўз мулкига ўзи эгалик қила олмайди. Уларни қувиб чиқара оладиган ва халқ манфаатларини ҳимоя қиладиган тузум эса фақат Исломда мавжуд. Шундай экан, халқ ҳам, унинг раҳбарлари ҳам шу йўлда ҳаракат қилишлари шартдир!

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here