Ўзингни ибодатга бағишла

0
16

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Ўзингни ибодатга бағишла

Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

عَنْ ‏أَبِي هُرَيْرَةَ عَنْ النَّبِيِّ ‏‏صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ‏‏قَالَ إِنَّ اللَّهَ تَعَالَى يَقُولُ ‏‏يَا ابْن ‏آدَمَ ‏تَفَرَّغْ لِعِبَادَتِي أَمْلَأْ صَدْرَكَ غِنًى وَأَسُدَّ فَقْرَكَ وَإِلَّا تَفْعَلْ مَلَأْتُ يَدَيْكَ شُغْلًا وَلَمْ أَسُدَّ فَقْرَكَ‏

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Аллоҳ Таоло айтади: Эй Одам боласи, Менга ибодат қилишга ўзингни бағишла. Мен кўксингни бойликка тўлдираман, камбағаллигингни тўсаман. Акс ҳолда қўлингни бутунлай банд қилиб қўяман ва камбағаллигингни тўсмайман”.

Жоми ут-Термизийнинг шарҳи «Туҳфатул Аҳвазий» китобида шундай дейилади:

“Аллоҳ Таоло айтади: Эй Одам боласи, Менга ибодат қилишга ўзингни бағишла”, яъни, Менга итоат қилиш учун бошқа ишларингни тарк қил.

Кўксингни бойликка тўлдираман” дегани, “қалбингни бойлик билан тўлдираман”, деганидир. Бошқача айтганда, бу қалб бойлигидир.

Камбағаллигингни тўсаман”, яъни бу, “агар сен ўзингни Менга ибодат қилишга бағишласанг, Мен сенинг эҳтиёжларингни кетказаман ва сени махлуқларимга қарам бўлишдан қутқараман”, деганидир.

“Акс ҳолда қўлингни бутунлай банд қилиб қўяман ва камбағаллигингни тўсмайман” яъни, агар сен менга итоат қилиш учун ўзингни бағишламай, бошқа ишлар билан банд бўлсанг, мен сени қашшоқликдан халос қилмайман. Чунки одамлар мутлақо қашшоқдирлар. Сен эса мутлақо қашшоқ мавжудотларга муҳтож бўлиб, қашшоқлигинга қашшоқлик қўшасан холос.

Одамлар бу дунёда озиқ-овқат излаб ёки ундан каттароқ улуш излаш баҳонасида ўзини Аллоҳ таолога ибодат қилишга бағишламаслиги ажабланарлидир! Албатта, бу ерда ибодат сўзи, фақат Исломнинг беш рукнини англатмайди. Ибодат Аллоҳ Таолонинг:

(قل إن صلاتي ونسكي ومحياي ومماتي لله رب العالمين).

“Айтинг: (Эй Муҳаммад): «Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир, деган каломида гўзал ифодаланган.

Ўзини Аллоҳнинг ибодатига бағишлашдан кўра, моддий манфаатни афзал кўрганлар, бу билан Аллоҳга ва Унинг амрларига қарши бўлаётганларини билишмайдими? Аллоҳ асрасин! Бойлик ва қашшоқлик ҳамма нарсани Билувчи ва Қодир Аллоҳнинг ҳукми эмасми? Карим Аллоҳ ризққа кафил эмасми? Қандай қилиб биз, Аллоҳ Таоло буюрган ишлар билан банд бўлмасликка рози бўламиз? Аллоҳ Таоло қилишни буюрган нарсани қандай тарк этамиз?

Аллоҳ Таоло биздан Узига ибодат қилишимизни талаб қилмоқда. Ибодатнинг энг муҳими Аллоҳ Таолонинг динини барпо этиш ва уни барча динлардан устун қилишдир!

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

21 шаввол, 1446ҳ йил.

19 апрель, 2025м йил.

NO COMMENTS