Ниқобли муслималар давлат муассасаларига киритилмайди
Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар бўйича миллий агентлик 18 апрель куни Бишкек шаҳрида йиғилиш ўтказди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, дин арбоблари иштирок этган мазкур тадбирда юзини ниқоб билан тўсиб юрган шахсларга алоқадор масалалар муҳокама қилинди. Йиғилишда, бундан буён юзини ёпиб юрадиган муслималар “Эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонунга кўра ҳукумат бинолари ва муассасаларига киритилмаслиги ҳамда ушбу талабга итоат қилмаганлар жаримага тортилиши маълум қилинди.
Исломга зид бўлган ушбу “Эътиқод эркинлиги” ҳақидаги қонунни ҳаётга татбиқ этиш жадал суратда олиб борилмоқда. Бу қонун доирасида уйма-уй юриб даъват қилишни тақиқлаш, масжид ва мадрасалар сонини чеклаш, Исломий таълимга чекловлар киритиш жорий этилмоқда. Ниқоб кийишни тақиқлаш ҳаракатлари ҳам шулар қаторига қўшилди. Эндиликда ниқоб кийган муслималар давлат муассасаларига киритилмаслиги айтилмоқда.
Расмийлар ниқоб масаласига далил сифатида муфтийнинг қарорини келтирмоқда. Айни пайтда, муфтийлик ниқобни тақиқлаш “хавфсизликни сақлаш учун зарур ва бу биз учун ёт кўринишдир”, дейишмоқда. Аммо шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўша “уламолар” ниқобни “мустаҳаб амал”, яъни мақтовга сазовор иш, дейишади. Қизиғи шундаки, жамиятимизда кийим-кечак масаласида ҳаром кўринишлар жуда кўп бўлса-да, муфтиётдагиларнинг ўзлари “мустаҳаб” санаган амални таъқиқланишига, худди ҳаромни таъқиқлаётгандек, йўл очиб беришмоқда.
Далил сифатида кўрсатилган “хавфсизлик” ва “ёт кўриниш” деган нарсалар шунчаки баҳонадан бошқа нарса эмас. Бугунги кундаги хавфсизлик чоралари, айниқса, видеоназорат ва бошқа тизимлар шахсни аниқлашда ҳеч қандай тўсиққа учрамайди. Ҳатто ниқоб кийган ҳолда жиноят содир этган жиноятчилар эртаси куниёқ ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар оммавий ахборот воситаларида кўп учрайди. Шунинг учун айтиш мумкинки, ниқоб кийиш ҳеч қандай муаммо туғдирмайди.
Энди ҳукумат манфаатини кўзлаб фатво берган “уламолар”га савол туғилади. Юртимизда бошқа миллатдаги мусулмон биродарларимиз истиқомат қилишади. Уларнинг аҳволи нима бўлади? Чунки, уларнинг баъзилари учун ниқоб фарз бўлса, баъзилари учун азалдан қолган одат, ор-номус саналади. Ҳеч бўлмаганда уларнинг ҳуқуқлари инобатга олиндими?!
Бундан ташқари, ниқоб масаласи мужтаҳидлар ўртасида ихтилофли масала бўлиб, баъзилари буни вожиб деса, баъзилари жоиз, баъзилари эса мустаҳаб деган райни билдиришган. Вожиб деган мужтаҳидга эргашган мусулмонлар нима қилади? Ёки ҳукуматнинг ақлидан келиб чиққан хавфсизлик баҳонаси учун фарз амалларни тарк этишадими?
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ниқобга қўйилган чекловлар бу динга қарши қонуннинг фақат бир қисмидир. Ушбу қонунда динга яна кўплаган чекловлар киритиш кўриб чиқилган. Энг ачинарлиси шундаки, бу қонуннинг қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилишига олим номига эга кишилар “оқ фотиҳа” беришмоқда. Шундай экан, мусулмонлар бу каби чекловларга ор-номус масаласи сифатида қаттиқ қаршилик кўрсатишлари лозим!
Ҳорун Абдулҳак