Қонунга ҳурмат ҳам, уни оёқ-ости қилиш ҳам раҳбардан бошланади

27
0

بسم الله الرحمن الرحيم

 Қонунга ҳурмат ҳам, уни оёқ-ости қилиш ҳам раҳбардан бошланади

Ҳамма қонунга мурожаат қилиши, унга ҳурмат билан қараши учун президент ёки халифа каби энг биринчи раҳбар қанунга ишонса, қонунни ҳаёт-мамот масаласи деб билса шунда инсонлар – хоҳ ўз фуқаролари бўлсин, хоҳ чет элликлар бўлсин – у давлатга ҳам, ундаги қонунларга ҳам ишонади. Қонунлар ўлик бўлмайди, ҳаётда ўз ишини қиладиган тирик бўлади. Ҳар қандай инсон бу давлатга қандай муомила қилишни давлатдаги қабул қилинган қонунларга қараб белгилайди ва ҳоказо.

Агар қонунни оёқ ости қилиш раҳбарлардан бўлса, раҳбарлар иш юритишда қонунга эмас, ўзлари хоҳлагандек қилиб, ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларни тепалаб бўлса ҳам аввалдан режа қилган ишларни амалга оширишга ҳаракат қилса у давлатга ҳеч ким ишонмай қолади, чунки раҳбар кетади, бошлаган ишини давом эттириш учун иккиланиб, бир ишни бошлашга ёки сармоя ёткизишга ҳар қандай ишбилармон чўчиб қолади. Ҳатто ўз фуқаролари ҳам эга бўлган мулкига ишонч йўқолгани боис мулкини чет элга чиқариб кетиш йўлларини излай бошлайди, оқибатда ўлка бойликлари четга чиқиб кетади. Одамлар қароқчидан, ўғридан-да кўпроқ орган ҳодимларидан қўрқишади. Қонунлар эса фақат нуфузли инсонларни мақсадларини амалга оширадиган қурол бўлиб қолади.

Қонунларга ҳурмат бўлиш учун қонунлар идеологияга асосланиши керак ва раҳбарлар қонунни бузиш, айниқса жазо-чораларини заифларга ижро қилиб, обрўли инсонларнинг қилмишларига кўз юмишни ўлимдан-да оғирроқ жиноят эканини ҳис қилишлари ва қонунларни тадбиқ қилишни ўзларидан бошлашлари керак.

Исломнинг таълимотларида қонунни бузиш ўлим билан ҳам қутила олмайдиган жиноят деб, бу дунёдаги жазодан қутилиб қолса-да, Охиратда ўша қилмиши учун қаттиқ жавоб бериши ҳақида доимо эслатади ҳамда Охират жазоси ўта оғир эканлигидан огоҳлантирилади. Қонунни бузиш ҳеч қачон қабул қилинмайди, ҳатто у Умматнинг халокати эканини Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам таълим берганлар. Оиша р.а. онамиз ривоят қилади:

Ўғрилик қилган махзумиялик аёлнинг иши Қурайшга ғам бўлиб қолади. Чунки у Қурайшга қадирдон бўлган оиладан эди. Энди у ҳақида Росулуллоҳ – соллалоҳу алайҳи ва саллам – нинг суюклиси Усома ибн Зайддан бошқа ким ҳам гаплаша олади деган фикр билан унга айтишди. Сўнг Росулуллоҳ билан Усома гаплашган эди, Аллоҳнинг ҳадланидан бир ҳад ҳақида шафоатчилик қилаяпсанми?- деб ғазабланди. Сўнгра туриб, хитоб қила бошлади. Сўнг шундай деди: албатта сизлардан аввалгиларни улардан эътиборли, шарафли одам ўғирлик қилса тегишмаган, (яъни жазо қўллашмаган), агар улардан заиф одам ўғирлик қилса унга жазо қўллашган, шу ишларигина уларни ҳалок қилган. Аллоҳга қасамки, агар фаразан Фотима бинти Муҳаммад ўғирлик қилса албатта қўлини кесаман(муттафақун алайҳ).

Шундай тарбияни олган Умматга хазрати Умар р.а. минбарда туриб:

– Мен Аллох ва Унинг Расулига итоат этсам, сизнинг да менга эргашишингиз вожиб бўлади. Мабодо, мен Аллох ва Росулига итоатда бўлмасам…

Шу пайт бир йигит ўрнидан турди:

– Унда биз сизни қиличларимиз билан тўғри йўлга бошлашни ҳам биламиз. Хазрати Умар йигитнинг гапларидан хурсанд бўлиб, кўлларини юқори кўтардилар:

Аллоҳим, Сенга ҳамду сано айтаман, шукр қиламан. Сенга қарши борсам, мени қилич билан бўлса-да, тўғри йўлга бошлайдиган бандаларинг бор, дея Аллохга илтижо қилдилар…

 

Яна бир тарихий мисол:

Мадинадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайхи ва салламнинг масжидлари ҳам кичиклик қилиб колди. Чунки жамоат кундан-кунга ортиб борарди. Бу ерда ҳам муаммонинг ечими масжид атрофидаги уйларни сотиб олиб, масжидга қўшиб юбориш эди. Ўша уйлардан бири Пайғамбаримиз – соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг амакилари Аббос р.а.ники эди. У кишига белгиланганидан қўпроқ пул таклиф қилинса-да, сотишни ҳеч истамадилар.

Охири иш қозига ҳавола қилинди. Хазрати Умар одатларидан чекинмаган ҳолда ҳакам танлашни ишга қарши бўлган одамга қолдирдилар. Аббос розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб р.а.ни танладилар. Икковлон бориб, Убайга воқеани айтиб беришди. Убай ҳар икки тарафни ҳам тинглаб бўлгач, ҳукм чиқардилар:

Аббосни рози қилишингиз керак. Пайғамбаримиз – соллалоҳу алайҳи ва саллам – масжидларига бўлса ҳам, эгасининг розилигисиз ҳеч бир уйни қўшиб ололмайсиз.

Икковлари ҳам ташқарига чиқишди. Аббос Хазрати Умар р.а.га ўгирилдилар: ўша уйни мен Аллоҳ ризоси учун бахш этдим, эвазига ҳеч нарса керакмас.

Аббоснинг бу хатти-ҳаракати тушунарсиз эди. Уйни Аллоҳ ризоси учун бахш этадиган бўлса, Хазрати Умарни овора қилишдан максади нима эди? Ёки у киши бахш этмоқчи бўлди-ю Хазрати Умар унамадиларми? Ёхуд Хазрати Умар уйни арзон-гаровга сотиб олмокчимидилар? Йўқ, албатта. Аббос р.а. шахсий мулкни ҳеч ким эгасини ризоси бўлмасдан туриб олиб қўйиш Исломда йўқ эканини оммага билдириб қўйиш учун шу шов-шуни қилган эди, Аллоҳу аълам.

Ибни Ҳишом, ибни Касир ва бошқалар ривоят қилади:

Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам Бадр куни асҳобларининг сафларини тўғрилади ва қўлида бир найза бор эди, ўша билан тўғриларди. Адий ибн Нажжор қабиласининг иттифоқчиси Сувод ибн Ғазяни олдидан ўтаётиб, қорнига найза билан туртди, ҳолбуки у сафдан олдинга чиқиб турган эди: эй, Сувод сафингни тўғрила деди. Шунда Сувод: ё Росулуллоҳ! Мени оғритдингиз, дарҳақиқат Аллоҳ сизни ҳақиқат ва адолат билан пайғанбар қилганку, сиздан ўч оламан деди. Росулуллоҳ қорнини очиб бериб, ўчингни ол деди. Шунда уни қучоқлаб олиб, қорнидан ўпди. Сени бунга нима мажбурлади, эй Сувод – деб Росулуллоҳ сўрадилар. Ё Росулуллоҳ! Кўриб турганингиздек, уришда турибмиз, (шаҳид бўлишни ният қилганидан) сиз билан бўлган даврларимнинг охирида баданим баданингизга тегишини хоҳладим деди. Шунда Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам уни ҳаққига яхшиликлар сўраб дуо қилдилар.

Сувод р.а. қасос оламан деб ҳаққини талаб қилганда – ҳолбуки, Росулуллоҳ озор беришни, азоблашни мақсад қилмаган эди, лекин ўзини оқлаш ўрнига – Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам ҳеч иккиланмасдан ҳаққини беришлиги билан адолат ва қасос учун ажойиб бир намуна кўрсатдилар.

Бундай таълимот бизларга эртакка ўҳшаб қолди, чунки социалистик идеологияга асосида давлатга қуллик, сўнгра фойда учун ваҳшийларча муомила қилиш, ҳар қандай разилликларни ҳеч иккиланмасдан ҳукумрон қилиш билан инсон қадр-қиймати, ҳақ-ҳуқуқлари учун ҳеч қандай эътибор қолмади. Бу билан энг олий раҳбар-президентга ҳам оёқ қўйган бўлмоқда, чунки президент конституцияни, қонунларни кафолати, лекин буни маънавияти юксак инсонлар тушунади. Бегуноҳ инсонни ҳар ҳил қийноқлар, ток билан азоблаб, қилмаган ишини бўйнига қўйиш орқали жиноятчига чиқариш одатий ҳолга айланди. Азобларга чидай олмасдан оғир жиноятларни ҳам бўйнига олиш маъқул иш бўлиб қолди. Конституцияни, қонунларни, инсон ҳақ-ҳуқуқларни оёқ ости қилиш, керакли даражада эътибор бермаслик, балки уларга тупуриш билан қонунларга бўлган ишонч қолмади. “Қизил китоб”и борлар ҳам мени мулким “қизил чизиқ”қа тушуб қолмасмикин деган хавотирда. Компенсация тўламасдан шахсий мулкларни тортиб олиш билан умуман давлатга, қонунларга ишонч йўқолади. 10-15 йиллик меҳнат билан эришган мулкини тортиб олишни фақат шу иш бошига тушганларгагина эмас, ҳаммага ҳам зулм экани маълум, лекин бизда золим, мустабид тузумлар натижасида инсон қадр-қийматини аҳамияти қолмаган.

Бир куни Ҳимснинг волийси Умайр ибн Саъд Ҳимс минбарида туриб, шундай деган экан: «Модомики, султон қаттиқ турар экан, Ислом мустаҳкам тураверади. Султоннинг қаттиқ туриши қилич билан ўлдириш ёки қамчи билан савалаш эмас, ҳақиқат билан ҳукм чиқариш ва адолатни маҳкам ушлаш билан бўлади». Бу хабарни эшитган Умар: «Қанийди, Умайр ибн Саъдга ўхшаган одам бўлсаю, уни мусулмонларга волий қилсам», деган экан.

Умар р.а.нинг Шамдаги волийси Саъд ибн Абу Ваққас масжидларни кенгайтиришга иҳтиёж борлиги учун масжидга қўшни бўлган уйларни икки-уч баробар нарҳига сотиб олишни бошлади. Улар уйларини масжидга қўшилишгига рози бўлдилар. Лекин бир уй яҳудийга қарашли эди, уйини масжидга беришга кўнмади, қанча пул берса ҳам уйини масжидга қўшилишига рози бўлмади. Шунда Саъд р.а. ғазабланиб, икки баробардан кўпроқ пул бериб, уйни буздириб, ерини масжидга қўшиб юборди. Бу ишга яҳудий рози бўлмади, арз-додини кимга айтса ҳам ҳеч қандай фойда бўлмади. Шунда қўшниларидан бири арзини халифага бориб айтишни маслаҳат берди. Яҳудий Мадина томон йўлга чиқиб, узоқ йўл юрди, кўп қийинчиликлар билан етиб бориб, Умар р.а. билан кўришади. Қараса қўриқчилари йўқ, оддий кийимда боғбончилик ишлари билан машғул ҳолда топади. Ноумидликка тушиб, шунча йўл юриб, шу одамдан ёрдам сўраб келдимми деб ўзини койиб ҳам олади. Бўлган иш бўлди, нима бўлганда ҳам арзимни айтиб кетаман деб Саъд р.а.ни қилган ишини айтиб беради. Шунда Умар р.а. ердан бир суякни олиб(бир ривоятда бир парча терини олиб), унга бир қатор хат ёзади-да, уни яҳунийга беради. Шуни Саъдга олиб бориб бер деб, яна ишида давом этади. Ноумид бўлган яҳудий баттар тушкунликка тушади. Начора, шу аҳволда ортига қайтади. Қўшниларига бўлган вокеани айтгандан кейин улар: шунча жойга бориб келдинг, ишни охиригача етказ, мактубни Саъдга олиб бориб бер деб маслаҳат беришади. Саъдга мактубни берганда, Саъдни ранги оқариб, қўли титрай бошлайди. Озгинадан кейин сенга жойинг қайтариб берилади ва сен хоҳлагандек қилиб уйингни ҳам солиб, аввалги ҳолидан яхшироқ ҳолга келтириб берамиз деб жавоб беради. Ҳеч нарсага тушунмаган яҳудий: бу мактубда нима маъно бор, аҳир унда “мени адолатим Нушеравонни адолатидан кам эмас” деган гапдан бошқа нарса йўқ-ку – деб сўрайди.

Буни тарихи узун, биз Умар ибн Хаттоб билан форс давлатининг бир шахрига совдогарлик қилиб, икки юзта туяда юк олиб бордик. Бизни икки йигит кутиб олди, туяларимизга яхши қаради, бизни меҳмонхонага жойлаштиришди. Биз савдоларимизни қилиб, олиб борган нарсаларимизни сотдик, ўша ердан керакли таварларни олиб, туяларга жойлаштирганимиздан кейин халиги икки бола бизни қувиб юборди, улар қароқчилар экан. Тунаган уйимизга келиб, уй эгасига бўлган воқеани айтиб бердик. Шунда у киши: бизнинг амир адолатли раҳбар, арзингларни унга айтсанглар ҳамма нарсангларни олиб беради деди. Уни маслаҳати билан саройга бордик. Таржимон орқали бўлган воқеани амирга айтганимизда бизга бир косадан олтин бериб, чиқариб юборди. Биз ҳайрон бўлиб меҳмонхонага қайтдик. Бизга маслаҳат берган уй соҳиби бўлган ишни эшитиб, эртага ўзим бориб, сизларга таржимонлик қиламан деди. Эртаси куни амирга бўлган ишни айтиб берганимизда сизлар озгина дам олиб туринглар деб Амир чиқиб кетди. Бир оз вақт ўтгач Амир келиб, сизларнинг карвонингиз дарвоза олдида турибди. Юзта туяни бирингиз бу кўчадан, қолган юзта туяни иккинчингиз бошқа кўчадан ОЛИБ чиқиб кетинглар деди-да, ҳар биримизга яна икки косадан олтин берди. Амир айтгандек қилиб, икки томон билан йўлга равона бўлдик. Мен ўтаётган кўчада икки киши осиб олдирилган ҳолда одамлар ўраб олган экан. Улардан бўлган воқеани сўрасам, булардан бири Амирнинг ўғли, иккинчиси эса вазирнинг ўғли. Араб савдогарларининг карвонини талон-тарож қилишибди, шунга Амир жазо тариқасида осиб ўлдиришга ҳукм қилибди. Умар ўтган кўчада эса, бизларга таржимонлик қилган сарой ишчисини осиб қўйган экан. Одамларда сўраса араб савдогарларига Амирни олдида таржимонлик қилаётиб уни ўғлини ва вазирининг ўғлини фойдасига ҳақиқатларни яширгани учун Амир осишга буюрибди деб тушунтиришибди…

Абдуллоҳ ибн Муҳаммад

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here