بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Истанбул мэрининг ҳибсга олиниши ва бунинг маҳаллий ва халқаро курашга алоқаси
2025 йил 19 март куни турк полицияси коррупция, порахўрлик, фирибгарлик, жиноий ташкилот тузиш ва террорчи ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш каби айбловларни текшириш учун Истанбул мэри Акрам Имомўғлининг уйида тинтув ўтказди. Бир неча кун олдин эса Истанбул университети уни президентликка номзод бўлиш учун шарт ҳисобланган олий маълумотни олганлиги тўғрисидаги дипломи бекор қилинганини маълум қилди. Рейдлар кенг қамровли тергов доирасида 100га яқин гумонланувчи, жумладан сиёсатчилар, журналистлар ва тадбиркорларни ўз ичига олган.
Унинг ҳибсга олиниши у Туркиядаги 2028 йилги президентлик сайловларида номзодини қўйишини эълон қилишидан бир неча кун олдин содир бўлди. Имомўғли ўтган йилги муниципал сайловларда Эрдоганнинг Адолат ва Тараққиёт партияси номзоди бўлган рақибидан катта фарқ билан ғалаба қозонган эди. Унинг кўтарилиши Эрдоганнинг икки марта Истанбул мэри лавозимидан бош вазирлик, кейин эса президентлик лавозимларига кўтарилиши билан ўхшаш кўрилмоқда.
Имомўғли мансуб бўлган Республика Халқ партияси унинг ҳибсга олинишини давлат тўнтаришига тенг бўлиб, ҳукумат бу ҳибслардан мухолафатни қўрқитиш учун фойдаланмоқда, деб ҳисоблайди. Унинг минглаб тарафдорлари бу ҳибсларга қарши намойишга чиқди.
Кўриниб турибдики, буларнинг барчаси Имомўғлининг президентликка номзодини қўймаслиги учун уюштирилган. Ҳозирда у бўлажак президентлик сайловларида кучли рақиб сифатида кўрилмоқда. Чунки Эрдоган учинчи муддатга ўз номзодини қўйишнинг қонуний йўли устида ишламоқда. Бироқ конституция бунга йўл қўймайди. Ўз номзодини қўйиш унинг учун аниқ мақсадга айланди. Чунки унинг баъзи тарафдорлари уни бунга тарғиб қилмоқда. Унинг бош маслаҳатчиси Меҳмет Учум 2024 йил 28 ноябрда Эрдоганнинг парламент томонидан чиқариладиган қарорга кўра, истисно равишда 2028 йил 7 май куни президентликка номзодини қўйиши мумкинлигини айтди. Маълумки, Эрдоган иккинчи марта сайланган пайтда, бу ўзининг сўнгги сайлови эканлигини маълум қилган эди. Дарҳақиқат, уларнинг қонунлари тоғутлар томонидан қабул қилинган инсоний қонунлар бўлиб, ҳавои нафсларга қараб ўзгариши мумкин.Секуляр капиталистик низомга асосланган муваффақиятсиз иқтисодий сиёсат туфайли Эрдоган ва унинг партиясининг обрўси тушиб кетди. Чунки валюта қиймати доимий равишда пасаймоқда, нархлар кескин суръатда кўтарилмоқда ва инфляция юқори тезлик билан кучаймоқда. Марказий банкда фоиз ставкаси 50 фоизга кўтарилди, кейин эса банклар одамларга ундан юқори фоиз ставкасида қарз берди. Шу тариқа мусулмон ўлка аҳли оғир гуноҳларга ботирилди. Шунингдек, бир ярим йилдан бери Ғазо аҳлининг қирғин қилинишини кузатаркан, уларни ёрдамсиз ташлаб қўйди. У гўёки Фаластин масаласини қабул қилиб, унинг аҳолисига ёрдам кўрсатаётгандек бўлиб кўринсада, бироқ буларнинг барчасини ширин алдамчи сўзлар билан амалга оширди. Аслини олганда, у яҳудий вужуди билан алоқаларини мустаҳкамлаб, у билан савдо алоқаларини давом эттирди. Шу тариқа Фаластин аҳлига қарши яҳудий вужудига ёрдам берди.
Эрдоган Америка орбитасида (таъсир доирасида) айланади. Бу унга, баъзи арзимас қоралашларни ҳисобга олмаганда, яҳудий вужудига зарар етказишига йўл бермайди. У ҳокимиятда қолишида Америка уни қўллаб-қувватлаши учун Ливия, Сурия ва Озарбайжонда бўлгани каби минтақада унинг сиёсатини амалга ошириб келмоқда. Маълумки, агар Америка кредитор давлатларга Туркиядан бир йил ичида тўлай олмаётган ва доимий равишда кўпайиб, 175,6 миллиардга етган шошилинч ташқи қарзларни талаб қилишга рухсат берса, уни қулатиш жуда осон. Зеро, шошилинч суратда тўланиши керак бўлган 175,6 миллиард миқдоридаги ушбу қарз 2024 йил 30 сентябрда билдирилганидек, умумий суммаси 528,8 миллиард долларга етган ташқи қарзнинг бир қисми ҳисобланади. Шундай қилиб, унинг обрўси тушиб кетди ва партияси 2024 йил 31 мартда бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда, айниқса, Истанбул каби, ким у ердаги сайловларда ғалаба қозонса мамлакат бошқарувини қўлга киритади, деб айтиладиган катта шаҳарларда ютқазди.
Ҳокимиятда қолишида унга тарафдорлари томонидан хиёнатларининг оқланиши, шунингдек, оғир гуноҳларни қилишига, куфр конституцияси ва қонунларини татбиқ этишига сохта уламоларнинг рухсат берган сохта фатволари ёрдам берди. Унинг ҳукмронлик даври 23 йилдан ўтган бўлишига қарамай, баъзилар ҳали ҳам содда одамларни алдашга ҳамда Эрдоган Исломни босқичма-босқич татбиқ этишга ҳаракат қилмоқда, дея уларни чалғитишга уринишмоқда. У секуляризм ва демократия каби куфр фикрларини тасдиқлаб, ичкарида ҳам, ташқарида ҳам унга тарғиб қилмоқда.
Акрам Имомўғли ҳам ўзини ҳамда динга душманлиги билан танилган партияси – Республика Халқ партиясини қўллаб-қувватловчи халқ базасини кенгайтириш учун Эрдоган сингари диндан фойдалана бошлади. Республика Халқ партияси Халифаликни қулатиб, шариатни бекор қилган, барча ҳаром ишларга рухсат берган, динга ва дин аҳлига уруш очган Мустафо Камолнинг партиясидир. Шунингдек, бу партия англияпараст партиядир. Чунки Мустафо Камол мамлакат президентлигига етишида уни қўллаб-қувватлаган Британияга боғланган. У ушбу барча жиноятларни ва ҳаром ишларни қила олиши учун уни қаҳрамонга айлантирди. Шунинг учун бу партия Британияга содиқ бўлиб қолди. Чунки сохта қаҳрамон ва рамзий ғолиб ўзини буюк деб ҳисоблайди ва халқимга нисбатан хоҳлаганимни қилишга ҳақлиман деб билади. Натижада, барча Ислом ўлкаларида бўлгани каби, гарчи ўз халқининг динга амал қилиш ва уни татбиқ этиш талабларига зид бўлса ҳам, ўзи хоҳлаган конституцияни ўрнатади. У ўзини халқ халоскори деб билади. Ўзи қаердадир яшириниб, унга ёрдам берган ва уни сохта қаҳрамонга айлантирган ташқи кучларга боғланиб юрганида, одамлар томонидан берилган қурбонликларни унутади.
Демак, бу воқеанинг Америка ва Европа, айниқса Британия ўртасидаги курашга алоқаси борлиги кўринмоқда. Европа матбуоти Эрдоганга қарши ва Имомўғлини қўллаб-қувватловчи позицияни эгаллади. Ушбу халқаро кураш мустамлакачи томонларга тобеъ бўлган партиялар ҳамда уларнинг мансаб ва шахсий манфаатлар ортидан қувган етакчилари ўртасидаги маҳаллий кураш кўринишида намоён бўлди. Бундан ташқари, АҚШ бошчилигидаги НАТО аъзоси бўлган Туркияда Американинг улкан ҳарбий ҳозирлиги мавжуд. Британия ва Европа давлатлари ҳам НАТОнинг ўзаро келиша олмайдиган аъзоларидир. Мустафо Камол томонидан қўллаб-қувватланган Саъдобод пакти каби Британия иттифоқлари барбод бўлиб, унинг ўрнига Бағдод пакти тузилган. Кейин бу иттифоқ қулади ва унинг ўрнига маркази Анқарада бўлган СЕНТО иттифоқи ташкил топди, лекин кейинчалик у ҳам барбод бўлди. Бунга сабаб Америка томонидан Британиянинг Туркия ва бошқа жойларда таъсирини синдириб, унинг ўрнини эгаллаш ва ўз таъсирини ўрнатиш учун унга йўлланган зарбалардир. Бироқ, Америка Британиянинг Туркиядаги таъсиридан қўрқади. Чунки Британия Халқ партияси ва ундан бошқа кичик партиялар орқали ҳамон сезиларли таъсирга эга бўлиб қолмоқда. У маҳаллий сайловларда бўлгани каби, бўлажак сайловларда ҳам Эрдоган ва унинг партиясига қарши иттифоқ тузиб, турли кучларни, айниқса курд партияларни ўзига жалб қилиши мумкин.
Шунинг учун Эрдоган ва унинг иттифоқчиси Миллий Ҳаракат Партияси раҳбари Давлат Баҳчели Ўжалонни қамоқдан озод қилиб, ундан Британия малайлари ҳукмронлик қилган Курдистон Ишчилар партиясини тарқатиб юборишни талаб қилиш ташаббуси билан чиқди. Курдистон Ишчилар партияси Ўжалон асос солган ва 1999 йилда ҳибсга олингунига қадар бошқарган партиядир. У ўз партиясидан қуролларни ташлаб, Туркиядаги сиёсий жараёнга киришни талаб қилган. Эрдоган бу иш билан ўз обрўсини кучайтирмоқчи бўлди.
Туркия ва бошқа мамлакатлардаги мусулмонлар мустамлакачининг фикрларини рад этиб, унга малай бўлган режимларни қулатсаларгина унинг чангалидан озод бўладилар. Шунинг учун мусулмонлар мустамлакачининг конституцияси ва қонунларидан воз кечиб, у билан алоқани узишлари, шунингдек, Аллоҳнинг мустаҳкам арқонини маҳкам ушлаб, партиялари ва давлатларини шу асосда барпо этишлари лозим.
Роя газетасининг 2025 йил 26 март, чоршанба кунги 540-сонидан