Рамазон ойининг охирги кечалари ибодат қилувчиларни кутмоқда!

40
0

Рамазон ойининг охирги кечалари ибодат қилувчиларни кутмоқда!

Рамазон ойи аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири жаҳанамдан қутулиш ойидир. Бу ойда Жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари эса ёпилади, шайтонлар занжирбанд қилинади. Рамазон тақводорлар ва ихлос эгаларининг ойидир. Бу ойни тўғри ўтказганларга катта ажрлар ваъда қилинган. Рамазон чексиз ҳикмат ва раҳмат келтирувчи ойдир. Бу ойда Қуръоннинг нозил бўлиши, рўзанинг фарз қилиниши ва минг ойдан афзал бўлган Қадр кечасининг бўлиши мусулмонларнинг гуноҳлардан фориғ бўлиши учун етарли имкониятдир. Бу Аллоҳнинг раҳм-шафқати ва авфу-мағфиратини англатувчи хушхабардир.

Бу муборак ойда мусулмонларнинг ҳаётида кўп нарсалар ўзгаради. Чунки, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу ойда рўза тутилиб, намозлар ўқилади, Қуръон тиловат қилинади. Бу эса нафсни тарбиялайди ва мусулмонларни Аллоҳ Таолонинг розилиги ва мағфирати сари етаклайди.

Бу ой Аллоҳга яқинлашиш, улуғ амалларни бажариш ва гуноҳлардан покланиш учун ажойиб имкониятдир. Бу ойда барча соҳаларда эзгулик эшиклари очилиб, ёмонлик камаяди, мусулмонлар уйғонади, тақво ва тоат кучаяди, шариат қонунларига амал қилишга иштиёқ ортади ва мусулмонлар фаоллашади.

Буларнинг барчасини англаган ҳолда, ушбу муқаддас Рамазон ойидан унумли фойдаланишимиз керак. Бу ойда мусулмонлар гуноҳларига тавба қилиб, ўтган ҳаётларини таҳлил қиладилар, хато ва камчиликларини англаб етиш билан бирга ўз нафсини ва турмуш тарзини яхшилаш учун яхши ният қиладилар. Шунингдек фикрлар ҳам чархланади ва мусулмон учун аниқ мақсад ва режалардан иборат устун ҳолатларни англаш пайдо бўлади. Рамазон ойи тоғ чўққисига чиқишга ўхшайди, у маънавий юксакликни ва кундалик ташвишлардан йироқ ҳолда, атроф муҳитга нисбатан нуқтаи назарни кенгайтиради. Одатда, чўққига чиққан киши ўзини енгил ҳис қилади ва уни пастга ташланадиган енгил қадамлар кутади. Олдинга интилиш янги вазифаларни бажаришни ва янги мақсадларга эришишни талаб қилади. Бунинг учун мусулмонлар ушбу муборак ойда тайёргарлик кўришлари, режа тузишлари ва ўз олдига мақсадлар қўйишлари лозим. Чунки мақсадсиз кемага ҳеч қандай шамол ёрдам бермайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларининг бу ойдаги ҳаётлари Аллоҳ Таолонинг йўлига хизмат қилиш ва бу ойдан унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилиш билан ўтди. Улар намунали ҳаёт кечиришларига қарамай, Рамазон ойида ҳам ибодат ва ихлосда собит турардилар.

Одам фарзандининг ҳар бир амалига бериладиган ажр ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтириб берилади. Аллоҳ Таоло айтганки: Рўза бундан мустасно. Бас, у менинг учундир. Уни ўзим мукофотлайман. Рўзадор шаҳватини ҳам, таомини ҳам Мени деб тарк қилади”.

Яна шундай деган: “Рўзадорнинг икки қувончи бор. Бир қувончи оғиз очган пайтида. Яна бир қувончи эса Роббисига йўлиққан пайтдадир. Қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан кўра хушбўйроқдир!”

Бу ойда, айниқса охирги 10 кунида ва кечаларида Парвардигоримизга юзланиб, тавба қилишимиз, ўзимиз ва барча мусулмонлар учун кўп-кўп дуолар қилишимиз, Аллоҳ Таолонинг исмини зикр қилишимиз керак. Қолган 10 куну ва кечасида имкон қадар бизни Аллоҳ Таолога яқинлаштирувчи амалларни кўпайтиришимиз лозим.

Аллоҳ Таоло деди:

وَقَالَ رَبُّكُمْ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ

“Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар”. (40:60).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

والله إني لأستغفر الله وأتوب إليه في اليوم أكثر من سبعين مرة

“Аллоҳга қасамки, мен ҳар куни етмиш мартадан ортиқ Аллоҳдан мағфират сўраб, У Зотга тавба қиламан”.

Нафсни тарбиялаб, шахсни шакллантирадиган намоз Аллоҳга яқинлашиш йўлларидан биридир. Бу ойда фарз ва нафл ибодатлар орқали нафсиямизни мустаҳтаҳкамлашимиз керак. Бу бизнинг даражамизни юксалтиради, кўзимизнинг нури ва ҳаётимизнинг манбаи бўлади. Намоз – бу ҳатто жанг майдонида ҳам тарк этиш жоиз бўлмаган масъулиятдир. Намозни адо қилиш учун ҳаётнинг барча ишларини тўхтатамиз. У бизни ҳар қандай ёмонлик ва фасоддан тийиб, Аллоҳ билан алоқамизни мустаҳкамлайди. Намоз ўқир эканмиз, кунлик расмиятчилик ёки оддий ҳаракат сифатида эмас, балки ҳақиқий Аллоҳга боғланиб, хушуъ ва хузуъ билан ўқишимиз керак. Биз намознинг моҳияти ҳақида маърузалар тинглашимиз ва шу мавзу бўйича китоблар ўқишимиз керак. Нафақат фарз намозларни, балки нафл намозларни ҳам имкони борича кўпроқ ўқишимиз керак. Рамазон ойида, айниқса охирги кечаларда саҳарликка уйғонганимизда таҳажжуд намозларини канда қилмаслигимиз керак. Таровиҳ намозини масжидда ёки уйда ўқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари каби кечалардан унумли фойдаланишимиз керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Сизларга кечалари туриш (намоз ўқиш) буюрилди. “Албатта, бу сизлардан олдин ўтган тақводорларнинг урф-одати бўлиб, сизларни Аллоҳга яқинлаштиради, гуноҳлардан сақлайди, нуқсонларни кетказади, танани касалликлардан аритади”. (Имом Тирмизий).

Ас-Соиб ибн Язид айтади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу даврида одамлар Рамазон ойида таровиҳ намозини йигирма ракат ўқир эдилар”. Яна айтади: “Улар юздан ортиқ оятдан иборат сураларни тиловат қилиб намоз ўқир эдилар. Усмон розияллоҳу анҳу даврида намознинг узоқлиги сабабли таёққа суяниб турар эдилар”. (Байҳақий).

Бу ойда, хусусан, охирги кечаларда –мусулмонлар орасида унутилган суннат – эътикофга ўтиришдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили Рамазон ойининг охирги 10 кунида аёлларидан узлат қилиб, эътикофга ўтирардилар. Ибодатларини кучайтириб, мунтазам равишда Қуръон тиловат қилардилар. Жаброил (алайҳиссалом) келар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўша пайтда нозил бўлган оятларни такрорлар эдилар. Эътикоф Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаккада суннатларидандир. Афсуски, Рамазон ойида эътикофга ўтириш ҳам унутилган суннатга айланди. Биз ҳар доим дунё билан банд бўлганимиз учун ўз ҳаётимиз ҳақида теран фикр юритиш, ташқи омиллардан узилиб, ўзимизни муҳосаба қилиш, янги қарорлар қабул қилиш, режалар тузиш, янги мақсадлар билан ҳаётни қайта бошлаш борасида катта камчиликка тушиб қолганмиз. Шундай экан, Рамазон ойида, айниқса, унинг охирги кунларида эътиқоф ўтириладиган катта масжидларда эътиқофга киришга ҳаракат қилишимиз ва мусулмонлар билан мулоқот қилиш имконига эга бўлиб, нафсиямизни мустаҳкамлашимиз керак. Биз тақво ва ихлос билан хатога йўл қўйишдан сақланиб, ўзимизни муҳосаба қилиб туришга ҳаракат қилишимиз керак.

Тарихимиздаги энг оғир даврлардан бирини бошдан кечирар эканмиз, Рамазон ойини фурсат билиб, Умматни бирлаштирувчи буюк кучга айланиш учун жиддий ва аниқ қадамлар ташлашимиз керак. Биз ўзимизда Исломий нафсияни шакллантириш, мусулмонларда эса Умматни бирлаштирувчи онгни шакллантириш орқали даъват ишида муваффақият чўққиларини забт эта оламиз.

Бунга фақат Рамазон ойининг кун ва тунларини ихлос билан ўтказиш ва Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатини барпо этиш билан Исломий ҳаётни қайта бошлаш йўлида астойдил ҳаракат қилиш орқали эришилади.

Хулоса қилиб айтганда, синов давом этмоқда ва Рамазон ойи инсонларни собит қадам қилиш ва бу курашни кучайтириш учун ажойиб фурсатдир. Бу ойнинг қадрига етмаганлар улуғ неъматлардан маҳрум бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин)! бурни ерга ишқалсин! бурни ерга ишқалсин!” деб уч марта такрорладилар Бу қаттиқ огоҳлантиришдан сўнг атрофдагилар: “Ким ҳақида гапиряпсиз, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мен зикр қилинганимда менга салавот айтмаган кимсанинг бурни ерга ишқалсин (хор бўлсин). Унга рамазон келиб кетса-ю мағфират қилинмай қолган кимсанинг бурни ерга ишқалсин. Кекса ёшдаги ота-онаси бўлса-ю, уларни рози қилолмай, жаннатни қўлдан бой берган кимсанинг бурни ерга ишқалсин”. (Термизий ривояти).

)Каъб ибн Ужрат розияллоҳу анҳу айтади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга “минбарга яқинроқ келинглар!” – дедилар. Биз минбарга яқинлашдик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини минбарнинг биринчи поғонасига қўйганларида: “Омин”, дедилар. Иккинчи поғонасига қўйганларида ҳам “Омин” дедилар. Учинчи поғонасига қўйганларида яна “Омин”, дедилар. Хутба ўқиб, минбардан тушганларида: “Ё Расулуллоҳ, бугун сиздан илгари эшитмаган гапларни эшитдик”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Шу пайтда (биринчи поғонага кўтарилганимда) Жаброил алайҳиссалом келиб: “Рамазон ойига етиб, гуноҳлари кечирилмаган киши (Аллоҳнинг раҳматидан) узоқ бўлсин!” деди. Мен “Омин”, дедим. Иккинчи поғонага кўтарилганимда: “Сенинг исминг зикр қилинганда сенга саловот айтмаган киши (Аллоҳнинг раҳматидан) узоқ бўлсин!” деди. Мен “Омин”, дедим. Учинчи поғонага кўтарилганимда: “Ота-онасининг бири ёки иккаласи кексалик ёшига етганида уларнинг хизматини қилмай, жаннатга кирмаган киши (Аллоҳнинг раҳматидан) узоқ бўлсин!” деди. Мен “Омин”, дедим. (Байҳақий)

Туркистон

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here