CASA-1000 лойиҳасидан ким манфаатдор?
31 мартдан бошлаб CASA-1000 лойиҳаси доирасида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги Датка-Сўғд линиясига электр энергияси етказиб берилади. Бу ҳақда Энергетика вазири Таалайбек Ибраев Жаҳон банки вакиллари билан учрашуви чоғида айтиб ўтди.
Сўнги олинган хабарларга кўра, Қирғизистон ҳудудида CASA-1000 бўйича қурилиш ишлари тўлиқ якунланган. “Датка-Сўғд” линиясининг кучланиши 500 кВтдан иборат. Қирғизистон ва Тожикистондан ушбу лойиҳа орқали Афғонистон ва Покистонга электр энергиясини экспорт қилиш кўзда тутилади. Унинг дастлабки босқичи бир қанча халқаро донорлар томонидан молиялаштирилган. Қирғизистон Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмасидан 38,25 миллион доллар, Европа инвестиция банкидан 70 миллион евро ва Ислом тараққиёт банкидан 50 миллион доллар кредит олди. Лойиҳанинг умумий қиймати 1,17 миллиард долларга баҳоланмоқда. CASA-1000 орқали Қирғизистон ва Тожикистондан ҳар йили 4,6 миллиард кВт/соат электр энергияси экспорт қилиниши тахмин қилинмоқда.
Марказий Осиёнинг Қирғизистон ва Тожикистон республикалари дунёдаги энг катта сув заҳираларига эга давлатлар қаторига киради. Тоғлардаги музликларнинг эриган сувлари билан дарёлар ҳар йили тўлиб тошади. Қирғизистон ҳудудининг 75%дан кўпроғи баландлиги 7439 метрга етадиган тоғлардан, Тожикистон ҳудудининг 93%и баландлиги 7495 метрга етадиган баланд тоғлардан иборат. Мазкур табиий хусусиятлар ушбу республикаларга деярли ҳеч қандай куч сарфламасдан электр энергиясини ишлаб чиқариш имконини беради. Марказий Осиёда ГEСлар қурилиб, кенг миқёсда электр энергияси ишлаб чиқариш ривожланиб бораётганига қарамай, аҳоли ёз ва қишда электр энергияси танқислигидан азият чекиб келади. Бундан ташқари, электр энергиясининг нархи доимий равишда ошиб бормоқда. Бир қарашда бу иш 31 миллион афғон халқи ва 190 миллион покистон халқининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилгандек туюлади. Аслида эса, бу лойиҳа минтақада ҳарбий босқинчилик олиб бораётган мустамлакачи Америка ва Британиянинг лойиҳасидир. Ушбу лойиҳа Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки, USAID ва Британия халқаро ҳамкорлик вазирлиги каби Ғарбнинг бир қанча донор ташкилотлари томонидан молиялаштирилмоқда. Халқаро молия ташкилотлари лойиҳани қўллаб-қувватлаш орқали минтақани Россиянинг таъсиридан чиқаришни мақсад қилган. Чунки Марказий Осиёнинг табиий бойликлари минтақада нуфуз талашишлари учун очкўз йирик давлатлар ўртасида рақобатни кучайтирмоқда. Агар Афғонистонда барқарорликка эришилса ва Толибон АҚШ бошчилигидаги халқаро сиёсатга қўшилса, Афғонистон Марказий Осиёнинг нефти ва минерал ресурслари олиб ўтиладиган йўлакка айланади. Яъни, Марказий Осиёнинг минглаб тонна олтин ва бошқа қимматбаҳо металлари ҳамда улкан газ ва нефт захиралари Афғонистон орқали ташиб кетилади. CASA-1000 лойиҳаси амалга ошса, Қирғизистон ва Тожикистондан экспорт қилинадиган электр энергияси Афғонистон ва Покистондаги табиий ресурсларни қазиб олиш ва ташиб кетиш учун қўлланилади.
CASA-1000 лойиҳасининг асосий мақсади Афғонистон орқали Покистонга узатиладиган энергиянинг катта қисми ўша минтақанинг табиий ресурсларини қайта ишлаб чиқарадиган ва Ғарб мустамлакачиларига хизмат қиладиган завод фабрикаларни ишга туширишга қаратилган. Тайёр маҳсулотлар кемалар орқали ташиб кетилади. Бундан тушган улкан даромадлар хорижий босқинчиларнинг чўнтагига тушади.
Хулоса қилиб айтганда, мустамлакачи Ғарб давлатлари Марказий Осиё давлатларининг табиий бойликларига доир лойиҳалар ишлаб чиқиш орқали улардан унумли фойдаланмоқда. Мустамлакачилар минтақа учун қандай лойиҳа ишлаб чиқмасин, унинг фойдаси Марказий Осиё ёки Жанубий Осиё халқларига тегмаган ва тегмайди ҳам. Марказий Осиё ва Жанубий Осиё аҳолиси аввалгидек энергияга муҳтож бўлиб қолаверади.
Мумтоз Мавароуннаҳрий