بسم الله الرحمن الرحيم
ФИКР ЭНГ ҚИММАТБАҲО БОЙЛИК
(3)
Жамиятдаги асосий касалликлар
Жамиятдаги касаллик кўринишларига бир неча мисол келтириш мумкин, масалан: қўрқоқлик, бу жамиятни бузадиган энг ёмон касаллик бўлиб, бу касалликни диктатор раҳбар ва “террорист” ҳукумат, яъни халқни қўрқитув билан бошқараётган ҳукумат қасддан тарқатади. Кейин бу касаллик омма ичида ривожланади, катталар, ота-оналарнинг ўзлари келажак авлодни қўрқоқлик касаллиги билан заҳарлайди. Ҳақда собит тур, доимо тўғри сўзли, рост гапирувчи бўл деган тарбияни ўрнига, ноҳақликларга кўз юм, Ўзимча тўғриман деб ҳар қандай гапни гапирма, қамалиб кетасан, диний китобларни ўқима, диний дарслар қилма, “диний тема”ларни тарқатма, “лайк” босма, жим юр, индамаган ютади каби захарлар билан ёшларни манкурт қилишга, келажагимизни бузишга, бузуқ жамиятни умрини узайтиришга билиб-билмай ўз хиссаларини қўшишади. Бундай тарбияни олган ёшлар нима билан шуғулланади?! Бундай авлоддан нимани кутиш мумкин?!
Бизда демократия, “сўз эркинлиги бор” деган қуруқ гапга ҳеч ким ишонмайди, ҳатто ҳақ гапни кўтаришни аҳмоқлик деб, бир-бирларини оғзини ёпишга ундайди: ўзингни танк остига ташлаяпсан, сени гапинг билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди, сенга раҳмим келгандан гапиряпман, қамалиб қолмагин деяпман – деб ўзини жонкуяр қилиб кўрсатади. Жамиятда ҳақ гапни гапирган, ҳукуматни хатоларини танқид қилган инсонни “дуҳи вагон экан” деб мақташ билан бирга, ўзларини ҳақни гапира олмаслигини: “буни кучли ҳимоячиси бор”, “ҳамма ҳам ҳақни гапиролмайди”, “кўпчиликка келган тўй”- деган баҳоналар билан оқлашга уринадилар. “Бизда сўз эркинлиги” деб жар солинаётган жамиятда ҳақни гапирган қаҳрамон бўлса бу жамиятдаги “сўз эркинлиги” ёлғон бўлиб, жамиятда диктатура ҳукумронлиги, “террорист” ҳукумат бошқараётганини далили бўлади.
Бундай жамиятда қўрқоқлик касаллиги ҳаммани заҳарлайди, масалан, сиз фарзандингизга: бошинга қилич келса ҳам, яъни ўлим билан тахдид қилинсанг ҳам ҳақни гапир, ҳақда собит қадам бўл – деб тарбия бера оласизми?! Йўқ, албатта. Чунки қўрқоқлик касаллиги ҳаммани заҳарлайди, шу жумладан сизни ҳам, сиз ўз фарзандингизга, ёшларга нотўғри тарбия беришингизни, уларни қўрқоқ қилиб заҳарлашингизнинг сабаби сизда “террорист” ҳукумат тарқатган қўрқоқлик касаллиги бор. Ундан сақланиш йўли аввало ўзингиз бу касалга қарши курашинг, яъни аёллар учун ярим-яланғоч бўлиб юриш қанчалар шармандалик бўлса, эркак киши учун қўрқоқлик унданда хуникроқ шармандалик. Шунинг учун бу шармандаликдан қутилиш учун ҳақни гапиришни бошланг, ҳақиқатни кўтараётганларни қўллаб-қувватланг, лоақал диний китобларни ўқиш, роликларни кўриш, маърузаларни тинглаш, ўзига ёққан роликка “лайк” босишнинг нимаси жиноят деган фикрни кўтариб, қўрқоқликка қарши иммунитетни хосил қилинг, ёшларни, фарзандларингизни иймонли, тақводор, дўст-душманни ажрата оладиган онгли қилиб тарбиялашган шошилинг.
Тўғри, Росулуллоҳ – соллалоҳу алайҳи ва саллам – шундай жамиятдаги золим раҳбарга қарши ҳақни гапиришни қаҳрамонлик деди:
سيِّدُ الشُّهداءِ حمزةُ بنُ عبدِ المطَّلبِ ، ورجلٌ قام إلى إمامٍ جائرٍ فأمره ونهاه فقتله
Шаҳидлар саййиди Ҳамза ибн Абдулмуттолиб ва бир киши жабр-зулм қилувчи раҳбар қаршисида туриб, ҳаққа буюриб, ноҳақликдан қайтарса, натижада уни ўлдирса ўша инсон ҳам шаҳидлар саййидидир. Ҳоким ривояти.
Жиноятчиларни жазолаб, уларни қамашдан жиноятчилар қўрқади, халқ қўрқувга тушмайди, аксинча, халқ бу ишга рози бўлади, қўллаб-қувватлайди. Аммо раҳборни танқид қилган, ҳукуматнинг хато-камчиликни муҳосаба қилганларни қамаш, қийноқларга солиш, ҳатто ўлдириш билан халққа қўрқув солиш эса жамиятни пароканда қилади. Натижада раҳбарни ҳам, ҳукуматни ҳам танқид қилувчилар қолмайди. Уларни муҳосаба қилувчилар, танқид қилувчилар қолмагандан кейин улар жамиятни ўзлари хоҳлаган холатда шакиллантиради, зулм кучаяди. Хуқуқ-тартибот органлари халқни ҳимоя қилишга, манфаатларини амалга оширишга, қонунларни ижросини назорат қилишга эмас, балки раҳбарни, ҳамда ҳукуматни ҳар қандай разил ишларни қилишларига имкониятлар қилиб берувчи, уларни, оила-аъзоларини халқдан ҳимоя қилувчи золимларга айланадилар. Депутатлар, имом-домлалар золим ҳукуматни оқловчи лаганбардорликда ким ўзар ўйнашади. Ҳақни гапирган баъзилари эса, ёлғизланиб қолади, ҳимоячиси бўлмаганидан улар ҳам жим юришни афзалроқ деган муносабатга ўтадилар.
Зулмга қарши ҳақни айтишни ёки ҳукуматни танқид қилишни иложи бўлмаганидан ҳукуматга, орган ҳодимларига қарши куч қўллайдиган жамоатлар, жиҳодий гуруҳлар юзага келади. Натижада хуқуқ-тартибот органлари ҳодимлари уларни қамаш билан қаҳромон бўлиб, шу йўлда ўлиб кетишса “шаҳид” бўлди деган сўзлар билан оиласини тинчлантирилади. Жиҳодчилар хуқуқ-тартибот муассасаларида ишлаётган мўмин биродарини ўлдириш билан савобга эришган ёки шу йўлда ўлиб кетиш билан ўзларини шаҳидлар деб ҳисоблашади, иккала тарафнинг ҳам фарзандлари қаровсиз, етим қолади, ҳолбуки Росулуллоҳ – соллалоҳу алайҳи ва саллам – мусулмонни мусулмонга қарши қилич кўтаришда иккиси ҳам дўзаҳи бўлиши билан огоҳлантирган:
إذا الْتقى المسلمان بسيفَيهما ، فقتل أحدُهما صاحبَه ، فالقاتلُ و المقتولُ في النَّارِ قيل : يا رسولَ اللهِ هذا القاتلُ فما بالُ المقتولِ ؟ قال : إنه كان حريصًا على قتلِ صاحبِه
Агар икки мусулмон бир бирларига қиличлари билан тўқнаш келиб, бир бошқасини ўлдирса, қотил ҳам, ўлган ҳам дўзаҳда бўлади. Шунда: ё Росулуллоҳ, қотил дўзаҳи бўлиши тушунарли, лекин ўлган нима учун дўзаҳи бўлади – деб сўрашди. Чунки у ҳам шеригини ўлдиришга харис эди – дедилар. Бухорий ривояти. Аллоҳ Таоло айтади:
وَمَن یَقۡتُلۡ مُؤۡمِنࣰا مُّتَعَمِّدࣰا فَجَزَاۤؤُهُۥ جَهَنَّمُ خَـٰلِدࣰا فِیهَا وَغَضِبَ ٱللَّهُ عَلَیۡهِ وَلَعَنَهُۥ وَأَعَدَّ لَهُۥ عَذَابًا عَظِیمࣰا () یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوۤا۟ إِذَا ضَرَبۡتُمۡ فِی سَبِیلِ ٱللَّهِ فَتَبَیَّنُوا۟ وَلَا تَقُولُوا۟ لِمَنۡ أَلۡقَىٰۤ إِلَیۡكُمُ ٱلسَّلَـٰمَ لَسۡتَ مُؤۡمِنࣰا تَبۡتَغُونَ عَرَضَ ٱلۡحَیَوٰةِ ٱلدُّنۡیَا فَعِندَ ٱللَّهِ مَغَانِمُ كَثِیرَةࣱۚ كَذَ ٰلِكَ كُنتُم مِّن قَبۡلُ فَمَنَّ ٱللَّهُ عَلَیۡكُمۡ فَتَبَیَّنُوۤا۟ۚ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ بِمَا تَعۡمَلُونَ خَبِیرࣰا
Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар. Бу дунё ҳаётининг ўткинчи ўлжасини истайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса кўплаб ўлжалар бор. Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди. Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. [4:93-94].
Яна бир касаллик мусулмонлар сиёсат билан шуғулланмаслик керак деб, исломий сиёсий ҳизбларни ёмон кўриш, сиёсат билан шуғулланувчиларни камситиш касаллиги. Бу касаллик ҳукумрон экан биз ҳеч қачон фаровонликка эриша олмаймиз, тараққиёт йўлларимиз очилмайди, чунки кофир державалар бизни қарам ҳолда ушлаб туриш учун келишиб олишган, ўзларини чангалидан чиқмаслигимиз учун БМТ бош бўлиб, ҳар бир бир соҳада “қонунга қарши бўлиб қолади” деган баҳона билан назорат қилишиб туришади. Ёшларимиз маънавий, руҳий томондан тарбияланишлари учун мактабларда Исломни таълим олишига, ҳатто мактабдан ташқаридан ҳам динимизи, тарихимизни ўрганишни жиноят ҳисоблаб, жиноятдек сиёсат юргизишади. Оғир саноатни, ҳарбий саноатни бизларга ман қилади. Ҳомашё базаси бўлиб қолишимиз учун куну-тун кузатиб туришади. Куфрни мақсадларини амалга ошириб берувчи душманга малай, ўз халқига эса хоин ҳукуматларни тушуниш учун сиёсатга аҳамият бериш керак. Динда сиёсат йўқ деган гап ҳам куфрни захарларидан бири, олимларимиз, имом-домлалар бундай хиёнатларга сукут қилишлари қўрқоқлик касаллиги бўлиб, “биз мажбурмиз” деган ёлғонлари. Исломда мажбурлик эътиборга олиниши учун ўлим ховфи ёки номусига тажовус каби шаръий узр бўлиш керак. Унда ҳам Умматга, Динга хиёнат қилишлари жоиз бўлмайди, фақат ҳақни Умматга еткиза олишмаганига узр бўлади, халос. Лекин мансабидан ажраб қолишидан қўрқиб, хиёнат қилишлари шармандалик, икки дунё хорлигини зиммаларига олган бўлади. Чунки тўғри сиёсат асли пайғамбарларни иши бўлиб, бу олимларга мерос бўлиб қолган, Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам дан Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилади:
كَانَتْ بَنُو إِسْرَائِيلَ تَسُوسُهُمُ الأَنْبِيَاءُ، كُلَّمَا هَلَكَ نَبِيٌّ خَلَفَهُ نَبِيٌّ، وَإِنَّهُ لاَ نَبِيَّ بَعْدِي، وَسَيَكُونُ خُلَفَاءُ فَيَكْثُرُونَ» قَالُوا: فَمَا تَأْمُرُنَا؟ قَالَ: «فُوا بِبَيْعَةِ الأَوَّلِ فَالأَوَّلِ، أَعْطُوهُمْ حَقَّهُمْ، فَإِنَّ اللَّهَ سَائِلُهُمْ عَمَّا اسْتَرْعَاهُمْ
Бану Исроилга пайғамбарлар сиёсат қиларди. Бир пайғанбар вафот қилса ортидан бошқаси келарди. Албатта мендан кейин пайғанбар йўқ, яқинда халифалар бўлади, кейин улар кўп бўладилар. Шунда: нимага буюрасиз – деб сўрашди. Аввалгисининг байъатига вафо қилинглар, аввалгисига, уларга ҳақларини беринглар, чунки Аллоҳ қандай бошқарганликлари ҳақида улардан сўровсидир – деди. Муттафақун алайҳ.
Имом-домлалар хоин, ёлғончи, ҳийлакор раҳбарларнинг сиёсатларини асос қилиб, “мусулмон ёлғончи, ҳийлакор бўлмайди, сиёсат ёлғон, ҳийла-найрангдир, шунинг учун сиёсат билан шуғулланмаслик керак”- деб жамиятни ўзгартиришга ҳаракат қилаётганларни ёмонлашяпти, чунки президентлар, минстрлар лавозимларидан кетгандан кейин улар қанчалар ҳийла-найранглар билан халқни алдаб, умматнинг мол-мулкларни талон-тарож қилганлари ошкор бўляпти. Масалан: И.Картмовнинг қизи эл бойлигини ўзлаштиргани ёки Қирғистондаги президентларнинг, минстрларнинг хиёнатлари, очкўзликлари лавозимларидан кетганларидан кейин ошкор бўлди. Ҳеч бири “мен халқни алдайман, хиёнат қиламан, эл бойликларини ўзим, оила-аъзоларим билан бўлиштириб оламан демаган. Ҳаммаси ҳам Халқинг келажаги, юртимизнинг фаровонлиги учун бор кучимни сарфлайман, коррупцияни йўқотаман деган баланд парвоз ваъдалар билан иш бошлашади. Лавозимларидан кетишгандан кейин ҳаммаси ёлғон экани ошкора бўляпти. Шунга сиёсат билан шуғулланаётганлар: президент бўлсин, минстрлар, депутатлар бўлсин ҳаммаси ёлғончи, ҳийлакорлар деган фикр виждонли, ҳалол-пок инсонларни сиёсат билан шуғулланишга монеъ бўляпти. Аслида ҳалол-пок, тақводор, адолатли инсонларни сиёсатдан юз ўгирганидан кейин улар Уммат устига келиб олишди. Анас ибн Молик р.а. Росулуллоҳ – соллалоҳу алайҳи ва саллам – дан ривоят қилади:
سيأتِي على الناسِ سنواتٌ خدّاعاتٌ؛ يُصدَّقُ فيها الكاذِبُ، ويُكذَّبُ فيها الصادِقُ، ويُؤتَمَنُ فيها الخائِنُ، ويخَوَّنُ فيها الأمينُ، وينطِقُ فيها الرُّويْبِضَةُ . قِيلَ : وما الرُّويْبِضةُ ؟ قال : الرجُلُ التّافِهُ يتَكلَّمُ في أمرِ العامةِ
Яқинда одамларига алдамчи йиллар келади; унда ёлғончи ростгўйга, ростгўй эса ёлғончига чиқарилади, унда хоин амонатдор бўлиб, амонатдор хоинга чиқарилади ва унда рувайбиза гапиради. Рувайбиза ким – деб сўрашди. Омма иши тўғрисида гапирадиган арзимас киши – деб жавоб берди. Ибни Можжа ривояти.
Ҳатто кўпчилик мол ёки ит каби ҳаёт кечириши билан мақтанишяпти. Молни ёки итни беҳуш қилиб кемаган чиқарсангиз хушига келганда ҳеч нарса бўлмагандек, куни ўтиши билан кифояланади, қорни тўқ, ётгани жойи бўлса бўлди, бошқа нарса билан иши йўқ. Инсон фикрлайди, Уй-жойингни ўнглашга ҳаракат қилганинг каби жамиятни ўнглаш учун хиссасини қўшади. Лекин ундай танбал инсонлар: мен сиёсат билан ишим йўқ, мен касб-ҳунаримни ўйлайман, бошқаси мени қизиқтирмайди – деб жамиятни қалоқлашига сабаб бўлишмоқда.
Аллоҳ Таоло айтади:
وَلَوۡ شِئۡنَا لَرَفَعۡنَـٰهُ بِهَا وَلَـٰكِنَّهُۥۤ أَخۡلَدَ إِلَى ٱلۡأَرۡضِ وَٱتَّبَعَ هَوَىٰهُۚ فَمَثَلُهُۥ كَمَثَلِ ٱلۡكَلۡبِ إِن تَحۡمِلۡ عَلَیۡهِ یَلۡهَثۡ أَوۡ تَتۡرُكۡهُ یَلۡهَثۚ ذَّ ٰلِكَ مَثَلُ ٱلۡقَوۡمِ ٱلَّذِینَ كَذَّبُوا۟ بِـَٔایَـٰتِنَاۚ فَٱقۡصُصِ ٱلۡقَصَصَ لَعَلَّهُمۡ یَتَفَكَّرُونَ
Агар хоҳласак, уни ўша (оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади. Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар. [7:176].
Агар қўрқоқлик касалидан қутилиш учун ҳаракат қилмасак, жамиятни ислоҳ қилиш йўлларини фикрламасак куфр бундан-да оғирроқ кунларни бошимизга солади. Ҳозирда биз нафақат Россиянинг, балки Хитой, АҚШ, Европанинг мужжалида турибмиз, Украинадаги ҳолат бизга кўчиши мумкин. Аллоҳ сақласин.
Бу ҳақида Росулуллоҳ – соллалоҳу алайҳи ва саллам – хабар берган:
يُوشِكُ الأممُ أن تداعَى عليكم كما تداعَى الأكَلةُ إلى قصعتِها . فقال قائلٌ : ومن قلَّةٍ نحن يومئذٍ ؟ قال : بل أنتم يومئذٍ كثيرٌ ، ولكنَّكم غُثاءٌ كغُثاءِ السَّيلِ ، ولينزِعنَّ اللهُ من صدورِ عدوِّكم المهابةَ منكم ، وليقذِفَنَّ اللهُ في قلوبِكم الوهْنَ . فقال قائلٌ : يا رسولَ اللهِ ! وما الوهْنُ ؟ قال : حُبُّ الدُّنيا وكراهيةُ الموتِ
Яқиндан мусулмон бўлмаган халқлар сизларга оч қолган итлар овқатига ташлангандек сизларга ташланадилар. Бир одам: бизлар ўшанда озчилик бўлганимизданми? – деб сўради. Йўқ, аксинча, у кунда сизлар кўпчилик бўласизлар, лекин сизлар селнинг кўпигидек кўпик бўласизлар. Аллоҳ душманларинг қалбидан сизлардан ҳайбатланишни суғурволади. Сизларнинг қалбингизга ваҳнни солади. Ваҳн нима? ё Росулуллоҳ! – деб сўрашди. Дунёни яхши кўриш ва ўлимни ёмон кўришдир – деди. Абу Довуд ривояти.
Бу касалликларнинг асоси Ислом сиёсатдан четлатилганидадир. Исломий салтанат ҳукмрон бўлган даврларда раҳбарлар адолатлари билан танилган бўлса, армиямиз “енгилмас куч” бўлиб, Ислом Давлати халқаро майдонда етакчилик қилар эди, куфр олами мусулмонларга ҳукмини ўтказишни, бойликларини талон-тарож қилишни эмас, ударга қарши чиқишни ҳам ҳаёлига келтиролмасди. Халқларимиз олим-уламолари билан оламда машҳур бўлишган, жамиятда фаровонлик бўлиб, ҳаё, мардлик, тинчлик, яхшиликлар ҳукумрон эди. Яна Ислом қайтиши билан жамиятдаги ҳамма бузғунчиликлар, касаллик, қолоқлик сабаблари йўқолади. Аввалгидек етакчи Уммат бўламиз, иншоАллоҳ.
Аллоҳ Таоло айтади:
أَفَحُكۡمَ ٱلۡجَـٰهِلِیَّةِ یَبۡغُونَۚ وَمَنۡ أَحۡسَنُ مِنَ ٱللَّهِ حُكۡمࣰا لِّقَوۡمࣲ یُوقِنُونَ
Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Ишончи комил қавмлар учун Аллоҳдан ҳукми яхшироқ ким бор. [5:50]
(давоми бор).
Муфаккир Абдулҳақ