بسم الله الرحمن الرحيم
ФИКР ЭНГ ҚИММАТБАҲО БОЙЛИК
(1)
Жамият асослари
Касални даволаш аввало унга тўғри ташхис (диагноз) қўйиш, яъни касалликни аниқлашдан бошланади. Агар касаллик аниқланмаса ёки нотўғри ташхис қўйилган бўлса, кўрсатилаётган муолажа унга салбий таъсир қилиши, шифокор эса жаллодлик қилаётган бўлиши мумкин. Шунинг учун тўғри ташхис қўйиш ўта зарур.
Шунга ўҳшаб, касал жамиятни ислоҳ қилиш учун ҳам жамият нималардан иборат, яъни жамият асослари нима, нима учун жамият бузилади, ҳамда уни қандай ислоҳ қилинади – деган саволларни аввало яхши ечиб олиш керак. Сўнгра, жамиятимиздаги касаллик манбасини топишимиз мумкин бўлади.
Капитализмнинг берган таърифи: жамият шахслардан таркиб топади, шахслар кучайиши билан жамият ҳам кучайиб боради -деб, асосий эътиборини шахсларга қаратади, яъни мен яхши бўлсам, сен яхши бўлсанг жамият ҳам яхши бўлади…
Инсонлар бўлсагина жамият бўлади. Бу тўғри фикр, одамлар яшамайдиган оролларни жамият дейилмайди. Лекин жамиятлар фақат одамларига қараб баҳоланмайди, балки яна бошқа асослари бор, ўшаларга қараб жамиятлар бири бошқасидан фарқ қилади: Феодалистик, капиталистик, социалистик жамият ёки қолоқ, юксак, бузуқ жамият деб бири бошқасидан ажралиб туради. Ҳаммасида ҳам одамлар яшаяпти, ҳатто жамиятлар ўзгарганда ҳам улар ўз юртларида аввалгидек яшашда давом этишган, масалан: ўтган асрнинг 90 йилларигача социалистик бўлган жамиятлар хозир капиталистик жамиятга ўзгарди, лекин инсонлар ўша-ўша, алмаштирилгани йўқ.
Социализм, яъни коммунистларнинг жамиятга берган таърифи ҳам хато, вокеъликка тўғри келмайди. Улар: жамият – инсонлар ва уларнинг табиат билан бўлган алоқаларидан таркиб топган бир бутун нарса, табиат ўзгарса инсон ҳам автоматик равишда ўзгаради – деб таърифлашади-да, асосий эътиборларини табиатни ўзгартиришга қаратади: табиат ривожланиши билан инсонларнинг ҳаёти юксалади, фаровонлиги таъминланади деб, шахсларга бўлган аҳамиат иккинчи даражага тушиб қолган.
Аслида жамият инсонлар, фикрлар, туйғулар ҳамда қонунлардан таркиб топади. Агар одамлар қабул қилган фикрлар, туйғулар ва қонунлар социалистик бўлса, у социалистик жамият бўлади, масалан: савдогарни текинхўр, чайқовчи деган фикр билан улардан нафратланиш туйғуси бўлса ва уларни узоқ муддатга қамаш жорий қилинган қонунлар ҳукмрон бўлса ва ҳоказо шу каби ҳукмдор фикрлар, туйғулар ҳамда қонунлар билан социалистик жамият бўлган. Аммо одамларни савдогарга нисбатан фикри ўзгариб, уни бизнесмен, ишбилармон деб унга ҳавас қилиш туйғуси кучайса ва уларга ҳамма шароитларни қилиб, шу ишида уларга имкониятларни кенгайтириш билан қонунлар ҳам ўзгарса, энди бундай жамият капитализм жамиятига ўзгарган бўлади, ўша одамларнинг ўзлари ва ўша табиатда бошқа жамият бўляпти, бошқа одамлар ёки бошқа табиат эмас.
Жамиятда қандай фикрлар, туйғулар ҳукмрон бўлса ҳамда ўша фикрларни амалга ошириб берадиган, фикр-туйғуларга мувофиқ бўлган қонунлар тартибга солаётган бўлса, демак у жамият ўшандек сифатдаги жамият бўлади – деб бир мисол келтирдик халос. Демак, жамият қандай бўлиши, нима учун қолоқ, касал бўлиши омма қабул қилган ёки рози бўлаётган ҳукмдор фикрларга, туйғуларга боғлиқ, чунки қонун ўша фикр-туйғулар асосида бўлади. Шунинг учун жамиятдаги ҳукмдор фикрларни текшириб, улардаги хатоликларни тўғрилаш билан жамият ислоҳ қилинади, юксалади.
Жамиятлардаги фикр-туйғуларни ўрганиб чиқиш билан жамиятга баҳо бериш, ҳамда касал бўлса ўнглашга имкон бўлади. Ҳар кимни ўз ҳолига ташлаб қўйиш билан жамият пароканда бўлади. Омма қабул қилган фикрлар асосидаги қонунлар бўлиши зарур, чунки хоҳиш-истакларига қулоқ солиб, жамиятни бузилишига сабабчи бўлган баъзи бузғунчиларни қонун тартибга солади, натижада ҳамма рози бўладиган, уларни хотиржам қиладиган жамият бўлади.
Бу исломий фикр, уни Росулуллоҳ – соллалоҳу алайҳи ва саллам – қуйидаги ҳадиси билан таълим берганлар, Нўъмон ибн Башир р.а. ривоят қилади:
مَثَلُ القَائِمِ في حُدودِ اللَّه، والْوَاقِعِ فِيهَا كَمَثَلِ قَومٍ اسْتَهَمُوا عَلَى سفينةٍ، فصارَ بعضُهم أعلاهَا، وبعضُهم أسفلَها، وكانَ الذينَ في أَسْفَلِهَا إِذَا اسْتَقَوْا مِنَ الماءِ مَرُّوا عَلَى مَنْ فَوْقَهُمْ، فَقَالُوا: لَوْ أَنَّا خَرَقْنَا في نَصيبِنا خَرْقًا وَلَمْ نُؤْذِ مَنْ فَوْقَنَا. فَإِنْ تَرَكُوهُمْ وَمَا أَرادُوا هَلكُوا جَمِيعًا، وإِنْ أَخَذُوا عَلَى أَيْدِيهِم نَجَوْا ونَجَوْا جَمِيعًا
«Оллоҳнинг қонунларига риоя қиладиган инсон билан уларга амал қилмайдиган киши кемада ҳамроҳ бўлган бир гуруҳ одамларга ўхшайдилар, баъзилари кеманинг юқори қисмидан, баъзилари эса қуйи қисмидан жой олдилар. Кеманинг қуйидан жой олганлар сув ичмоқчи бўлсалар, юқоридагиларни босиб ўтар эдилар. Шунда улар юқоридагиларни безовта қилмай, шу ердан тешиб ола қолсакчи, деб қолдилар… Кемадаги ҳамроҳлар уларни ўз ҳолига қўйсалар, барча ҳалок бўлади. Агар уларни қўлидан тутиб тўхтатиб қўя олсалар, ўзлари ҳам, кемадаги ҳамроҳларнинг барчаси ҳам нажот топади».
Кемадаги одамларни фикру-ҳаёли манзилга соғ-саломат, тезроқ етиб олиш. Уларни рози-норозилиги ҳам, хурсандчилигу-ҳафачиликлари ҳам манзилга етиб олишларига боғлиқ. Агар қонун ҳам ўша мақсадни амалга оширишга хизмат қилса ҳеч кимдан қаршилик бўлмайди, балки уни ижросига кемадагилар ёрдам беради. Шунга ўҳшаб бир жамиятда яшашётган одамлар ҳам бир фикрга келиб олишсалар, шунда ўша фикрни амалга оширишга бўлган ҳар қандай ҳаракатни эл яхши қабул қилади, қўллаб-қувватлайди, қонунларни ижросидан ҳамма рози бўлади. (давоми бор).
Муфаккир Абдулҳақ