Америка давлатларни назорат қилиш учун ташқи ёрдамдан қандай фойдаланади

0
23

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Америка давлатларни назорат қилиш учун ташқи ёрдамдан қандай фойдаланади

АҚШ президенти Доналд Трамп яҳудий вужуди ва Мисрга ажратилган ёрдамлардан ташқари Американинг ташқи ёрдамларини тўхтатишга буюрди. Буни АҚШ давлат департаменти томонидан чиқарилган меморандум тасдиқлади. Бу чора ёрдамлардан глобал гуманитар эҳтиёжларни қондириш воситаси сифатида эмас, балки назорат воситаси сифатида фойдаланишга қаратилган чуқурроқ иш-режасини акс эттиради.

Узоқ вақтлардан бери ташқи ёрдамлар Америкага дунё сиёсатига таъсир ўтказиш имконини бериб келмоқда. АҚШ раҳбарлари «маршал режаси» ва «тўрт нуқта» каби дастурларни ривожланишни қўллаб-қувватлаш сифатида тасвирлаб келишган. Лекин, аслини олганда, бу Американинг бошқа давлатларнинг сиёсий ва иқтисодий ишларида ҳукмронлигини кенгайтирди. Таниқли сиёсатшунос Ганс Моргентау ташқи ёрдамларни «ҳарбий куч ва дипломатия билан параллел равишда қўлланадиган қурол», деб таърифлаган. Бу сиёсат совуқ уруш даврида асосий восита бўлган ва бугунги кунгача Америка нуфузида марказий ўринни эгаллаб келмоқда.

АҚШ гегемонлигини сақлаб қолиш учун ёрдамлардан фойдаланиш

Америка тарих давомида ёрдамлардан ўзининг глобал таъсирини кучайтириш воситаси сифатида фойдаланган. Иккинчи жаҳон урушидан сўнг, АҚШ ёрдам дастурлари Европа ва Глобал Жанубнинг баъзи қисмларида Американинг таъсирини таъминлади. Совуқ уруш даврида, ёрдамлар америкапараст ҳукуматларни қўллаб-қувватлаш орқали коммунизмнинг тарқалишини олдини олишга қаратилди. Бу ёрдамлар кўпинча Америка манфаатларига хизмат қилиш учун иқтисод ва сиёсий тузилмаларни ўзгартиришга мўлжалланган шартлар билан бирга келган. Моргентаунинг таҳлили бу воқеликка ойдинлик киритди. Чунки у ўз таҳлилида ёрдамларни дипломатик ва ҳарбий амалиётлар билан таққослади. Унда Американинг Лотин Америкаси ва Африкадаги аралашуви, шунингдек, ўз мақсадларига эришиш учун ўзига иттифоқчи бўлган авторитар режимларни ёрдамлар орқали қўллаб-қувватлаб келгани мисол тариқасида келтирилган.

Трампнинг ёрдамларга «биринчи навбатда Америка» сиёсати доирасида ёндашишиши

Трамп яҳудий вужуди ва Мисрга кўрсатиладиган ёрдамлардан ташқари ташқи ёрдамларни 90 кунга тўхтатиш тўғрисида буйруқ берди. Бу чора Американинг стратегик мақсадларини биринчи ўринга қўядиган «биринчи навбатда Америка» сиёсатини акс эттиради. АҚШ давлат котиби Марко Рубио гуманитар истисноларни ҳимоя қилди. Аммо у ёрдамларни қисқартиришдан мақсад дастурларни АҚШ ташқи сиёсатига мослаштириш эканини таъкидлади. Яҳудий вужуди ва Мисрга берилган истисно уларнинг Америка мақсадларини қўллаб-қувватлашдаги аҳамиятини акс эттиради. Ушбу тасодифий қисқартиришлар таъсиридан гуманитар ташкилотлар ва ёрдам кўрсатиш соҳаси ходимлари азият чекди. Бу эса зарурий хизматларни тақдим этишга ихтисослашган дастурларнинг узилишига олиб келди.

Ушбу «саралаш» (кўп тадбирлар ичидан биттасини танлаб қўллаш) ёндашуви Американи ёрдамлар соҳасидаги сиёсати ҳақиқатини кўрсатади. Гарчи бу ёрдамлар гуманитар ёрдам сифатида тақдим этилса-да, улар кўпинча ҳарбий ва сиёсий мақсадларга қаратилади. Рубионинг эслатмаси Америка иттифоқчилари учун фойдали ҳисобланган дастурлардаги истисноларни белгилаш орқали ушбу концепцияни мустаҳкамлади. Бу эса фавқулодда эҳтиёжларни қондиришга эътибор бериш ўрнига стратегик назоратга доимий эътибор қаратишни акс эттиради.

АҚШ ёрдамлари ортидаги мустамлакачилик мақсадлари

АҚШ ёрдамларида кўпинча ёрдам олувчи давлатларнинг мустақиллигига путур етказадиган шартлар қўйилади. Бу шартлар хусусийлаштириш ва давлат назоратини бекор қилиш каби таркибий ислоҳотларни ўз ичига олади. Бу эса Америка компаниялари манфаатларига хизмат қилади. Бу чоралар маҳаллий иқтисодиётнинг емирилишига олиб келади ҳамда АҚШнинг молиявий ва сиёсий ёрдамига қарамликни келтириб чиқаради. Мисрнинг узоқ вақтдан бери АҚШ ёрдамларига қарамлиги ушбу динамиканинг ёрқин намунасидир. Чунки Кэмп-Дэвид келишувлари билан боғлиқ келишувлар Мисрнинг Америка ва яҳудий вужуди манфаатлари билан уйғунлигини кучайтирди.

Табиий ресурсларга бой давлатлар АҚШ компанияларининг ушбу ресурслардан фойдаланишига ёрдам берадиган ёрдам сиёсатига дуч келишади. 2010 йилги Гаити зилзиласидан кейин ёрдамлар асосан халқаро пудратчиларга келиб тушди. Маҳаллий ташкилотлар эса, ваъда қилинган ёрдамларнинг бир қисминигина олди. Маблағларнинг катта қисми оширилган шартномалар орқали Америка компанияларига қайтарилди. Бу эса ривожланишни кучайтириш ўрнига қашшоқлик ва сиёсий беқарорликни кучайтирди.

Ёрдамлар сиёсий манипуляция ўрнидадир

Америка сиёсий натижаларга таъсир қилиш ва манфаатларига мос келмайдиган давлатларни беқарорлаштириш учун ёрдамлардан фойдаланади. USAID дастурлари демократияни ривожлантириш ниқоби остида мухолафатчи гуруҳларни молиялаштиради. Масалан, Кубада агентлик ҳукуматга қарши исён кўтариш мақсадида маданий маконларга, жумладан, электрон алоқа тармоқлари ва санъатга кириб бориш учун яширин операцияларни қўллаб-қувватлади. Бу саъй-ҳаракатлар камдан кам ҳоллардагина ҳақиқий ривожланишга қаратилади. Тўғрироғи, улар бўлинишларни кучайтириш ва Америка компаниялари манфаатларини илгари суриш орқали АҚШ ташқи сиёсатига хизмат қилади. Масалан, Ироқда ёрдам пакетлари маҳаллий эҳтиёжлар ҳисобидан АҚШ компаниялари фойдасига йўналтирилганида шундай бўлди.

Америка нуфузига қарши чиқадиган давлатлар ёрдамларнинг музлатилиши ва санкциялар каби фавқулодда оқибатларга дуч келишади. Яширин операциялар бошқарувга тўсқинлик қилади ва давлатларни мажбуриятларга риоя қилишга мажбур қилади. Бу тактика маҳаллий сиёсатни манипуляция қилиш ва ёрдам олувчи давлатларни доимий қарамлик ҳолатида ушлаб туриш орқали Америка гегемонлигини кучайтирувчи узоқ муддатли стратегияни акс эттиради.

Яҳудий вужуди ва Мисрга стратегик эътибор

Яҳудий вужуди ва Миср Америка геосиёсий стратегиясидаги роли туфайли Америка томонидан доимий қўллаб-қувватланади. Америка ёрдамлари яҳудий вужудининг ҳарбий ҳукмронлигини молиялаштиради. Бу эса унга Фаластинни босиб олишни давом эттириш имконини беради. Бу ёрдамлар Ғазога қарши урушда қўлланган ва айни пайтда Ғарбий Соҳилда қўлланаётган ривожланган қуроллар етказиб берилишини ҳам ўз ичига олади. Бу сиёсат яҳудий вужудининг Американинг Яқин Шарқдаги манфаатларига мувофиқ минтақавий куч сифатида жойлашишини таъминлайди. Мисрга кўрсатилаётган ёрдам унинг АҚШ хавфсизлик ташаббуслари билан ҳамкорлигини оширишга ёрдам беради. Кэмп-Дэвид келишувларидан кейин Миср Вашингтон учун қулай шартлар асосида минтақавий барқарорликни сақлашда асосий ҳамкорга айланди. Рубионинг ёрдам истисноларини ҳимоя қилиши (Исроил) ва Мисрнинг қандай қилиб Америка ташқи сиёсати мақсадларига хизмат қилувчи мустамлакачилик базаси бўлиб хизмат қилишини кўрсатади. Бу воқелик гуманитар мақсадлар устидан сиёсий назоратни биринчи ўринга қўйган АҚШ ёрдамларининг «саралаш» (кўп тадбирлар ичидан биттасини танлаб қўллаш) хусусиятини акс эттиради.

Трамп маъмуриятининг яҳудий вужуди ва Мисрга кўрсатиладиган ёрдамлардан ташқари ташқи ёрдамларни тўхтатиб қўйиши АҚШ ёрдам дастурларидан кўзланган доимий мақсадни очиб беради. Бу ёрдамлар, глобал ривожланишни қўллаб-қувватлашдан йироқ бўлган ҳолда, бошқа давлатлар сиёсати ва ресурсларини назорат қилиш воситаси сифатида хизмат қилади. Тарихий ва сўнгги пайтдаги мисоллар шуни кўрсатадики, АҚШ ёрдамлари унинг стратегик амбицияларига хизмат қилиш учун сиёсий манзарани шакллантиради.

Бу воқелик кенг миқёсда тан олингунига қадар, бундай ёрдамлар раҳм-шафқат ниқоби остида мустамлакачилик назорати воситаси бўлиб қолаверади.

Роя газетасининг 2024 йил 5 феврал чоршанба кунги 533-сонидан

 

NO COMMENTS