Онасини ўлдирган Манқуртни биласизми

0
175

Онасини ўлдирган Манқуртни биласизми

 بسم الله الرحمن الرحيم

Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» («И дольше века длится день» (1980)) романига кўра, манқурт — асирга олинган, руҳсиз қул бўлиб, хўжайинига сўзсиз итоат қилувчи, хотирасидан маҳрум қилинган одамдир.

Айтматовга кўра, асирга тушган тутқуннинг сочини қиртишлаб олиб ташлаб, унинг бошига ҳозиргина сўйилган туянинг бўйин териси кийдирилган. Шундан сўнг унинг қўл-оёғи боғланиб, бошини ерга теккиза олмаслиги учун бўйнига каттакон тахтакач кийдирилган ва шу аҳволда бир неча кун чўлнинг ўртасига ташлаб қўйилган.

Саҳронинг аёвсиз қуёши остида туянинг териси қотиб, тиришиб, бечора тутқуннинг бошини сиқа бошлар, унинг тикандек ўса бошлаган сочлари терисига қадалиб, мисли кўрилмаган оғриқ берар, бунинг устига ташналик азоби чидаб бўлмас қийноққа солар эди.

Маълум вақт ўтгач, тутқун ўлиб кетар ёки хотирасидан буткул маҳрум бўлиб, идеал қулга айланиб қолар эди. Иродасиз, хўжайинига итдек итоаткор манқурт қуллар оддий қуллардан бир неча баравар қиммат турар эди.

«Асрга татигулик кун» романида найман уруғидан чиққан Дўнанбойнинг ўғли, мерган йигит Жўломон жуанжуанларнинг қўлига асир тушиб қолиб, манқуртга айлантирилади. Фарзанд доғида куйиб адо бўлган Найман она узоқ қидириб юриб, ахийри жигаргўшасини топади. Бироқ, манқурт ўғил уни танимайди. Таниш уёқда турсин, манқурт ўзининг мерган қўллари билан хўжайинларининг буйруғини адо этиб, камон ўқини ўз онасининг юрагига бехато уради…

«Манқурт» сўзи кўчма маънода ўз тарихини, ўз наслини, ўзининг томирларини унутган кишига нисбатан ишлатилади. Манқурт сўзи публицистикага урф бўлган лақабга, ўз қадриятларини, ўзининг аслини, ўзлигини унутган, йўқотган одамнинг рамзига айланиб қолди.

Шу сўздан олинган манқуртлик (манкуртизм) атамаси ҳам муомалага кириб қолди. Бу атама айниқса Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Татаристон, Бошқирдистонда ўз миллий маданиятига бепарво бўлганлар учун ҳақоратли лақабга айланди.

Чингиз Айтматов бугунги авлоднинг ана шундай ўзлигини йўқотган, лекин қўлидан ҳамма иш келадиган вакилларини манқуртларга ўхшатади. Ўзлигини билмайдиган бу авлод романда ўз миллатдошларини «халқ душмани» сифатида қамаб, ўлдириб юбориб, ҳузур қилади. Унга бу ваколатни, бу мансабни ким берса, ўша унга хўжайин. Хўжайинлари унга нимани буюрса, фақат шуни қилади. Эртаю кеч ўша хўжайинларига ёқишнинг дардида бўлади.

Аллоҳ Таоло ҳақиқатларни бизга Қуръон ва росули Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва саллам орқали билдирди, Исломни неъмат қилиб берди. Унга қулоқ солиб, шариат асосида яшаганимизда ҳар бир соҳада етакчилик қилган Уммат бўлдик, бошқаларга яшашни ўргатадиган етакчилар бўлдик, нафақат адабиётда, балки ҳар бир соҳада: астрономия, математика, химия, физика, тиббиёт каби соҳаларда ҳам биздан буюк олимлар етишиб чиқди, иҳтиролар биздан бошланди, армиямизга душманлар “енгилмас” деган ном беришди, ва ҳоказо.

Ижтиҳодни тўҳтатиб, тақлидга оммавий ўтганимиздан кейин фикрламай қўйдик, мазкур романда ўз онасини ўлдирган, душманлари “қаҳрамон”- деб баҳолаган “Жўломон” образи каби ўз олимларига, даъватчиларга қарши чиқадиган манкуртлар бўлиб – Қуръонда айтилгандек – ҳақиқатни, насиҳатни тушунмайдиган итларга айланиб қолдик, манкуртизм балоси оммалашди, бу ҳам ҳақиқат, чунки манқуртни итга ўҳшатиш Қуръонда келган, “Аъроф” сурасида Аллоҳ Таоло айтади:

وَٱتۡلُ عَلَیۡهِمۡ نَبَأَ ٱلَّذِیۤ ءَاتَیۡنَـٰهُ ءَایَـٰتِنَا فَٱنسَلَخَ مِنۡهَا فَأَتۡبَعَهُ ٱلشَّیۡطَـٰنُ فَكَانَ مِنَ ٱلۡغَاوِینَ () وَلَوۡ شِئۡنَا لَرَفَعۡنَـٰهُ بِهَا وَلَـٰكِنَّهُۥۤ أَخۡلَدَ إِلَى ٱلۡأَرۡضِ وَٱتَّبَعَ هَوَىٰهُۚ فَمَثَلُهُۥ كَمَثَلِ ٱلۡكَلۡبِ إِن تَحۡمِلۡ عَلَیۡهِ یَلۡهَثۡ أَوۡ تَتۡرُكۡهُ یَلۡهَثۚ ذَّ ٰ⁠لِكَ مَثَلُ ٱلۡقَوۡمِ ٱلَّذِینَ كَذَّبُوا۟ بِـَٔایَـٰتِنَاۚ فَٱقۡصُصِ ٱلۡقَصَصَ لَعَلَّهُمۡ یَتَفَكَّرُونَ

 Агар хоҳласак, уни ўша (оят)лар билан кўтарар эдик. Лекин унинг ўзи ерга(яъни ўрганиб қолган ҳаёт тарзига) ёпишди ва ҳавои нафсига эргашди(фикрлаб кўрмади). Бас, унинг мисоли худди бир итга ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам, тилини осилтириб тураверади, тек қўйсанг ҳам, тилини осилтириб тураверади(гапни тушунмайди, ҳақиқатларни ҳўжайинлари айтмагунча ишонмайди). Бу бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Бу қиссани ҳикоя қил, шоядки тафаккур қилсалар [7:175-176].

Бу каби юзлаган оятларда Аллоҳ Таоло ақлимизни ишлатишга, фикрлашимизга буюряпти.

Манкуртизм балосига дучор бўлган ОДАМ фикрлаш неъматидан маҳрум бечора инсондир. Ундайларга тўғри фикрларни баён қилиш етарли эмас, унда фикрлаш функсияси мустамлака олиб борган сиёсат натижасида ишдан чиққан, касалликка учраган. Ундай инсонларни урф ўнглайди. Фикрлайлик, ҳақиқатларни, адолатни ҳукмрон бўлишига ўз хиссамизни қўшиш, Исломни ўрганишга кўпроқ аҳамият бериш билан манкуртизм балосидан ўзимизни ҳам, манкуртизм балосига учраган биродарларимизни ҳам, келажак авлодни ҳам сақлаб қоламиз, иншоАллоҳ.

Исломни тушунмасак, ишларни Аллоҳ Таоло рози бўладигандек бажара олмаймиз, номи бору, маъноси-ҳақиқати йўқ бўлади, масалан: биз – мўмин-мусулмонлар – Аллоҳ Таолони ҳамма нарсани йўқдан бор қилган Яратувчи деб тан олдик, иймон келтирдик. Насиҳат Диннининг асоси, Намоз эса куфр билан мусулмонни ажратадиган рукун. Энди Аллоҳга насиҳат қилмасак, яъни 5 маҳал намозни суннатлари билан ўқиганимизнинг ўзида 32 маротаба: ёлғиз Ўзинггагина қуллик қиламиз, фақат Ўзингдангина ёрдам сўраймиз – (اياك نعبد و اياك نستعين) – деб аҳд беряпмиз, аҳдимизни ҳар ракаатда янгилаяпмиз, шундайми? Манкурт бўлмасак, айтаётган сўзимизни, лоақал намозда ўқиётган сураи-”фотиҳа”ни тушунсак, нафсимизга ҳам, ўзимизга ўҳшаган инсон чиқарган ҳукмларга ҳам қулоқ солмасдан, фақат шариат бўйича яшаймиз, шунда Аллоҳга насиҳат қилиб, ризосига эришамиз, иншоАллоҳ. Ноҳақликда давом этишдан кўра кеч бўлса-да ҳаққа қайтиш афзал, хозир ҳам фурсат бор, тирик эканмиз тавба эшиклари очиқ, хато-камчиликни тўғрилаш мумкин. Оятларини маъносини тўғри тушуниб, уларга амал қилишимиз, ҳамда таъвил қилмасдан, ундаги бор ҳақиқатни баён қилишимиз билан Қуръонга насиҳат қиламиз, жойнамозда Аллоҳга очиқ юз билан рўпарў бўламиз, қалбимиз иймон билан шодликка тўлади, хотиржамлик неъматига мушарраф бўламиз.

Ҳадисларни сиёсатга тўғри келмайди деб зарурларини яширмасдан, ҳаммасини, айниқса, кўпчиликни адашиб кетишларидан сақлаб қоладиган, хозирги кунда зарур бўлганларини етказишга ҳаракат қилиш билан Росулуллоҳ с.а.в.га насиҳат қиламиз. Бошлиқларимизни муҳосаба қилиш, уларни нотўғри сиёсатларидан қайтариш, адолатга, ҳақиқатга чақириш билан имом-раҳбарларга насиҳат қиламиз, бир-бирларимизни ҳаққа чақиришда ҳаммага насиҳат қиламиз, чунки насиҳат: ҳақиқатларни ғолиб бўлиши, ҳаммани ҳаққа қайтариши учун юракдан фаолият қилиш, ҳақиқатларни булғамаслик, оят-ҳадисларни яширмаслик, бошқа маъноларда таъвил қилмаслик, мунофиқлик қилмаслик, балки ҳолислик қилиш маъносида. Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай деган:

الدين النصيحة قلنا لمن قال لله ولكتابه ولرسوله ولأئمة المسلمين وعامتهم

 … “Дин насиҳатдир”, дедилар. Биз: Кимга? – деб сўрадик. У киши: “Аллоҳга, Китобига, Пайғамбарига, мусулмонларнинг раҳбарларига ва оммасига”, деб жавоб бердилар. Муслим ривояти.

Демак, Динни қабул қилдикми, икки юзламачилик, мунофиқлик йўқ, Дин насиҳатдир, ҳадисда насиҳат Диндандур демади, балки Дин насиҳатдир деяпти.

 Қуйидаги ривоятда урфни бузилишидан қаттиқ қайтаряпти, оқибати ёмон эканини эслатяпти:

«Йўқ, Аллоҳга қасамки, сизлар маъруфга буюриб, мункардан қайтарасизлар ҳамда золимнинг қўлидан ушлаб, уни мажбуран ҳаққа бўйсундириб, ҳаққа чеклаб қўясизлар, акс ҳолда Аллоҳ айримингиз билан айримингизнинг дилларига зарба беради кейин сизларни ҳам Бану Исроилни лаънатлаганидек лаънатлайди» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Манкуртизмга одатланиб, яҳудийлардек лаънатланган халқ бўлиб қолишимиздан Ўзинг асра, Роббим!

Дин бор эканми, яъни уни қабул қилиб, амал қиладиган мўмин-мусулмонлар бор эканми, демак, ҳамма ҳақиқатга чекланади, зулм, бузуқлик, бировларга озор бериш, ноҳақ одам ўлдириш, тўҳмат қилиш, алдовлар тўҳтайди, солиҳ амаллар қилиш урфга айланади, фаровон ҳаёт бошланади. Ундай мўминларга Аллоҳ Таоло бу дунёда Ўзидан ноиб бўлишни, ер юзида фаровонликни, Охиратда абадий жаннатни ваъда қиляпти, Аллоҳ ваъдасига хилофлик қилмайди:

وَعَدَ ٱللَّهُ ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ مِنكُمۡ وَعَمِلُوا۟ ٱلصَّـٰلِحَـٰتِ لَیَسۡتَخۡلِفَنَّهُمۡ فِی ٱلۡأَرۡضِ كَمَا ٱسۡتَخۡلَفَ ٱلَّذِینَ مِن قَبۡلِهِمۡ وَلَیُمَكِّنَنَّ لَهُمۡ دِینَهُمُ ٱلَّذِی ٱرۡتَضَىٰ لَهُمۡ وَلَیُبَدِّلَنَّهُم مِّنۢ بَعۡدِ خَوۡفِهِمۡ أَمۡنࣰاۚ یَعۡبُدُونَنِی لَا یُشۡرِكُونَ بِی شَیۡـࣰٔاۚ وَمَن كَفَرَ بَعۡدَ ذَ ٰ⁠لِكَ فَأُو۟لَـٰۤىِٕكَ هُمُ ٱلۡفَـٰسِقُونَ

Аллоҳ сизлардан иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар. Шундан кейин ҳам ким куфр келтирса, бас, ана ўшалар, ҳақиқий фосиқлардир. [24:55].

Қуйидаги Нисо сураси, 122-Оятида:

وَٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ وَعَمِلُوا۟ ٱلصَّـٰلِحَـٰتِ سَنُدۡخِلُهُمۡ جَنَّـٰتࣲ تَجۡرِی مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَـٰرُ خَـٰلِدِینَ فِیهَاۤ أَبَدࣰاۖ وَعۡدَ ٱللَّهِ حَقࣰّاۚ وَمَنۡ أَصۡدَقُ مِنَ ٱللَّهِ قِیلࣰا

Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий–бардавом қолурлар. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Аллоҳдан ростгўйроқ зот борми?

Абдулло ибн Абдухолиқ

NO COMMENTS