Муфтий анъанага кўра Рамазон ойининг бошланиш кунини олдиндан эълон қилди

70
0

Муфтий анъанага кўра Рамазон ойининг бошланиш кунини олдиндан эълон қилди

Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси 17 феврал куни Рамазон ойи 1 мартдан бошланишини маълум қилди. Шу боис, мусулмон халқимизга рўзанинг бошланиши ва тугашини ойга қараб белгилаш вожиблигини эслатиб ўтмоқчимиз.

Дарҳақиқат, мусулмонлар яшаётган ҳудудлар, гарчи бир-биридан узоқда бўлса ҳам рўза тутиш ва рўзани тамомлашда бир бўлишлари вожибдир. Чунки бу ҳақда очиқ насс (далил) келган. Шариатда бирор масала борасида ижтиҳод талаб этмайдиган насс келган бўлса, бу масала ҳақида айтилган сўзлардан қатъи назар, фақат ўша насс олинади.

Биринчи далил: Аллоҳ Таолонинг ушбу ояти:

فَمَنْ شَهِدَ مِنْكُمْ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ

Бас, сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин”. [2:185]

Бу ерда شَهِدَ сўзи “билди” деган маънода келмоқда. Бунга Аллоҳ Таолонинг қуйидаги ояти мисол бўла олади:

قَالَتْ يَاأَيُّهَا المَلَأُ أَفْتُونِي فِي أَمْرِي مَا كُنتُ قَاطِعَةً أَمْرًا حَتَّى تَشْهَدُونِي

“(Малика) айтди: «Эй одамлар, менга бу ишимда фатво-маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилгувчи эмасман”. [27:32].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари ва хатти-ҳаракатлари билан бу маънони баён қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам ойни кўриб рўза тутганлар ва ойни кўриб рўзасини очганлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида ойни кўрдим, деб гувоҳлик берган кишига: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканлигига гувоҳлик берасанми? – деб сўраб, у кашининг “ҳа” деган жавоби билан чекландилар. Чунки бу шаръий ҳукмдаги шаҳодат туркимидан бўлиб, фақат мусулмондангина қабул қилинади.

Иккинчи далил: Аллоҳ Таолонинг қуйилдаги ояти:

يَسْأَلُونَكَ عَنْ الْأَهِلَّةِ قُلْ هِيَ مَوَاقِيتُ لِلنَّاسِ وَالْحَجِّ

“Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. [2:189].

Ойлар ўн икки ойдан иборат. (شهر) яъни ой – бу икки янги ҳилол орасидаги вақтдир. Агар маълум бир мамлакатда ой кўрилган бўлса, биз янги ой кирибди, деб айтишимиз мумкин. Бу эса рўза тутиш ва ҳажга бориш учун вақт ўлчовига айланади.

Учинчи далил: Аллоҳ Таолонинг ушбу ояти:

يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُوْلِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا

“Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”. [4:59].

Аллоҳ Таолога қайтариш, Унинг китобига қайтариш демакдир, бунинг маъноси муҳкам (аниқ) оят муташабиҳ (ноаниқ) оятдан устун туради. Насх қилувчи оят эса, насх қилинган (мансух) оят устидан ҳукм чиқарувчи бўлади. Масалан, ароқ ҳаром қилиниши ҳақидаги ҳукм уч босқичда нозил бўлган. Аввал унинг зарари ҳақида, сўнг маст ҳолда намозга турмаслик ҳақида ва охири бутунлай ҳаромлиги ҳақида оят нозил бўлди. Мусулмонлар охирги ҳукмга амал қиладилар. Ундан олдинги оятлар насх (бекор) қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайтаришга келсак, бундан мақсад Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган амаллари ва айтган сўзларини қўйиб, ўз биганига ўтиб кетмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша сўзлардан бири, машаққат ва умумийликни йўқотиш ҳақида:

«صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ»

(Ой)ни кўриб рўза тутинглар, Уни кўриб рўзани тамомланглар” деган ҳадисларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни ўз амаллари билан ҳам кўрсатиб берганлар. Масалан, У киши бошқа бировнинг ойни кўрганлиги билан рўза тутганлар ва оғиз очганлар. Бундан ташқари, бу масалада ойнинг ҳар турли жойлардан чиқиши ҳақида ҳам ва ҳар бир мамлакатнинг ўзи кўриши ҳақида ҳам айтилмаган.

Тўртинчи далил: Байҳақий ўзининг “Сунан”ида Али ибн Аҳмад ибн Абдондан шундай ривоят қилади. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ойни кўриб рўза тутишни ва ойни кўриб рўзани тамомлашни, агар осмон булутли бўлса, (Шаъбонни) ўттиз кун деб ҳисоблашни буюрдилар”. Ибн Аббос уни тафсир қилиб айтган.

Бешинчи далил: Пайғамбаримизнинг ушбу сўзлари:

»صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ، فَإِنْ غُمَّ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا الْعِدَّةَ ثَلاَثِينَ«

“(Ой)ни кўриб рўза тутинглар, Уни кўриб рўзани тамомланглар. Агар (осмон) булутли бўлса, саноқни ўттиз кун деб ҳисобланг” (яъни, Шаъбонни ўттиз кун деб ҳисобланг)”.

Бу мусулмонлар рўза тутиш ва рўзани очишда бир бўлишлари зарурлиги ҳақида келган энг очиқ ҳадисдир. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: صُومُوا وَأَفْطِرُوا “Рўза тутинглар ва рўзани очинглар” деган сўзлари бутун Уммат учун айтилган. Бу صُومُوا وَأَفْطِرُوا “Рўза тутинглар ва рўзани тамомланглар” деган сўзлари ҳақида эди. فَإِنْ غُمَّ عَلَيْكُمْ “Агар (осмон) булутли бўлса» деган сўзларига келсак, бу ерда буйруқни «агар» деган шартга боғлаганлар. Бу (Агар булут сабабли, ой кўринмай қолса, рўза тутинг) деган маънони англатади. Шунингдек, “кўринмаса” деган ўтган замон феъли мажҳул нисбатга қурилган. Бу гап худди (Эй мусулмонлар, сизлардан бирортангиз ойни кўрса, бу билан барчангизга рўза тутиш ва рўзани тамомлаш шарт бўлади) деган гап кабидир.

Олтинчи далил: Байҳақий Варқа ибн Умар орқали Абдуляъла Саълабийдан, у эса Абдураҳмон ибн Абу Яъладан ривоят қилади: Мен Баро ибн Азиб ва Умар ибн Хаттоб билан Бақиъда бирга эдим. Шунда у янги ойга қаради. Кейин бир отлиқ келиб қолди. Умар ундан: “Қаердан келдинг?” – деб сўраган эди у “Мағрибдан” – деди. Умарнинг “Ойни кўрдингми…? – деган саволига у: “Ҳа” – деб жавоб берди. Умар: “Аллоҳу Акбар, бу одамнинг (ойни) кўриши (барча) мусулмонларга кифоя қилади– деди. Доруқутний ҳам худди шундай маънода ҳадис ривоят қилган.

Энди, “астрономик ҳисоб-китоблар ойнинг чиқиш вақтини аниқ белгилай олади”, деган даъвога келсак, астрономлар қуёш ботишида ойнинг кўриниш вақтини турлича белгилашади. Шундай бўлса ҳам, биз ойнинг чиқиши билан эмас, уни кўриш билан рўза тутамиз ва рўзани тамомлаймиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга шундай қилишни буюрдилар:

صُومُوا لِرُؤْيَتِهِ وَأَفْطِرُوا لِرُؤْيَتِهِ، فَإِنْ غُبِّيَ عَلَيْكُمْ فَأَكْمِلُوا عِدَّةَ شَعْبَانَ ثَلاَثِينَ

“(Ой)ни кўриб рўза тутинглар, Уни кўриб рўзани тамомланглар. Агар (осмон) булутли бўлса, саноқни ўттиз кун деб ҳисобланг” (яъни, Шаъбонни ўттиз кун деб ҳисобланг)”. Чунки Рамазон ҳилоли чиққан бўлиши, лекин булутлар тўсиб турганлиги туфайли кўринмаслиги мумкин. Ўшанда мана шу ҳадисга асосан саноқни ўттиз кун деб ҳисоблаймиз. Демак, рўза тутишнинг далилларида келганидек, ойни кўриш вожибдир.

Шу боис рўза тутиш вақти ва Рамазон ойининг тугашини астрономик ҳисоб-китоблар билан белгилаш жоиз эмас, шаръий кузатув фарздир.

Хулоса қилиб айтганда, ой ҳақидаги аниқ далилларга қарамай, ихтилоф қилувчилар Исломий мамлакатларнинг бўлинишини янада кучайтиришга ҳисса қўшмоқда. Улар бу фатволарни шариат қонунларига риоя қилган ҳолда эмас, балки Сайкс-Пикот келишувига итоат қилган ҳолда амалга оширишмоқда. Аллоҳ Таоло бизларга ўз нусратини яқин қилсин ва битта Уммат сифатида, рўзани бир вақтда бошлаб, ҳайитни ҳам бир кунда нишонлашни насиб этсин!

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here