Бир қарорга келиш вақти келди

73
0

Бир қарорга келиш вақти келди

بسم الله الرحمن الرحيم

Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси Ҳизб ут-Таҳрир ва унинг аъзоларини яқиндан танишга ҳаракат қилиб, сўнг ўзларидаги мавжуд маълумотларга таянган ҳолда хулосаларини оммага эълон қилди. Бу эълондан, Ҳизбда аҳолига зарар етказадиган портловчи моддалар, автомат, снайпер милтиқ каби одамларни ўлдириши мумкин бўлган қуроллар, кимёвий моддалар ва уларни тайёрлайдиган лабораториялар мавжуд эмаслиги аён бўлди.

Ҳизб йигитлари тарқатган варақаларда Садир Жапаров бошчилигидаги ҳукумат таклиф қилган “Дин ишлари тўғрисида”ги қонуннинг ҳар бир моддаси бўйича шаръий фикрлар баён этилган. Бундай фикр билдириш ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқидир. Ҳатто қонун жамоатчилик муҳокамасида бўлган пайтда, фикр билдириш президентнинг талаби бўлгани ҳам барчага маълум. Шундай экан, президентнинг талаби бўйича ҳаракат қилиш жиноят эмас, аксинча, унга ҳурмат кўрсатишдир.

Қолаверса, Ҳизб ҳақида айтилган “Уни Англия молиялайди”, “Унга катта миқдорда доллар келади”, “Ҳизб аъзолари пул учун ишлайди” каби гаплар ўз ҳам исботини топмади. Аксинча, бу сўзлар ёлғон ва туҳмат экани, Ҳизбнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун унинг аъзолари ҳалол меҳнат билан топган маблағларининг бир қисмини бажонидил бериши ва шу орқали Ҳизбнинг халқаро миқёсдаги моддий фаолияти таъминланиши маълум бўлди. (Маълумки, ҳар бир ҳаракат фаолият олиб бориш учун моддий жиҳатга муҳтождир ва усиз даъват ишини олиб бора олмайди.) Бироқ, Ҳизб йигитлари бу пулларни бой бўлгани учун ёки даромадлари ўзларидан ортиб қолгани учун бермайдилар. Аксинча, уларнинг кўплари, гарчи камбағал ва мискин бўлсалар ҳам, Аллоҳ Таолонинг розилигини умид қилиб ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббати туфайли У зотнинг саъй-ҳаракатларини давом эттириш учун ҳамда жаннатга эришиш ва жаҳаннамдан сақланиш учун беришади. Улар бу билан, гарчи муҳтож бўлсалар ҳам, Аллоҳнинг сўзини олий қилишга ҳисса қўшадилар. Аллоҳ Таоло айтади:

وَیُؤۡثِرُونَ عَلَىٰۤ أَنفُسِهِمۡ وَلَوۡ كَانَ بِهِمۡ خَصَاصَةࣱۚ وَمَن یُوقَ شُحَّ نَفۡسِهِۦ فَأُو۟لَـٰۤىِٕكَ هُمُ ٱلۡمُفۡلِحُونَ

“…гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) афзал кўрурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир”. [59:9].

Яна айтади:

إِنَّ ٱللَّهَ ٱشۡتَرَىٰ مِنَ ٱلۡمُؤۡمِنِینَ أَنفُسَهُمۡ وَأَمۡوَ ٰ⁠لَهُم بِأَنَّ لَهُمُ ٱلۡجَنَّةَۚ

“Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди”. [9:111]. (Бу савдода мўмин сотувчи каби бўлса, харидор эса Аллоҳдир. Инсон мўмин бўлиш билан жони ва молини Аллоҳга сотади. Жони ва молини Аллоҳ йўлида сарфлагани учун Аллоҳ Таоло мўмин бандасига жаннатни ато этади. Бу олди-берди билан савдо ниҳоясига етади. Шунинг учун мўмин-мусулмон киши савдони бузмаслик учун Аллоҳ йўлида жони ва молини беришга тайёр бўлиши керак).

Қуйидаги оятда Аллоҳ Таоло жаҳаннамдан сақланишга буюради:

یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ قُوۤا۟ أَنفُسَكُمۡ وَأَهۡلِیكُمۡ نَارࣰا وَقُودُهَا ٱلنَّاسُ وَٱلۡحِجَارَةُ عَلَیۡهَا مَلَـٰۤىِٕكَةٌ غِلَاظࣱ شِدَادࣱ لَّا یَعۡصُونَ ٱللَّهَ مَاۤ أَمَرَهُمۡ وَیَفۡعَلُونَ مَا یُؤۡمَرُونَ

Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва ахли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур. [66:6]

Энди Ҳизб ут-Таҳрирни экстремизм ва терроризмда айблаб, қонун йўли билан тақиқлашга тўхталиб ўтсак. Ўзининг хиёнати билан танилган Асқар Акаев ҳукумати Россия талабига кўра 2003 йилда маҳкама қарори билан Ҳизбни “экстремистик ҳаракат” деб эълон қилган ва фаолиятини тақиқлаган эди. Чунки у ўзининг коррупцияга доир ишларини, ноқонуний мулклари ва Россия манфаати учун қилаётган хиёнатларини Ҳизб оммага ошкор этишидан қўрқарди. Шундан сўнг Акаев худди Сталин 1937 йилда халқ қаҳрамонларини “босмачи” деб қоралаганидек, оммавий ахборот воситалари орқали Ҳизб аъзоларини халқ душмани сифатида кўрсата бошлади. Улар “Европа давлатлари манфаати йўлида халққа зарар етказади”, “беқарорлик яратишни мақсад қилади”, “хорижий давлатлардан уларга доллар келади” каби ёлғон айбловлар билан кечаю кундуз қораланди.

Бугунги кунда ҳам Акаев сиёсатини давом эттираётган ва унинг ёлғонларига эргашиб, Ҳизбга душманона муносабатда бўлаётганлар бор. Бироқ, Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг сўнгги пайтларда олиб борган ишлари Ҳизбга қўйилган айбловлар ёлғон эканлигини исботлади. Ҳизб 30 йил давомида бирор марта террорчилик ҳаракатини содир қилмагани, бундай ҳаракатларга ҳозирлик кўрмагани ва қурол кўтармаслиги аён бўлди.

Айни пайтда Ҳизб ут-Таҳрирни “экстремизм”да айблаш навбатдаги ёлғон айблов эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Яқин тарих буни тасдиқлаб турибди. Қирғизистонда уч марта амалга оширилган халқ қўзғолонида ҳокимият тепасида турганлар ўз лавозимларини ташлаб қочиб кетишди. Бироқ қулай вазият туғилган бўлишига қарамай, Ҳизб халқ билан чамбарчас боғланган бўлса-да, ҳокимиятни қўлга олишга уринмади. Аслида бу ҳолат улар айтганидек, ҳокимиятни қўлга олмоқчи бўлган “экстремистлар” учун қулай фурсат ҳисобланади. Агар Ҳизбнинг мақсади ҳокимиятни эгаллаб, халқни беқарорлаштириш бўлса, нима учун бундай имкониятдан унумли фойдаланмади?!

Бунинг сабаби шуки, Ҳизб бу тарзда ҳокимиятга келишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тариқатларига зид деб ҳисоблайди. У зотнинг тариқатларига кўра, ҳокимиятга келиш куч билан, алдов ёки “экстремистик” йўллар билан эмас, фақатгина халқнинг қўллаб-қувватлаши билан мумкиндир. Қуръон ва Суннатдан олинган бу йўл ўзгармаган ва қиёматгача ҳам ўзгармайди ҳам. Бу йўл “Ҳизб ут-Таҳрирнинг ўзгаришдаги манҳажи” китобида батафсил баён қилинган.

Бу тариқатга кўра, биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳам, ҳокимият вакилларига душман сифатида қарамаймиз. Бизнинг ягона душманимиз мустамлакачи кофирлардир.

Айни пайтда қирғиз менталитетида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари халққа зулм қилиш ва жазолашда эҳтиёткорона муносабатда бўлишади. Айниқса, диндор одамларга қарши иш олиб боришда улардан ёмонлик келади, деб билмайди. Чунки қирғизлардаги “етти отасини таниш” урфи у кимнинг фарзанди эканлигини яширишга имкон бермайди.

Шундай экан, суд ва прокуратура ҳам худди миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси каби ҳақиқатни халққа етказиши лозим. Аниқроғи, хоин ҳукуматнинг 2003 йилда чиқарган ноқонуний қарорини бекор қилиб, халққа хизмат қилган мард йигитларимизни озод қилишлари керак. Шунда оммавий ахборот воситалари ҳам халққа ёлғон маълумотларни эмас, ҳақиқатни тарқата бошлайди. Натижада Қирғиз жамиятининг куфр ва Ислом ўртасидаги курашда қайси сафда туриши шараф ва нусратга лойиқ экани аён бўлади, иншааллоҳ.

Туркистон

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here