Ялпи ички маҳсулот 1,5 триллион сомга етди, халқнинг ҳаёти енгиллашдими?
2024 йилда Қирғизистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 9 фоизга юксалиб, 1,5 триллион сомдан ошди. Бу ҳақда миллий статистика қўмитаси маълум қилди. Айни пайтда Республика бюджетининг даромади 430 миллиард 244 миллион сомни, харажатлари эса 405 миллиард 946 миллион сомни ташкил этиши ҳам маълум қилинди.
ЯИМ – бу мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматлар кўламидир. Бугунги кунда ушбу кўрсаткич иқтисодий ривожланиш ўлчовининг асосий воситаси ҳисобланади.
Мамлакатда ЯИМнинг ўсиши, аслида Жапаров ҳукуматининг ижтимоий жамғармани бюджетнинг даромад қисмига қўшиб ҳисоблагани натижасида келиб чиқмоқда. Аввалги ҳукуматлар ижтимоий жамғармани, тўғрироғи, фуқароларнинг нафақа (пенсия) тўловларини алоҳида ҳисоблаб келган. Бундан ташқари, ЯИМнинг ўсиши халқнинг қашшоқликдан қутулганини ёки турмуш даражаси яхшиланганини билдирмайди. Зеро, сармоядор ниқоби остида мамлакатга келиб, тоғ-кон ва бошқа корхоналарни ишлатиб, фойдасини хорижга олиб чиқиб кетаётган капиталистларнинг даромадлари ҳам ҳисобда ялпи ички маҳсулот таркибига киритилади. Аслида эса, капиталистларнинг даромадлари халқнинг турмуш тарзини яхшиланишига ҳеч қандай ҳисса қўшмайди. Халқнинг 33,2 фоизи ёки 2 миллион 333 минг нафари қашшоқликда яшаётганини ҳақидаги Миллий статистика қўмитасининг маълумоти ҳам буни тасдиқлайди. Ҳатто улардан 420 минг нафари (6%) жуда камбағал ҳолатда кун кечиради.
Демак, ЯИМнинг ортиши, бу ҳар бир шахснинг эмас, балки йирик компаниялар ва капиталистларнинг даромади ортганлигини билдиради. Чунки капитализмнинг табиати шундай, унда саноқли кишилар бойликнинг 90 фоизига эгалик қилади. Капиталистик тузумда бойлик ва даромад тенгсизлигини ўзгартириш мутлақо мумкин эмас. Масалан, Миллий статистика қўмитаси ўтган йили мамлакатдаги энг бой табақа камбағалларга қараганда 10 баробар кўп даромад олганини маълум қилди. Уч йил олдин, бу фарқ беш баробарни ташкил этган. Айни пайтда, 2024 йилнинг тўққиз ойида (январ-сентябрь ойларида) Қирғизистондаги молия ташкилотлари 115 миллиард сомдан ортиқ даромад олган. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 26 фоизга ёки деярли 24 миллиард сомга кўпдир.
Бу ҳодиса нафақат Қирғизистонда, балки капиталистик тузум ҳукмронлик қилаётган дунёнинг барча мамлакатларида мавжуддир. Халқаро “Оксфам” ташкилоти бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут кучайиб бораётганидан огоҳлантириб келади. Ташкилотнинг маълумотларига кўра, дунё халқининг 1 фоизи дунё бойлигининг 89 фоизига эгалик қилади. Дунёдаги 2153 миллиардернинг мол-мулки дунё халқининг 60 фоизини ташкил этувчи 4,6 миллиард кишининг мол-мулкидан кўпдир. БМТ ҳисоботига кўра, ривожланиб келаётган мамлакатлардаги хорижий инвестициялар фойдасининг 80 фоиздан ортиғи 20та бой давлатга оқиб боради. Дунёдаги энг бой учта одамнинг бойлиги энг қашшоқ 48 давлатнинг ялпи ички маҳсулотига тенг. Дунёнинг 200та энг бой одамининг бойлиги дунё аҳолисининг 42 фоизининг даромадидан кўпдир. Буларнинг барчаси мустамлакачи капиталистик тузумнинг нақадар адолатсиз ҳукмронлик қилаётганини кўрсатади.
Шунга қарамай, капиталистик тузум иқтисодчилари бундай тенгсизликни бартараф этиш учун ялпи ички маҳсулот миқдорини ошириш зарурлигини таъкидлаб келишади. Яъни ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни кўпайтириш керак, дейишади. Ҳақиқатда эса, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўпайиши билан қашшоқлик муаммоси ҳал бўлиб қолмайди. Масалан, БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили 1,3 миллиард тонна озиқ-овқат чиқиндиларга ташланади. Бу 750 миллиард долларга тенгдир. Шунинг учун айтиш мумкинки, ишлаб чиқариш ва хизматлар етарли даражада ҳатто ортиқчаси билан мавжуддир.
Демак, муаммонинг ечими ЯИМни оширишда эмас, балки бойликни тўғри тақсимлашдадир. Капитализм мулкка эгалик қилишда тўлиқ эркинлик беради. Шу сабабли, бойлар бозорларни, конларни ва жамият учун жуда муҳим бўлган ресурсларни эгаллаб олишган. Халқнинг катта қисми улардан маҳрумдир. Капитализмнинг чигал иқтисод низоми халқларни қашшоқлаштириш ва бойларнинг бойлигини яна-да орттириш асосида қурилган.
Бунинг муқобилида, Исломий иқтисод низоми эса олтин ва кумуш пулларга асосланади. Унда бойлик бир ҳовуч одамларнинг қўлида тўпланиб қолишига ва улар бойликларни хазина қилиб тўплашига ҳамда судхўрлик ва эвазсиз қоғоз пуллар босилишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, мустамлакачи давлатлар заиф мамлакатларни қарз занжири билан боғлаб, эксплуатация қилишиша йўл қўймайди. Исломий тузумда инфляция муаммоси бўлмайди ҳамда одамларнинг нархлар ошишидан ваҳимага тушиб, ортиқча товар сотиб олишига ҳожат қолмайди. Монополия, мол-мулкларни ноқонуний ўзлаштириб олиш ва ерни уч йилдан ортиқ ишлатилмай ташлаб қўйишни тақиқлайди. Қаровсиз қолдирилган ерни олиб, экин экадиган кишига беради ва деҳқонларга ёрдам кўрсатади. Бошқа давлатлар Исломни қабул қилиши, Исломга амал қилиши ва адолатсиз капитализмдан воз кечиши учун Ислом давлати уларга Исломнинг иқтисодий низомини муваффақиятли ва адолатли намуна сифатида тақдим этади.
Мумтоз Маверанаҳрий