Мўмин қўрқув ва умид ўртасида бўлади

22
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Мўмин қўрқув ва умид ўртасида бўлади

Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

رَوَى التِّرمِذِيُّ فِي سُنَنِهِ عَنْ أَنَسٍ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنهُ، أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ دَخَلَ عَلَى شَابٍّ وَهُوَ فِي المَوْتِ، فَقَالَ: «كَيْفَ تَجِدُكَ؟»، قَالَ: وَاللَّهِ يَا رَسُولَ اللَّهِ، إِنِّي أَرْجُو اللَّهَ، وَإِنِّي أَخَافُ ذُنُوبِي، فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا يَجْتَمِعَانِ فِي قَلْبِ عَبْدٍ فِي مِثْلِ هَذَا المَوْطِنِ إِلَّا أَعْطَاهُ اللَّهُ مَا يَرْجُو وَآمَنَهُ مِمَّا يَخَافُ

Имом Термизий “Сунан”ида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлим тўшагида ётган бир йигитнинг олдига кириб: “Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?” деб сўрадилар. У: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳдан умид қиляпман ва гуноҳларимдан қўрқаяпман”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон қалбида шундай ҳолат (умид ва қўрқув) мужассам бўлса, Аллоҳ Таоло унга умид қилган нарсасини беради ва уни қўрққан нарсасидан сақлайди”, дедилар.

وَرَوَى التِّرمِذِيُّ فِي سُنَنِهِ عَنْ أنَسٍ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «قَالَ اللَّهُ: يَا ابْنَ آدَمَ, إِنَّكَ مَا دَعَوْتَنِى وَرَجَوْتَنِى غَفَرْتُ لَكَ عَلَى مَا كَانَ فِيكَ وَلاَ أُبَالِى, يَا ابْنَ آدَمَ لَوْ بَلَغَتْ ذُنُوبُكَ عَنَانَ السَّمَاءِ ثُمَّ اسْتَغْفَرْتَنِي غَفَرْتُ لَكَ وَلاَ أُبَالِى, يَا ابْنَ آدَمَ إِنَّكَ لَوْ أَتَيْتَنِى بِقُرَابِ الأَرْضِ خَطَايَا ثُمَّ لَقِيتَنِى لاَ تُشْرِكُ بِي شَيْئًا لأَتَيْتُكَ بِقُرَابِهَا مَغْفِرَةً

Имом Термизий “Сунан”ида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ Таоло айтди: Эй инсон фарзанди, сен модомики Менга дуо қилиб, Мендан умидвор бўлар экансан, нима қилган бўлсанг ҳам, Мен сени мағфират қиламан. Эй Инсон фарзанди, агар гуноҳинг ҳатто булутларга етган бўлса ҳам, Мендан мағфират сўрасанг, мен сени ҳеч нарсага парво қилмай кечираман. Эй Инсон фарзанди, агар сен Менинг олдимга ер миқдорича гуноҳлар билан келсанг ва Менга бирор нарсани ширк келтирмаган бўлсанг, мен сенга ер миқдорича мағфират билан йўлиқаман”.

Бу борада Табароний Қунут дуоси ҳақидаги бобида шундай дейди:

اللَّهُمَّ إِيَّاكَ نَعْبُدُ، وَلَكَ نُصَلِّي وَنَسْجُدُ، وَإِلَيْكَ نَسْعَى وَنَحْفِدُ، نَرْجُو رَحْمَتَكَ، وَنَخْشِي عَذَابَكَ الْجِدَّ، إِنَّ عَذَابَكَ بِالْكُفَّارِ مُلْحقٌ

“Фақат Сенгагина ибодат қиламиз, фақат Сен учунгина намоз ўқиб, сажда қиламиз, Сенгагина талпинамиз ва Сенгагина шошиламиз. Сенинг Раҳматингни умид қилиб, қаттиқ азобингдан қўрқамиз, муҳаққақ Сенинг азобинг кофирлар учундир”.

Аллоҳ Таоло айтади:

إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتابَ اللَّه وَأَقامُوا الصَّلاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْناهُمْ سِرًّا وَعَلانِيَةً يَرْجُونَ تِجارَةً لَنْ تَبُورَ؛ لِيُوَفِّيَهُمْ أُجُورَهُمْ وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ إِنَّهُ غَفُورٌ شَكُورٌ

Албатта Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон Аллоҳдан ажру-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлу-карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У мағфиратли ва ўта шукр қилгувчидир (яъни озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)”. (Фотир: 29-30).

Яна айтади:

أَمَّنْ هُوَ قانِتٌ آناءَ اللَّيْلِ ساجِداً وَقائِماً يَحْذَرُ الْآخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لا يَعْلَمُونَ إِنَّما يَتَذَكَّرُ أُولُوا الْأَلْبابِ

“Ёки кечалари сажда қилган ва қиём-тик турган холда тоат-ибодат қилгувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг раҳмат-марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган кимса баробар бўлурми)?!» Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» Дарҳақиқат фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар”. (Зумар: 9).

Яна айтади:

إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَالَّذِينَ هاجَرُوا وَجاهَدُوا فِي سَبِيلِ اللَّه أُولئِكَ يَرْجُونَ رَحْمَتَ اللَّه وَاللَّه غَفُورٌ رَحِيمٌ

“Иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар — ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфират ва раҳм-шафқат қилгувчидир”. (Бақара: 218).

Мўмин учун қўрқув ва умид бир қушнинг икки қанотига ўхшайди! Қуш бир қанот билан уча олмайди. У фақат икки қаноти бўлсагига уча олади. Қўрқув нималигини ҳамма билади. Демак биз Умиднинг маъносини билишимиз керак. Умиднинг луғавий маъноси: Умид сўзи умидсизликка зид бўлган “رَجَا” сўзидан олинган. Ўтган замон феъли “رَجَا” чўзиқ алиф билан тугайди. “Фалончидан умид қилди”, “Яхшилик умидида келди”, “Умид билан сўради”, деган маъноларда келади.

Умид атамаси иккита маънога эга:

Биринчиси: Инсон фарзандининг Аллоҳнинг мағфиратига бўлган умиди. Бундай умид доимо Аллоҳ Таолодан умид қилиш билан У Зотдан қўрқиш ўртасидаги ҳолатда бўлиши керак. Банда қилган хатолари ва гуноҳлари кечирилишидан умидвор бўлади ва улар учун қаттиқ жазоланишидан қўрқади. Қўрқув ва умид ўртасидаги бундай мувозанат Аллоҳга итоат қилиш ва амал қилиш учун инсонга куч беради. Агар хатога йўл қўйса ёки гуноҳ қилса, умидсизликка тушиб қолишдан сақлайди. Чунки у агар Аллоҳ Таолога тавба қилиб, одамларнинг ҳақларини берса, Аллоҳ унга раҳм қилиб, кечиришини билади.

Иккинчиси, мусибат тугаб, енгиллик келишини, инсон бошига тушган мусибат ва машаққатларнинг тугашини ва ортидан яхшилик келишини кутишдир. Аммо умид билан орзу ўртасида фарқ бор. Умид – бу эҳтиёткорлик ва яхшиликни ўзида мужассам этган мувозанатли туйғу. У истак ва ҳаракатни бирлаштириш орқали амалга ошади. Орзу эса яхши кайфият устунлик қиладиган ҳиссиётдир. Умид билан истак ўртасида ҳам фарқ бор. Истак дангасаликка яқин бўлса, умид эса ҳаракат ва амалга яқин бўлади.

Ибн ал-Қаййум раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Умид – бу Аллоҳнинг раҳматининг кенглигига қарашдир”. Аллоҳ Табарака ва Таолонинг яхшилиги ва раҳм-шафқатидан шодланишдир. Умид – бу Аллоҳга бандаликдир. Бу Аллоҳнинг “яхшилик қилувчи” деган исмига боғлиқдир. У айтади: “Умид руҳи бўлмаганда, тана аъзолари итоат билан ҳаракатланмас эди. Ёқимли шамол бўлмаганда, кемалар денгизда сузмас эди”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Умиднинг маъноси шуки, ким бир айб иш қилса, Аллоҳ Таоло ҳақида яхши фикрда бўлиб, ундан гуноҳини ўчиришини умид қилади. Агар кимдир бирор иш қилса, унинг қабул қилинишидан умид қилсин. Ким тавба қилмайман ва азобланмайман деб гуноҳ қилган бўлса, у залолатдадир”.

Абу Усмон ал-Жиззий айтадилар: “Бахтнинг аломати тоат ибодат қилиб, лекин қабул бўлмаслигидан қўрқишдир”. Аммо Аллоҳ Таолога итоатсизлик қилиб, лекин нажотга умид қилиш бахтсизликнинг белгисидир”.

Кушайрия айтади: “Умид қалбни яқин келажакка боғлашдир”.

Роғиб айтди: “Умид – бу завқ келтирадиган нарсага эришишни талаб қиладиган ишончдир”.

Ал-Манавий айтади: “Умид – бу унга сабаб бўлган нарсадан фойда олишни кутишдир”.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида ётганда шундай дедилар: “Юрагим қаттиқлашиб, йўлларим торайганда, Роббимнинг мағфиратига умидимни нарвон қилдим. Гуноҳларим кўзимга катта бўлиб кўринганда, Роббимнинг мағфирати бундан ҳам буюкроқ эканини эсладим”.

Суфён раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Кимки гуноҳ қилса ва уни Аллоҳ Таоло унга тақдир қилиб қўйганини билса ҳамда унинг кечирилишидан умид қилса, Аллоҳ унинг гуноҳини мағфират қилади”.

Абу Имрон Ас-Суламий шеър айтаётиб, шундай деди:

Мен унинг (гуноҳнинг) катталигини била туриб, гуноҳ қилдим.

Биламанки, Аллоҳ кечиради, У мағфиратли Зотдир.

Агар одамлар гуноҳларни кўпайтирса ҳам,

Аллоҳнинг марҳамати билан улар қичраяди.

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

19 Жуммадус Саани, 1446ҳ йил.

21 Декабрь,                 2024м йил.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here