Ҳақиқий Исломни халққа ким етказади?
19 декабрь куни оммавий ахборот васиталари Жалолободда “Ҳизб-ут-Таҳрир” Исломий сиёсий партиясининг 22 нафар фаол аъзоси ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатди. Улар миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳибсга олинди. Куч ишлатар органларининг таъкидлашича, Ҳизб йигитлари “Эътиқод эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун лойиҳасига қарши, қонунга зид равишда диний ташкилотлар ўртасида варақалар тарқатганликлари гумон қилинмоқда.
Шу билан бирга, Ҳизб йигитларининг ҳибсга олишда уларга қилинган муносабат, ва Ҳизб ҳақида берилган баёнотлар одамларни улардан нафратлантиришга қаратилганлиги кўриниб турибди. Дарҳақиқат, “диний экстремизм” – бу дунёдаги гегемон кофир давлатлар Исломга қарши курашиш учун ўйлаб топган уйдурмадир. Ушбу уйдурмага биноан “Ҳизб-ут-Таҳрир” партияси Қирғизистонда экстремистик ташкилот, айрим мамлакатларда эса террорчи ташкилот деб эълон қилинди. Бироқ, соғлом фикрга эга бўлган ҳар бир киши – маълумотларни тўғри боғлаш билан – йигитларга қўйилган айбловнинг ёлғонлигини осонгина билиб олиши мумкин.
Масалан:
– Ҳизбнинг дунё бўйлаб фаолият юритиб келаётганига етмиш йилдан ошди. Шу давр мобайнида – ўша кофирлар айтаётган таърифга тўғри келадиган – бирорта ҳам экстремистик ёки террористик ҳаракат содир этгани кузатилмаган. Ҳатто сохта айбловларни ёпиштириш учун махсус сценарийлар уюштирилганда ҳам Ҳизбнинг бундай ишларни қилгани ҳеч қачон исботланмаган, аксинча сценарий уюштирганларнинг ўзлари шарманда бўлган.
– Қирғизистоннинг ўзида ҳукумат, ўзлари берганган таърифга биноан, экстремистик йўл билан 3 марта алмашди. Аслида, ҳукумат тепасига келиб-кетган раҳбарларимиз ҳам халқ орасидан чиққан яхши одамлардан бўлган. Бироқ, улар халқни бошқариш учун татбиқ қилаётган тузум – бу демократия ниқоби остидаги капитализмдир. Бу тузумдаги ўлчов фойда-зарардан иборат. Шунинг учун бу раҳбарлар ўзлари учун фойдани кўрганда, халққа етаётган зарарни унутишди. Халққа келадиган фойда ўзлари учун зарарли бўлса халқнинг фойдасидан кўз юмишди. Бу капитализмнинг табиатидир. Капитализмда, агар раҳбарлар халққа яхшилик қилган бўлса, улар бундан катта фойда олишларига ишонганлари учунгина қилган бўлади. Ҳатто улар ҳокимиятга келиш фойдали эканини билгани учун ҳеч иккиланмай экстремистик йўл билан келаверадилар. Айтиб ўтганимиздек, бунга 3 марта гувоҳ бўлдик. Бироқ, Ҳизб буларнинг ҳеч бирига аралашган эмас. Чунки у фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган тариқатга амал қилади.
– Ҳизбнинг китобларига қаранг, ҳизбийлар нимани ўргатишаётганига эътибор беринг, уларда экстремистик нима бор? Ҳизб фойда-зарарни ўлчов қилиб олган капитализмини бутун дунёнинг бошига келган бало деб билади. У Исломни тушунишга, тушунтиришга, ҳалол ва ҳаромни миқёс қилиб олишга ва шу тузумда яшашга чақиради.
Масалан, ҳукумат ҳам ва у бизга қарши қўяётган муфтиёт ҳам мусулмон халққа ҳақиқий Исломни ўргатмайди. Ҳукумат назарида дин демократияга мослашган бўлиши керак, яъни Исломнинг фақат капиталистик тузум рухсат берган қисмини ўргатиш ва шунга амал қилиш керак. Муфтиёт эса, бу ишларда ҳукуматга шариатдан йўл топиб беради. Аҳвол шундай бўлгач, аҳолиси мусулмон бўлган бу Исломий юртда динни ким ўргатади? Ҳукумат ва муфтиёт ҳанафий мазҳабига амал қилиш ҳақида тинимсиз гапиради. Бироқ, айни пайтда ҳанафий мазҳабининг бошқарув ёки иқтисодга оид китоблари ўқитилмайди. Зеро, давлат таълим дастурида демократик бошқарув ва капиталистик иқтисодиёт ўқитилади. Мадрасалар эса фақат ибодат ва одоб-ахлоқни ўргатишга чекланган. Аслида, бу соҳада ҳанафий мазҳабидаги китоблар ўқитилган тақдирда ҳам, ҳозирги янги муаммоларни ҳал қилиш учун етарли бўлмайди. Чунки у китоблар ёзилган пайтда, БМТ, Жаҳон банки, акциядорлик жамиятлари, суғурта компаниялари ва биткоин каби масалалар бўлмаган. Бинобарин, бундай янги ҳодисаларга оид шариат ҳукмларни ишлаб чиқиш учун мужтаҳидларнинг ижтиҳоди зарурдир. Масалан, олдинги китобларнинг “китобул байъ” (савдо китоби) бобларида ўша даврдаги иқтисод ҳукмлари баён қилинган, лекин улар бугунги иқтисодиётни тўлиқ қамраб ололмайди.
Шундай экан, мусулмон халқимизга ва Исломга чанқоқ келажак авлодимизга Исломдаги бошқарув низоми, иқтисод низоми, ижтимо низоми, жазо-чоралар низоми, таълим-тарбия ва ҳатто Ислом тарихини ким ўргатади. Исломга қарши дунёвий тузумни тиқиштираётган демократик давлатлар ўргатадими? Уларга малайлик қилаётган араб режимлари ўргатадими? Халқимиз ичида демократияни тарғиб қилаётган нодавлат ташкилотлар ўргатадими? Ҳукумат буларни таълим дастурига киритадими? Муфтиёт уларга мос дастур билан таъминлаб берадими? Ваҳолангки, ҳукумат ва муфтиёт мусулмон аҳолига Ислом динини ўзимиз ўргатамиз, деб бонг уриб келади! Демак динимиз талаб даражасида ўргатилмаётган бўлса, кимдир уни ўргатиш керакми? Энди шу билимларни ўргатмоқчи бўлган фуқаролар қачонгача экстремист ҳисобланади. Аслида, улар ҳукумат ва муфтиёт каби имкониятларга эга эмаслар. Бу йигитлар бугунги оғир замонда ўз халқига динни ўргатиш учун молу-жонларини қурбон қилмоқда. Қачонгача Исломни ўргатиш экстремизм тамғаси босилган жиноят бўлиб қолаверади?
Энди булар ҳам етмагандек, янги қонун қабул қилиш билан – даъват ва яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш олдига янги тўсиқлар қўймоқчи бўляпсиз. Даъватчилар ҳамда яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчиларга ҳам борган сари қаттиқроқ чекловлар қўйяпсиз. Қолаверса, масжид, мадраса, ҳужралардаги Исломий таълимларга ҳам қарши кураш олиб боряпсиз. Бу ишларингизни қоралаб, халққа етказганларни эса экстремизмда айблаб, ҳибсга оляпсиз. Қачонгача бу халқни алдайсиз, ёлғонларингиз фош бўлиб қолганда қандай аҳволга тушасиз? Охиратда эса Аллоҳнинг ҳузурида, ошкора ва яширин барча нарсалар ошкор бўладиган Кунда, қандай қутуласиз?! Дунёвий-капиталистик ҳокимиятингизни мустаҳкамлаш учун динингизни сотдингизми?.. Динингизни тўлиқ ўрганиш ва ўргатиш вақти келмадими? Қачонгача фақат кофир давлатларнинг капитализмига мослашган ва улар рухсат берган диннинг қисмлари билан халқни алдаб юрасизлар? Аллоҳ Таоло айтади:
أَفَتُؤْمِنُونَ بِبَعْضِ الْكِتَابِ وَتَكْفُرُونَ بِبَعْضٍ فَمَا جَزَاءُ مَنْ يَفْعَلُ ذَلِكَ مِنْكُمْ إِلَّا خِزْيٌ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يُرَدُّونَ إِلَى أَشَدِّ الْعَذَابِ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ
“Ё китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, қиёмат кунидан эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмасдир”. [2:85]
Яна айтади:
يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
“Эй мўминлар, тўла ҳолдаги Исломга кирингиз! (Яъни, Исломнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, баъзиларига итоат қилмайдиган кимсалардан бўлмангиз)! Ва шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир”. [2:208]
Абдулҳаким Қорахоний