Қирғизистонда бой ва камбағал ўртасидаги тафовут уч йил ичида икки баравар ортди
Уч йил аввал Қирғизистонда халқнинг энг бой қатлами камбағалларга қараганда 5 баробар кўп даромад олган. Ҳозирда бу фарқ 10 баробардан ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Баёнотда айтилишича, 2023 йилда энг кўп даромад олган 20% табақа қолган халқ даромадининг деярли ярмини (48%) қўлга киритган. Энг камбағал табақа эса даромаднинг атиги 4,6 фоизини олган. 2020 йилда энг бой табақа энг камбағал табақадан 5,9 баробар кўп даромад олган бўлса, кейинги йилларда бу фарқ ортиб, 2023 йилда 10,5 баробарга етди. Расмий статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда халқнинг 25,3 фоизи камбағал деб топилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 29,8 фоизга етган.
Оддий халқ қашшоқликда кун кечираётган бир пайтда расмий ҳукумат солиқ ва тўлов турларини кўпайтириб, халқнинг юкини янада оғирлаштирмоқда. Айни пайтда ҳукуматнинг энг юқори поғонасидаги амалдорлар коррупцион йўллар орқали миллиардлаб сомлик даромадларни қўлга киритмоқда. Куни кеча солиқчиларнинг бюджетдан 30 миллиард сомдан ортиқ маблағни ўмаргани бунга ёрқин мисол бўла олади. Ушбу воқеадан сўнг Солиқ хизматининг раҳбари ва унинг ўринбосари ҳибсга олинди.
Айтиб ўтиш лозимки, бундай ҳодисалар нафақат Қирғизистонга, балки капитализм ҳукм сураётган дунёнинг ҳар бир ерида мавжуддир. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, пандемия даврида миллиардерларнинг бойлиги 3,9 триллион долларга ошган, қолган халқнинг даромадлари эса 3,7 триллион долларга камайган.
Бунга муқобил равишда, Исломда бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқни камайтирадиган иқтисодий сиёсат мавжуд. Шунингдек Ислом капитализмда бўлгани каби бюджетни тўлдириш учун солиқ сиёсатига таянмайди. Балки Ислом бойликни бир жойга жамламасликни ва унинг жамиятнинг барча табақалари ўртасида тақсимланишини таъминлашни мақсад қилади. Бунинг учун Исломда қуйидаги механизмлар амалга оширилади:
- Закот ва садақа:
Закот – бу бойларнинг йиллик даромадидан бир қисмини (2,5%) камбағал ва муҳтожларга ажратиладиган маблағдир. Бу механизм жамиятнинг энг заиф қатламларини қўллаб-қувватлайди ва бойликнинг бир ҳовуч одамлар қўлида тўпланиб қолишига йўл қўймайди. Зеро, закот фақат Қуръонда тилга олинган 8 тоифа кишиларга берилади. Бундай бевосита ёрдам бериш ижтимоий тенглик муҳитини пайдо қилади. Аллоҳ Таоло айтади:
إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنْ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ
“Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир”. (Тавба: 60).
- Қарзларни енгиллатиш:
Ислом қарздан кечиш ёки уни қайтаришда имтиёзлар бериш орқали муҳтожларнинг аҳволини енгиллаштиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қарздан кечишни энг яхши амал деб ўргатганлар. Бугунги кунда ушбу тамойилни қўллаш молиявий қийинчиликларга дуч келган фуқароларга ёрдам беришнинг самарали усули ҳисобланади.
- Монополия ва адолатсиз савдога қарши кураш:
Ислом монополия ва ноҳақ қимматчиликларни тақиқлашни талаб қилади. Савдогарлар ва тадбиркорлар нафақат пул тўплаш, балки ўз меҳнати билан жамиятга фойда келтиришга интилиши керак. Ушбу тамойил давлат даражасида амалга оширилади ва даромадларни адолатли тақсимлашга ёрдам беради.
- Адолатли иш ҳақи ва имкониятлар:
Ислом ҳар бир фуқарога муносиб ишга жойлашиб, етарли маош олиш имкониятини яратиб беради. Иш билан таъминлаш дастурлари орқали камбағалларнинг турмуш шароитини яхшилаш мумкин. Бундан ташқари, давлат камбағалларга таълим ва касб-ҳунар ўргатиш курсларини ташкил қилиш орқали пул топишга шароит тузиб беришга қодир.
- Бойларнинг жамият олдидаги масъулияти:
Исломда бойлар нафақат ўз манфаатларини кўзлаши, балки жамият ҳаётини яхшилаш учун жавобгар бўлиши керак. Улар ижтимоий дастурларни молиялаштириш, фақирларга ёрдам бериш ва инфратузилмани ривожлантириш орқали халқнинг турмуш шароитини яхшилаши мумкин.
Исломда давлат бюджети (Байтулмол) даромадига келсак, у қуйидагилардан иборат:
- Ўлжа – мусулмонлар кофирларга қарши жангда қўлга киритган бойликлар, пуллар, қуроллар ва ҳоказо.
- Фай – мусулмонлар кофирларга қарши урушсиз, тўғрироғи, ҳарбий ҳаракатларсиз қўлга киритган бойликлар.
- Хирож – мусулмонлар кофирлардан олишлари керак бўлган тўловдир. Жиҳод ёки келишув билан қўлга киритилган ҳудуддаги кофирларнинг деҳқончилик ерларидан хирож олинади.
- Жизя – Ислом давлатига бўйсунган ҳудудлардан олинадиган тўловдир. Бунинг эвазига мусулмонлар бу минтақа хавфсизлиги ва тинч ҳаёт учун масъулиятни ўз зиммаларига оладилар. Жизя балоғатга етган эркаклардан йилига бир мартагина олинади.
- Жамоат мулкининг даромадлари – бу Аллоҳ Таоло бутун халққа мулк қилиб берган, ундан фойдаланишни мубоҳ қилган ва шахсларнинг унга эгалик қилишини ман этган мулк туридир. Сув манбалари, яйловлар, кўллар, дарёлар, нефт, газ, кўмир, олтин конлари ва бошқалар каби. Бу турдаги мулкдан олинган барча даромад мусулмонлар ўртасида тақсимланади.
- Давлат мулки ва унинг даромадлари. Бўш жойлар, бинолар каби. Ҳукумат ушбу мулкни сотиш ёки ижарага бериш орқали даромад олиши мумкин.
- Божхона тўлови. Бу мамлакат чегарасидан товар олиб ўтувчи ғайримусулмон савдогарлардан олинади. Унинг миқдори ўша ғайримусулмоннинг давлати мусулмон савдогарлардан оладиган миқдорга тенг бўлади.
- Давлат раҳбари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний мулклари. Волийлар, ҳокимлар ва барча давлат амалдорлари ўз мансабидан фойдаланиб қўлга киритган бойликлар шу тоифага киради. Улар хизмат вақтида давлат томонидан бериладиган маошдан ташқари даромадга эга бўлиши мумкин эмас.
- Жарималар – қонунларни бузган томонларга давлат томонидан бериладиган молиявий жазо.
- Хумус – ер ости бойликлари, олтин, кумуш, қимматбаҳо тошлар каби топилмаларнинг 5/1 қисми Байтулмолга топширилади. Ушбу турдаги мулк хумус деб аталади.
- Меросхўри бўлмаган шахснинг мулки ҳам Байтулмолга ўтади.
- Муртадларнинг мулки. Муртад бўлган киши, уч кун ичида тавба қилмаса, ўзи қатл қилинади, мол-мулки Байтулмолга топширилади.
Бу даромадлар уммат манфаатларини таъминлашга етарли бўлгани учун Исломда халқдан доимий равишда солиқ олинмайди. Фавқулодда вазият юзага келиб, зарурат туғилса, ўша эҳтиёж даражасида мусулмонлардан ихтиёрий тарзда маблағ йиғилади. Агар бу маблағ ҳам эҳтиёжни қоплаш учун етарли бўлмаса, бойлардан солиқ олиниши мумкин. Бу эса бой бўлишни тақиқлаш эмас, аксинча, ижтимоий тенгсизлик ва зарарни бартараф этиш ҳисобланади. Ислом назарида “бой” сўзи ўзининг асосий ва камолий эҳтиёжларини қондириш учун етарли маблағга эга бўлган кишилар учун ишлатилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
خَيْرُ الصَّدَقَةِ مَا كَانَ عَنْ ظَهْرِ غِنًى
“Садақанинг энг яхшиси ўз эҳтиёжидан ортганидир”.
Бу даромад манбалари орқали “Ислом давлати” ўтмишда ер юзидаги энг осуда ҳаёт кечирган давлат бўлган. Бундай сиёсат билан ҳозирда халқ мулкига эгалик қилиб, халқнинг елкасига оғир юклар юклаётган капиталистларнинг зулмига йўл қўйилмайди. Бу тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш учун қирғиз халқи ва бутун Ислом Уммати Исломга асосланган тузумга ўтиши зарур. Ислом давлатида ўз ҳаққини тўлиқ олган фақир бир йил ўтмай закот берадиган даражага етади! Бунга тарих гувоҳ. Исломнинг иқтисодий асослари Қирғизистондаги ва бутун дунёдаги тенгсизликни бартараф қилади ва ижтимоий адолатни таъминлайди.
Мумтоз Мовароуннаҳрий