Қирғизистонда электр нархи яна ошади

40
0

Қирғизистонда электр нархи яна ошади

2025 йил 1 майдан эътиборан Қирғизистонда электр энергиясининг нархи 20-23 тийинга ошади. Бу ҳақда 19 декабрь куни энергетика вазири Таалайбек Ибраев Бишкекда бўлиб ўтган брифинг чоғида маълум қилди.

“Электр энергиясининг ҳозирги нархи унга сарфланган чиқимни оқламайди. Электр энергияси тарифи тахминан 15-20 фоизга ошади. Бугунги кунда 700 кВт/соатгача бўлган тариф нархи 1,11 сом бўлса, энди унга 20-23 тийин қўшилади”, — деди Ибраев.

Ҳозирда Қирғизистонда 1 кВт/соат электр энергияси 1 сом 11 тийин этиб белгиланган. 700 кВт/соатдан ортиқ истеъмол қилган абонентлар 1 кВт/соат учун 2 сом 16 тийиндан тўлайди.

Изоҳ:

Мамлакатда электр энергияси тарифлари мунтазам равишда ошиб бораётган бўдса-да, бироқ совуқ мавсумда аҳолига электр энергияси етарли даражада етказиб берилмайди. Ҳатто, электр таъминотида узилишлар юз бермоқда. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатдаги капиталистлар майнинг фермаларини ишлатиш учун электр энергиясини арзон нархда сотиб олишмоқда. Масалан, “МБТ Строй” компанияси “Қамбар-Ота-2” ГEСига 1,5 млрд. сом сармоя киритиб, уни электр энергияси сифатида қайтариб олмоқда. Мазкур компания “Қамбар-ота”га киритган сармоясини оқлаш учун 5-10 йил давомида ГEСдан 50-60 тийиндан энергия олишни режалаштирган. Маълумки, расмий идоралар электр энергиясининг таннархи 2 сом 38 тийин эканини айтиб келади. Бироқ, капиталистларнинг манфаатлари ҳақида гап кетганда, бу таннархлар 60 тийиндан ҳам пастга тушиб қолади.

Аслида, Қирғизистоннинг энергетика инқирозидан чиқа олмаслигининг сабаби электр тарифлари нархининг арзонлиги эмас, балки энергетика тармоғидаги коррупция ва капиталистларнинг турли найрангларидир. 1997 йилда Жаҳон банки тавсиясига кўра “Қирғизэнерго” корхонаси уч қисмга бўлинганидан кейин бундай коррупцион ишлар янада кучайди. Масалан, “Электр станциялар” корхонаси ГEСларда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг таннархини турли алдов йўллари билан ҳисоблайди-да, орадаги фарқни тегишли мутасаддилар чўнтагига уриб қўяди. Бошқа томондан, капитализм табиатига кўра, ГEСларни шахсларга топшириш учун ҳар йили корхонани банкрот қилиш мақсадида харажатлар ортиқча кўрсатилади. “Электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ишлаб чиқарилган энергияни юқори вольтли электр симлари орқали тақсимловчи ташкилотларга етказиб бериб, фойда кўради. Мисол учун, у “табиий” йўқотиш миқдорини 5% атрофида деб ҳисоблайди. Аммо мутахассисларнинг таъкидлашича, юқори вольтли электр узатиш линияларининг табиий йўқотиши фақат 1% атрофида. Демак, амалдорлар “табиий” йўқотиш ҳисобига киритилган электр энергиясининг 4 фоизини хорижий давлатларга сотади.

Электр энергиясини тарқатувчи компаниялар эса, уни 35 тийиндан 42 тийингача сотиб олади. Улар орасида давлат корхоналари “табиий йўқотиш” баҳонасида уриб қолади. Бундай йўқотиш бир пайтлар 50% гача чиққан эди. Ҳозирда 22% атрофида эканлиги айтилмоқда. Бу ҳам 3 миллиард кВт/соат, яъни бутун Курпсой ГEСи томонидан ишлаб чиқарилган энергиянинг изсиз йўқолишини англатади. Бироқ хусусий компанияларда “табиий йўқотиш” деярли бўлмайди. Чунки улар энергияни сотиб олгани сабабли давлат корхоналари каби “табиий йўқотишлар”нинг уларга фойдаси йўқ.

Электр энергиясини тарқатувчи компаниялардан ташқари уларгача бўлган воситачи компаниялар ҳам фаолият кўрсатади. Бу воситачи хусусий корхоналар халқ ҳисобидан фаолият юритувчи корхоналардир. Уларнинг кўпчилиги ўз вақтида трансформаторлар ва электр узатиш линияларини арзон баҳога хусусийлаштириб олишган. Уларнинг ҳар бири олдинги ёки кейинги энергетика амалдорларидан бирига бўйсунади.

Қолаверса, амалдорлар суғориш вақтида Ўзбекистон ва Қозоғистонга сув сотиш орқали пул топишади. Сўнгра қиш учун электр энергиясини сотиб олиш учун шартнома тузиб, яна пул ишлашади. Бирин-кетин келган ҳукуматлар бундай чигал коррупцион схемаларни йўқ қилиш ўрнига электр тарифларининг нархини кўтариш орқали халқни кўпроқ талашга ҳаракат қилиб келмоқда. Уларнинг сайловдаги қуруқ шиорлари ўткинчи алдов бўлишига қарамай, халқ сўнгги умид билан кейинги хиёнаткор сиёсатчиларга алданишда давом этмоқда.

Ҳар бир янги келган президентнинг электр энергияси нархини кўтариш учун ўзига яраша сабаби бор. Бу эса, ушбу соҳа учун хориждан олинган катта маблағлар ва уларнинг коррупцион йўллар билан чап чўнтакка урилишидир. Қирғизистон 1992 йилдан бери энергетика соҳасига 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлади.  Уларнинг асосий қисми кредитлар, ссудалар ва грантлар шаклида хорижий молия ташкилотларидан олинган маблағлардир. Ҳар сафар кредит олиш учун шартнома тузилганда тармоқни “модернизация қилиш” баҳона сифатида тилга олинади. Бироқ бундай катта миқдордаги кредитлар олинганига қарамай, мамлакатнинг энергетика тармоғи ҳали ҳам ночор аҳволда қолмоқда.  Бу эса энергетика соҳаси коррупциянинг ўчоғига айланиб қолганлигини тасдиқлаб турибди. Бундан ташқари, ушбу кредитлар халқаро молиявий ташкилотлар томонидан ажратилаётганда, электр энергиясининг нархини кўтариш талаби қўйилади. Шунингдек, улар хусусийлаштириш ва электр тарифларининг нархини ошириш орқали ўлкамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархи кўтарилишини хоҳлашади. Натижада маҳаллий тадбиркорлар чет эл капиталистларининг арзон нархлардаги товарлари қаршисида рақобатлаша олмай қолади.

Хулоса қилиб айтганда, муаммонинг асосий сабаби бошимиз узра қора булутга айланган капиталистик тузум ва энергетика тармоғидаги коррупционерлардир. Улар аҳолининг асосий эҳтиёжи бўлган электр энергиясини хусусийлаштириш орқали катта даромад олмоқда. Шундай экан, халқ капитализмни инкор этиб, Исломни тиклашга уринаётган етакчилар орқалигина бундай аянчли вазиятдан қутилиши мумкин. Халқни алдаган раҳбарларга яна умид боғлаш – бир индан икки марта чақилиш ҳисобланади. Бу эса, мусулмонлар учун жоиз эмас!

Нурдин Асаналиев

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here