Дуо ибодатнинг мағизидир

14
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Дуо ибодатнинг мағизидир

Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ الدُّعَاءُ مُخُّ الْعِبَادَةِ

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дуо ибодатнинг мағизидир”, дедилар.

Жоми ут-Термизийнинг шарҳи «Туҳфатул Аҳвазий»да шундай дейилади: “مُخُّ” сўзи замма билан келган. Бу сўз мия, суяк илиги, кўз қорачиғи каби барча нарсаларнинг ўзагига нисбатан ишлатилади. Бунинг маъноси дуо ибодатнинг ўзаги ва мағизи эканлигини белгилашдир. Зеро, дуо қилувчи бошқа ишлардан умидини узганида Аллоҳга дуо қилади. Бу тавҳид ва ихлоснинг ҳақиқатидир. Бу иккисидан ўтадиган ҳеч қандай ибодат йўқ.

Ибн ул-Арабий айтади: “Мия аъзоларни ҳаракатга келтирувчи кучдир. Дуо эса ибодатнинг миясидир. У орқали ибодат қилувчиларнинг ибодати мустаҳкамланади. Чунки у ибодатнинг руҳидир”. Баъзи муфассирлар Аллоҳ Таолонинг қуйидаги:

إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي

“Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар деган сўзларини “Улар менга дуо қилишдан такаббур қилганлар”, деб тафсир қилишган.

Азиз биродарлар!

Дуо – бу банданинг Роббисига қиладиган илтижосидир. Дуо қилишга ундайдиган ва тарғиб қиладиган жуда кўп оятлар ва ҳадиси шарифлар мавжуд. Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзлари шулар жумласидан:

وإذا سألك عبادي عني فإني قريب أجيب دعوة الداع إذا دعان،

“Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларининг дуосини ижобат қиламан”.

أمن يجيب المضطر إذا دعاه ويكشف السوء ويجعلكم خلفاء الأرض،

“Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?!”.

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

ما من مسلم يدعو بدعوة ليس فيها إثم ولا قطيعة رحم إلا أعطاه الله بها إحدى ثلاث: إما أن يعجل له بدعوته، وإما أن يدخرها له في الآخرة، وإما أن يصرف عنه السوء مثلها.

Қайси бир мусулмон гуноҳ қилмаган ва қариндошлик ришталарини узмаган ҳолда Аллоҳ Таолога дуо қилса, Аллоҳ унга шу дуосининг эвазига уч нарсадан бирини беради: Ё сўраган нарсасини тезда беради, ё шу дуони унинг охиратига олиб қўяди, ё шу дуочалик ёмонликни ундан буриб юборади.

Мусулмон кишига яхшиликда ҳам, ёмонликда ҳам, яширин ҳам, ошкора ҳам Аллоҳ Таолодан ажр олиш учун дуо қилиш тавсия қилинади. Дуо қилишда Аллоҳ Таолога бўйсуниш ва фақат Унга муҳтожлик намоён бўлади. Баъзилар нега шунча кўп дуолар қилинишига қарамай Фаластин ёки Ироқ озод бўлмаяпти? Нега биз яҳудийларни эртаю кеч лаънатласак ҳам, Аллоҳнинг азоби уларга тушмаяпти? Нега Аллоҳ Америка ва Британиядан қасос олмаяпти? Нега биз тинмай дуо қилсак ҳам, Аллоҳ Таоло биздан бундай қимматчилик, фақирлик ва парчаланишни олиб ташламаяпти? Доимо “Эй Аллоҳим, ҳолимизни ўзгартир”, “Аллоҳим, осон қил”, деб дуо қилсак ҳам, нега Аллоҳ Таоло аҳволимизни ўзгартирмаяпти? деб сўраши мумкин.

Азиз биродарлар!

Дуо сабабсиз ҳеч нарсага олиб келмаслигини унутмайлик. Бошқача айтганда, сабабини қилмай туриб дуо қилиш билан вазият ўзгармайди. Агар шундай бўлганда, Аллоҳ Таоло ҳеч бир ҳаракатсиз ғалабани ато этган зотларнинг энг муносиби севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлар эдилар. Агар биз ҳақиқатан ҳам Фаластин, Ироқ ва бошқа жойларни озод қилмоқчи бўлсак, яҳудийларни юртимиздан қувиб чиқаришни хоҳласак, аҳволимизни ўзгартирмоқчи бўлсак, севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб, тинимсиз ҳаракат қилишимиз керак. Дуо қилиш ва ундан кўзланган мақсадга келсак, дуони Аллоҳ Таолонинг амрига итоат қилиш билан савоб олиш умидида ибодат сифатида қиламиз. Намоз ва рўза ибодат бўлгани каби, дуо ҳам ибодатдир. Мўмин инсон дуо қилиб, Аллоҳ Таолодан дунё ва охиратга оид эҳтиёжлари ёки бошқа дуолари қабул бўлишини сўрайди. У Зотнинг амрига бўйсуниш билан савоб олишга интилади. Сўзимиз сўнгида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини эслатиб ўтмоқчимиз:

وَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَتَأْمُرُنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلَتَنْهَوُنَّ عَنْ الْمُنْكَرِ أَوْ لَيُوشِكَنَّ اللَّهُ أَنْ يَبْعَثَ عَلَيْكُمْ عِقَابًا مِنْ عِنْدِهِ ثُمَّ لَتَدْعُنَّهُ فَلَا يَسْتَجِيبُ لَكُمْ

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар албатта маъруфга буюриб, мункардан қайтарасизлар, акс ҳолда Аллоҳ сизларнинг устингизга Ўз даргоҳидан бир жазо юборур. Кейин дуо қилаверасизлар (лекин) У Зот дуоларингизни ижобат қилмайди».

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

23 Жуммадул Увла, 1446ҳ йил.

25 Ноябрь,                 2024м йил.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here