Жапаровнинг Сеулга расмий ташрифидан кўзланган мақсад

45
0

Жапаровнинг Сеулга расмий ташрифидан кўзланган мақсад

Қирғизистон президенти Садир Жапаров расмий ташриф билан Жанубий Кореяга бориб, давлат раҳбари Юн Сок Ёл билан учрашди. Бу ҳақда президент маъмурияти хабар қилди.

Хабарда айтилишича, икки давлат раҳбарлари Корея ва Қирғизистон ўртасида инклюзив шериклик ўрнатиш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилган. Шунингдек, иқтисодиёт, инвестисия, энергетика, экология, солиқ, қишлоқ хўжалиги ва таълим соҳаларида 22та ҳужжат имзоланди. Учрашувда Корея раҳбари Марказий Осиёнинг Европа билан Осиёни боғловчи кўприк сифатидаги стратегик аҳамиятини таъкидлаб, июн ойида Корея-Марказий Осиё ҳамкорлигини таклиф қилганини маълум қилди.

Жапаров эса, Қирғизистон ва Жанубий Корея давлатлари Осиё-Тинч океани минтақасидаги имтиёзли ҳамкорлардан бири эканлигини, келгуси йилда Марказий Осиё ва Корея давлат раҳбарларининг саммити ўтказилиши ўзаро сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлишини таъкидлади.

Изоҳ:

Маълумки, Жанубий Корея стратегик жиҳатдан АҚШга қарам давлатдир. АҚШ Жанубий Кореяга энг кўп сармоя киритган давлат ҳисобланади. Бу мамлакатда АҚШнинг йирик компаниялари фаолият юритади. Шунинг учун Кореянинг бошқа давлатлар билан олиб бораётган сиёсати АҚШ манфаатлари доирасида олиб борилади. Шу боис Корея, Япония ва Туркия каби давлатлар билан ҳамкорлик қилиш Американинг минтақадаги давлатларни Хитой ва Россиядан ажратиб қўйиш сиёсатига хизмат қилади. Айниқса, Хитойнинг минтақадаги таъсири ортиб бораётгани ва стратегик аҳамиятга эга соҳалар хитойлик сармоядорлар қўлига ўтиб бораётгани сабабли АҚШ учун минтақадаги муқобил иқтисодий таъсирини кучайтириши муҳимдир. Хитойнинг минтақа давлатлари билан ўзаро савдоси Россияникидан ошиб кетган бир пайтда бу жуда муҳимдир. Масалан, Марказий Осиё ва Россия ўртасидаги савдо алоқалари 40 миллиард долларни ташкил этади. Бу Россияга нисбатан санкциялар жорий этган Ғарбдан Марказий Осиё орқали товарлар савдоси 300 фоизга ошганидан сўнгги кўрсаткичдир. Айни пайтда Хитой ва минтақа давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 60 миллиард доллардан ошди.

Шунинг учун АҚШ дунё жабҳасида ўзига рақиб деб билган Хитойнинг Марказий Осиёга тўлиқ таъсир ўтказишига қарши чора кўрмоқда. Бунинг учун C5+1 форматидаги саммит Президент даражасига кўтарилиб, Байден минтақа давлатлари раҳбарларини АҚШда қабул қилди. Бироқ Американинг минтақадаги имкониятлари чеклангани учун Ҳиндистон ва Япония ҳам C5+1 форматида саммитлар ташкил қилмоқда. Эндиликда Корея ва Марказий Осиё ўртасида C5+1 форматидаги саммит ташкил этилмоқда.

 Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда капитализм ҳукмронлик қилаётган дунёдаги босқинчи давлатлар қайси минтақада бўшлиқ вужудга келса, оч қолган итлар каби ўша жойга етиб боришмоқда. Ҳозирги пайтда бундай бўшлиқ Марказий Осиёда кузатилиши ва бу минтақанинг стратегик аҳамияти босқинчи давлатларни ушбу минтақада ўз таъсирини кенгайтиришга ундамоқда. Демак, Украина инқирозидан сўнг таъсир талашиш доираси Марказий Осиёга ўтаётгани сир эмас. Буни юқоридаги воқеалар ва Марказий Осиё етакчилари ва йирик давлатлар ўртасидаги муносабатлар кўрсатиб турибди. Шу боис, Жапаровнинг Кореяга ташрифи иқтисодий жиҳатдан ҳар икки давлат учун манфаатли бўлса ҳам, сиёсий жиҳатдан бу учрашув Хитой таъсирига қарши йўналтирилади.

Бундай очкўзлик ва талончиликлар қаршисида биз мусулмонлар зулм устига қурилган капиталистик тузумдан воз кечиб, ўз Исломимизга юзланишга ҳаракат қилишимиз керак. Акс ҳолда мустамлакачиларнинг бизнинг устимиздаги ҳукмронлиги давом этаверади.

Нурдин Асаналиев

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here