Яҳудий вужуди билан Ҳизбуллоҳ ўртасида оташкесим бўйича келишувга эришилди
(Исроил) Бош вазири Бенямин Нетаняхунинг Хавфсизлик Маҳкамаси Ҳизбуллоҳ билан сулҳ битимини тасдиқлади.
Ярашув режасига кўра, томонлар 60 кун давомида ўт очишни тўхтатади. Айни пайтда (Исроил) ўз қўшинларини Ливан жанубидан олиб чиқиб кетиши керак. Чегара ҳудуди устидан назорат Ливан ҳукумати армиясига ўтади. Ҳизбуллоҳ ўзининг оғир қуролларини Литани дарёсининг шимолига кўчириши лозим. Шундан сўнг (Исроил) ва Ливан ўртасидаги чегара ҳудудини белгилаш бўйича музокаралар бошланади.
Бундан олдин АҚШ президенти Жо Байден баёнот бериб, (Исроил) ва Ливан бош вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилганини ҳамда АҚШ яқин кунларда Туркия, Миср, Қатар, (Исроил) ва бошқа мамлакатлар билан Ғазо секторида оташкесимга эришиш учун яна бир ҳаракат қилишини айтган эди.
Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррелнинг сўзларига кўра, оташкесим бўйича келишувни амалга оширишга АҚШ етакчилик қилади. Шунингдек, Ливан талабига биноан, Франция ҳам қўмитага аъзо бўлиш ниятида.
Аввалроқ Ҳизбуллоҳ етакчиси Наим Қосим оташкесим бўйича келишувни кўриб чиқиб, (Исроил)нинг розилиги қолганини айтган эди.
Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрдан буён (Исроил) армияси Ливанда Ҳизбуллоҳга қарши уруш бошлаб, ташкилот етакчилари билан бирга тинч аҳолини ҳам бомбардимон қилиб келмоқда. 27 сентябрь куни Байрутга берилган авиазарбада ташкилот раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилди. Уруш бошланганидан бери Ливанда 4000га яқин одам ҳалок бўлди. Бундан ташқари, 1,2 миллионга яқин аҳоли чегара ҳудудларидан кўчиб кетишга мажбур бўлди.
Маълумки, Ливанда 1970-йиллардан бошлаб Американинг таъсири ҳукмрон бўлиб келмоқда. Айниқса, 1975 йилда Сурия қўшинлари Ливанга кирганидан сўнг, АҚШ у ердаги Франция ва Британиянинг таъсирини камайтиришга муваффақ бўлди. Бироқ Ливан етакчиси Ҳаририй ўлдирилгач, Франция ўзининг собиқ мустамлакаси бўлган Ливанда ўз таъсирига эга бўлишга қаттиқ ҳаракат қилди. Франция президенти Жак Ширак бу воқеани маҳаллий, минтақавий ва халқаро жамоатчилик фикрини Америка, Сурия ва уларнинг барча иттифоқчиларига қарши қўйиш учун олтин фурсат деб билди. Натижада Америка Сурияга Ливандан қўшинини олиб чиқиш ва бир муддат сукут сақлаш ҳақида махфий буйруқ беришга мажбур бўлди.
Ливандаги Америка ва Франция кураши 2007 йил бошигача, аниқроғи, Сарказий Франция президенти этиб сайлангунгача давом этди. Маълумки, Сарказий Америка билан сиёсий яқинлашиш тарафдори эди. Бу ердаги нуфуз талашишга 2001 йил сентябр воқеаларидан кейин Американинг Афғонистон ва Ироқдаги уруш ботқоғига ботиб қолиши ҳам туртки бўлди.
Америка Ироқдаги шармандалигини яшириш учун Ливандаги Ҳизбуллоҳни Эрон ва Сурия орқали ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлай бошлади. Бироқ Ҳизбуллоҳ бу икки давлат ҳақида яхши фикрда эди. Яҳудийларга қарши олиб борилаётган урушда Ҳизбуллоҳнинг сафига кўплаб самимий ёшлар қўшилди. Аммо бу урушда Эрон ва Сурия уни деярли ёлғиз ташлаб қўйди.
Эроннинг бундай хиёнати охирги воқеаларда ҳам кузатилди. Аввал Ҳамаснинг сиёсий раҳбари Исмоил Ҳания Эронга ташрифи чоғида ўлдирилди. Кейин, 17 сентябрь куни Ҳизбуллоҳ ташкилоти аъзоларига қарши пейжерлар ёрдамида операция ўтказилди. Ундан кейин Ливандаги Ҳизбуллоҳ етакчилари ўлдирилди. Буларнинг барчасида Эрон раҳбарлари яҳудийларга маълумот бериб турган бўлиши эҳтимоли катта.
Қолаверса, яҳудийларнинг бундай ошкоро ҳужумларига нисбатан Эрон ва унинг партияси бўлмиш Ҳизбуллоҳнинг жавоб ҳужумлари деярлик фақат намойиш учун бўлди. Бундай кетма-кет воқеалар Ҳизбуллоҳнинг минтақадаги роли пасайиб бораётганидан далолат беради. Айниқса, Эронда ҳокимият алмашувидан кейин Базешкиан бошчилигидаги ҳукумат Америкага яна ҳам яқинроқ сиёсат олиб бормоқда. Шунингдек Ливан ҳукумати ҳам Ҳизбуллоҳ таъсирини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ҳизбуллоҳнинг энг катта хатоси Сурия режими ва унинг жиноятчи раҳбари Башар Асадни қўллаб-қувватлаши бўлди. Бу режим ортидан у минглаб мусулмонларнинг ҳаётига зомин бўлди. Қолаверса, Ҳизбуллоҳнинг яҳудийлар вуджуди билан чегара келишувларига рози бўлиши уни умматдан узоқлаштирди.
Демек, бу партиянинг келажаги Эрон режимининг кейинги сиёсатига бевосита боғлиқдир. Эрон режими бу партияни тарк этмаса ҳам, сиёсий қанотини қолдириб, ҳарбий қанотини қисқартириши мумкин. Бундай ҳаракат бундан аввал ҳам содир бўлган эди. Масалан 2009 йил Ливан ҳукуматини конфессиялар ўртасида тақсимлаш пайтида муҳокама қилинган эди. Бу ҳаракат “араб баҳори” қўзғолонлари бошлангани сабабли кейинга қолдирилган эди.
Мумтоз Мовароаннаҳрий