Эътиқод эркинлиги – бу динни чеклашга уринишдир

60
0

Эътиқод эркинлиги – бу динни чеклашга уринишдир

“Эътиқод эркинлиги ва диний уюшмалар тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётгани мусулмонларнинг норозилигини кучайтирмоқда. Шу сабабли бугунги кунда мамлакатдаги диний вазият қандай аҳволда ва қаерга қараб кетаётганига эътибор қаратиш жуда муҳим. Бундан ҳам муҳимроғи йўналиш ким томонидан белгиланаётганидир. Ислом бу – жаҳон динидир, аниқроғи, дунёни қутқарувчи, инсониятни зулматдан ёруғликка олиб чиқадиган ягона диндир. Бинобарин, бошқа ғоя ва мафкураларнинг унга қарши чиқиши табиий. Қолаверса, Ислом динига ҳаётнинг барча соҳаларига ечим берувчи, яъни қонун-қоидаларни ўз ичига олган етук мафкура сифатида қаралади. Исломнинг бошқа динлардан ажратиб турадиган томони ҳам мана шу.

Мустамлакачилар дунёни бошқаришда, яъни мустамлакачилик сиёсатини юритишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти каби халқаро ташкилотларга ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти каби минтақавий ташкилотларга, институтларга ва уларнинг конвенциялари, резолюциялари ва қарорларига таянади. Бу ташкилотлар ва уларнинг қарорлари худди сиртмоққа ўхшайди. Улар Исломни ўз ҳолига ташлаб қўймайди, аксинча, Исломни ўзлари режалаштирган рамкага солиб, мафкура сифатида тарқалишининг олдини олишга ҳаракат қилади. Бунинг учун юқорида айтилган ташкилотлар орқали резолюциялар, конвенциялар, қарорлар ишга солинади. Қирғизистон мустақилликка эришган кундан бошлаб ушбу халқаро қарорлар асосида биринчи навбатда “эътиқод эркинлиги ва диний уюшмалар” тўғрисида қонун қабул қилди. Бу қонунга кўра, диннинг ҳаётдан ажралиши кафолатланиб, диний партиялар тузиш ва динни бошқарувга аралаштириш тақиқланди. Шу билан бирга, қонунда бошқа динларнинг ҳам мамлакатда эркин эътиқод қилишларига йўл очилди.

Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин мусулмонларнинг Исломга талпиниши яна-да ортди. Исломга бўлган муҳаббат Мусулмонлар қалбидан ўрин олиб, ёйила бошлади. Бироқ, бундай сценарий мустамлакачиларга ёқмаслиги аниқ. Натижада экспертлар Қирғизистонда радикализм кучайгани ҳақида бонг уриб, диний вазиятни тартибга солиш зарурлиги ҳақида айтиб чиқишди. Шу тариқа Бакиев даврида “эътиқод эркинлиги ва диний уюшмалар тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва тузатишлар киритилиб, 2008 йилда қабул қилинди. Ўзгартирилган ушбу қонунда диннинг ўрни аввалгидан кўра аниқроқ қилиб белгиланди. Дунёвий тушунчага ва диний бағрикенгликка алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, қонунга “диний радикализм”, “экстремизм” ва “фундаментализм” атамалари ҳам киритилди. Маълумки, “радикализм”, “экстремизм”, “фундаментализм” атамаларининг аниқ таърифи йўқ. Шунинг учун ҳар қандай тушунча ёки ҳаракатни бу атамаларни қўллаш мумкин. Бугунги кунда ўзингиз гувоҳи бўлиб турганингиздек, ҳукумат ўзига ёқмаган одамларни ва ўзига қарши бўлган хатти-ҳаракатларни “экстремизм”да айблаб, таъқиб қилмоқда. Бундан ташқари, мазкур қонун инсон ҳақларини поймол қилиш, обрўйини тўкиш ва гендерлик бўйича камситишга тарғиб қилишни тақиқлайди. Масалан, “кофир”, “фосик”, “даюс” каби тушунчалар инсон ҳақларини поймол қилиш ва обрўйини тўкиш сифатида баҳоланади. “Аёл уй бекаси” деган фикр ва аёлнинг Исломдаги ўрни ҳақидаги бошқа тушунчаларга эса гендерлик камситиш сифатида қаралади. Ушбу қонун натижасида Исломнинг мазкур тушунчаларини баён қиладиган даъватни чеклайдиган вазият юзага келди.

Бундан ташқари, ушбу ўзгартириш билан қабул қилинган қонунда диний адабиётлар ва ҳар турли материалларни тарқатиш ва улардан фойдаланишга жуда қаттиқ чекловлар киритилди. Биринчидан, бу материаллар Қирғизистон қонунчилигига зид бўлмаслиги керак, иккинчидан, бу материалларни (рухсати бўлса ҳам) жамоат жойларида, болалар муассасаларида, мактабларда ва олий ўқув юртларида ёки уйма-уй юриб тарқатиш таъқиқланади. Кўриб турганингиздек, бу ўзгартирилган қонун аввалгисидан ҳам кўра кўпроқ Исломга қарши қаратилган. Айнан мана шу қонун ҳозирда муҳокамага қўйилган “эътиқод эркинлиги ва диний уюшмалар тўғрисида”ги қонуннинг ўзагини ташкил этади. Аслида “эътиқод эркинлиги ва диний уюшмалар тўғрисида”ги қонунга 2008, 2011, 2012, 2019, 2021, 2024 йилларда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган эди. 2011 йилда ушбу қонунга Ҳаж тўғрисида битта ўзгартириш киритилди. 2017 йилда “эътиқод эркинлиги ва диний уюшмалар тўғрисида”ги қонунга уйма-уй юриб даъват қилишни тақиқлаш ва хорижда диний таълим олиш учун талабларни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар киритиш ташаббуси парламентга тақдим этилди. 2018 йилда эса, диний уюшмаларнинг сиёсий партиялар фаолияти ва ташвиқотларида иштирок этишини тақиқлаш ҳақида мазкур қонунга ўзгариш киритиш зарурлиги муҳокамага қўйилди.

Ҳозирда ҳам “эътиқод эркинлиги ва диний уюшмалар тўғрисида”ги қонунда ушбу моддалар мавжудлиги айтилмоқда. Улар орасида ниқоб кийиш, динни ёйиш мақсадида турар-жой ва нотурар жойларга бориш, динга асосланган партия тузиш, сайловларда иштирок этиш, диний арбобларнинг сайловолди ташвиқотида қатнашиши тақиқланади. Диний дарсларни якка тартибда ва диний мактабдан ташқарида ўқитиш тақиқланади. Дин ишлари бўйича ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтган диний уюшманинг вакили бўлмаган дин ходимларига оммавий ахборот воситаларида ва интернетда чиқиш қилиши тақиқланади. Фақат олий ва махсус маълумотга эга бўлганларгина воиз бўлишлари мумкин. Рўйхатдан ўтмаган диний уюшма номидан чиққан воизнинг диний фаолиятига чек қўилади.

Кўриниб турганидек, дин соҳасидаги қонунлар мустамлакачилар белгилаган рамкада тобора қаттиқлашиб бормоқда. Бу эътиқод эркинлиги эмас, балки динни чеклашдир. Бу ҳолат сўз эркинлиги, эътиқод эркинлиги, демократия деган шиорлар мутлақо ёлғон эканлигини яна бир бор тасдиқламоқда.

Хорижий агентликлар ва оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунлар муҳокамага қўйилганда нодавлат ташкилотлар ва Ғарб давлатлари бунинг сўз эркинлиги ва демократияга зид эканини айтиб, ўз эътирозларини билдиришган эди. Ҳозир эса, дин соҳасида шундай катта чекловлар қўйилаётганига қарамай, уларнинг ҳеч бири оғиз очмади. Бунинг сабаби шундаки, мустамлакачилар – юқорида айтиб ўтганимиздек – Исломнинг ёйилишини ва кучайишини хоҳламайди. Чунки Ислом капитализмга қарши тура оладиган ягона муқобил тузумдир. Шунинг учун мустамлакачилар Исломнинг тикланишига йўл қўймайди. Улар мана шундай қонунлар ва бошқа чоралар билан Исломга қарши мафкуравий курашни давом эттираверади.

Биз мусулмонлар эса, ҳар қандай чеклов ва тақиқлардан қатъи назар, дин учун ҳаракат қилишда давом этишимиз лозим. Зеро, юқорида айтиб ўтилганидек, Ислом билан капитализм ўртасида мафкуравий кураш бор. Аллоҳ хоҳласа бу курашда мусулмонлар албатта ғалаба қозонади. Аллоҳ Таоло айтади:

﴿والعاقبة للمتقين

Оқибат тақводорларникидир” [7:128]

Ҳорун Абдулҳак

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here