1 январдан бошлаб йўл солиғи олина бошлайди

14
0

1 январдан бошлаб йўл солиғи олина бошлайди

Қирғизистонда ҳайдовчилар 1 январдан бошлаб мамлакат йўллари учун ҳар литр ёқилғи ҳисобига 1 сомдан солиқ тўлашни бошлайдилар. Бу ҳақидаги қонун Жогорку Кенешда иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.

Лойиҳага кўра, ҳайдовчилар бензин ва дизелнинг ҳар бир литри учун 1 сомдан қўшиб тўлайди. Йиғилган маблағлар Йўл жамғармасига қўйилади. Транспорт вазири ўринбосари Бекназар Бозоралиевнинг айтишича, агар қонун қабул қилинса, Йўл жамғармасининг бюджети етти миллиард сомга кўтарилади. У 2023 йилда жамғарма бюджетига 4,5 миллиард сом тушганини  ва жорий йил охиригача 5 миллиард сомдан ортиқ маблағ тушиши кутилаётганини қўшимча қилди.

Ҳозирда Йўл жамғармасига бундан бошқа бир қатор тўловлар орқали маблағ келиб тушмоқда. Масалан, Солиқ хизмати импорт қилинадиган ёқилғининг ҳар бир тоннаси учун 5000 сом солиқ ундиради. Бундан ташқари, транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, назорат пунктлари, жарималар, грантлар, ёқилғига солинган акциз солиғидан ҳам тўловлар ундирилади.

Ҳозирда Бишкекда бензин нархи сифатига қараб 67 сом атрофида, дизел нархи эса 75 сомгача сотилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинса, ёқилғи нархи табиий равишда яна кўтарилади.

Изоҳ:

Бюджетни тўлдиришга ваъда берган Қирғизистон ҳукумати солиқ ва тўловлар сонини кўпайтириш орқали халқнинг елкасига оғир юклар юкламоқда. Бундан аввал Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларни аниқлаш учун дронлардан фойдаланишни бошлаган эди. Жорий йилнинг 8 мартидан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан жазо кучайтирилди. Ҳар бир қоидабузарлик учун жарималар деярли икки баравар оширилди. Масалан, тезлик белгиланган нормадан, яъни 60 километр\соатдан ошса, аввалги 7500 сом ўрнига 15 минг сом қилиб белгиланди.

Бундан ташқари, ҳукумат сўнгги бир йил ичида электр энергияси нархини 11 фоизга, иситиш ва иссиқ сув нархини уч баробарга оширди. Эндиликда савдогарларга назорат касса аппаратини ўрнатиш орқали бюджетнинг деярли ярмини ташкил этувчи ҚҚС солиғини оширишга ҳаракат қилмоқда. Бу солиқлар халқ томонидан сотиб олинаётган асосий товарлар нархининг ошишига сабаб бўлади. Шундоқ ҳам, йиллик инфляция 11 фоиздан ошиб, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашган. Оқибатда оддий халқнинг юки тобора оғирлашган сари, бир ҳовуч капиталистларнинг бойлиги ҳам ортиб бормоқда.

Бунга муқобил равишда, Исломий тузумда давлат ўз ишларини юритиш учун солиқ солишига ҳожат бўлмайди. Зеро, у ўз фаолиятини амалга ошириш учун ер ва кўчмас мулк каби давлат мулкларидан фойдаланади. Халқнинг умумий манфаатлари билан боғлиқ эҳтиёжлар учун омма мулки ҳисобланган умумий мулкдан сарфланади. Масалан, мактаблар, университетлар, шифохоналар, йўллар, аэропортлар қурилиши умумий халқ манфаати учун бўлиб, буларга умумий мулкдан сарфланади. Яъни, олтин, нефт, газ, темир, уран каби табиий бойликлардан қўлга киритилган маблағлар ушбу соҳаларга сарфланади.

Қолаверса, Ислом бойликнинг бир ҳовуч кимсаларнинг қўлида тўпланиб қолишига йўл қўймайди. Шу билан бирга, камбағал ва муҳтож одамлардан ҳам солиқ олиб, уларни қийин аҳволга солиб қўймайди. Балки даромади маълум миқдорга етган кишилардангина закот олинади. Мусулмонлар Закотни ибодат сифатида мамнуният билан беришади.

Исломда давлат камдан-кам ҳолларда, тўғрироғи, Аллоҳ Таоло давлат ва Умматга фарз қилиб қўйган ишларни бажариш учун зарур бўлган ҳоллардагина мусулмонлар орасидаги бой кишилардан қарз олиши мумкин. Баъзан давлат бой мусулмонлардан фақат маълум бир эҳтиёжни қондириш учун зарур бўлган миқдорда солиқ олиши мумкин. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига зарур бўлган маблағ учун мусулмонларга мурожаат қилдилар. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу бу оғир йилнинг машаққатларини енгил қилиш учун минг динор берди.

Демак, Исломдаги бундай солиқ ҳозирги капиталистик тузумдаги солиқ ва тўловлар каби доимий равишда олинмайди. Исломда доимий равишда солиқ йиғиш жоиз эмас. Шунинг учун капиталистик тузумнинг солиққа асосланган иқтисодий тузумини Исломнинг иқтисодий тузумига қиёслаш катта хатодир. Ҳукумат талаб қилаётган солиқ Исломда ҳаром қилинган!

Нурдин Асаналиев

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here