بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Ҳадиси Шариф билан
Кўп ейишни ёқтирмаслик
Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
Сунан Термизийнинг шарҳи “Туҳфат ул-Аҳвазий”да “Кўп ейишни ёмон кўриш ҳақида” шундай дейилади:
حَدَّثَنَا سُوَيْدُ بْنُ نَصْرٍ أَخْبَرَنَا عَبْدُ اللَّهِ بْنُ الْمُبَارَكِ أَخْبَرَنَا إِسْمَعِيلُ بْنُ عَيَّاشٍ حَدَّثَنِي أَبُو سَلَمَةَ الْحِمْصِيُّ وَحَبِيبُ بْنُ صَالِحٍ عَنْ يَحْيَى بْنِ جَابِرٍ الطَّائِيِّ عَنْ مِقْدَامِ بْنِ مَعْدِي كَرِبَ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: “مَا مَلَأَ آدَمِيٌّ وِعَاءً شَرًّا مِنْ بَطْنٍ بِحَسْبِ ابْنِ آدَمَ أُكُلَاتٌ يُقِمْنَ صُلْبَهُ فَإِنْ كَانَ لَا مَحَالَةَ فَثُلُثٌ لِطَعَامِهِ وَثُلُثٌ لِشَرَابِهِ وَثُلُثٌ لِنَفَسِهِ“.
Сувайд ибн Наср бизга Миқдам ибн Маъдий Караб розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Инсоннинг белини тик тутиб туриш учун бир оз таом кифоя. Агар (кўпроқ таом ейиш) зарур бўлса, у ҳолда (ошқозоннинг) учдан бир қисми овқат учун, иккинчи қисми ичимлик учун ва учинчи қисми ҳаво учун бўлиши керак”, деганларини эшитдим.
“Ёмонроқ идишни тўлдирмаган”, деган сўз бир ҳолатни ифодалаб, бунда ошқозон ёмон идиш сифатида тасвирланмоқда. Аввалига ошқозон уй эҳтиёжлари учун ишлатиладиган идишга таққосланиб, кейин эса унинг мақомини тушириш учун энг ёмон идиш сифатида тасвирланган. Чунки у ёмонлик учун ишлатиляпти. Ошқозон озиқ-овқат орқали белни мустаҳкамлаш учун яратилган. Агар у ортиқча тўлдириб юборилса, дин ва дунёнинг бузилишига олиб келади. Оқибати ёмон бўлади. Шунинг учун, бир оз таом унинг учун кифоя. Аниқроқ айтганда, бу унинг чанқоғини қондириш ва кучини сақлаб туриш учун кифоядир. “Белни мустаҳкамлаш”, дея, инсон қиёфасини бел орқали тасвирламоқда. Яъни инсонни йиқилиб қолишига тўсқинлик қиладиган ва ибодат учун кучга эга бўлган нарсадан кўп емасликни, яна ҳам аниқроғи, Аллоҳ Таолога ибодат қилиш учун белни мустаҳкамлайдиган овқатдан ортиқ емаслик кераклигини ифодаламоқда.
Агар (кўпроқ таом ейиш) зарур бўлса, у ҳолда (ошқозоннинг) учдан бир қисми овқат учун, иккинчи қисми ичимлик учун ва учинчи қисми ҳаво учун бўлиши керак”. Демак, ортиқча овқатланмаслик ва ошқозоннинг учдан бир қисмини нафас олиш учун қолдириш керак. Тўйгандан кейин ҳам ейишда давом этиш жоиз эмас.
Ат-Тибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Киши Аллоҳга ибодат қилиш учун белини мустаҳкамлай оладиганидан ортиқ овқат емаслиги керак. Агар Тўйиб овқатланмоқчи бўлса, юқорида айтиб ўтилганидек, ошқозонини уч қисмга бўлиб есин”.
Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.
21 Робиус Сани, 1446ҳ йил.
24 октябрь, 2024м йил.