Темир йўл лойиҳаси учун маблағ қаердан олинади?
Бишкекда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли” лойиҳасини амалга ошириш бўйича қўшма корхона очилди. Хитойнинг компаниядаги улуши лойиҳага қўшган маблағига қараб, 51 фоизни ташкил этади. Қолган 49 фоизи Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 24,5 фоиздан тақсимланади. Шартномада лойиҳа қиймати 4 миллиард 665 миллион доллар бўлиши кўрсатилган. Ушбу маблағнинг биринчи ярмини, яъни 2 миллиард 332 миллион долларини Хитой кредит сифатида уч давлат томонидан тузилган Қўшма лойиҳа компаниясига беради.
Изоҳ:
Хитойдан Қирғизистон-Ўзбекистон орқали ўтадиган темир йўл қурилиши давлат учун фойдали ва стратегик аҳамиятга эгадир. Чунки бу лойиҳа Марказий Осиё мамлакатлари учун, Қозоғистон орқали Европага чиқадиган ва Россия томонидан монополия қилиб олинган йўлга муқобил бўлган лойиҳадир.
Бироқ, юқоридан маълумки, лойиҳани амалга оширувчи компания акцияларининг 51 фоизи Хитойга тегишли. Бу, шубҳасизки, бизни Россия чангалидан олиб Хитойга қарам қилади. Темир йўл транзити хавфсизлиги транзит давлатнинг зиммасидадир. Агар давлат уни ҳимоя қилиш учун етарлича кучга эга бўлмаса, масъулият йўлнинг 51 фоиз акциясига эгалик қилувчи Хитой зиммасига тушади. Бошқача айтганда, Хитой бутун темир йўл ҳудудини ҳимоя қилиш баҳонасида Қирғизистон ва Ўзбекистонга ўз ҳарбий кучларини жойлаштириш имкониятига эга бўлади. Шу сабабли Россия шу пайтгача темир йўл лойиҳасини амалга оширишга тўсқинлик қилиб келмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, темир йўл лойиҳаси Хитойга қарамлигимизни янада оширади. Лойиҳадан сўнг хитой тили ва маданияти минтақада ёйила бошлайди. Бу Хитойнинг сақофий мустамлакасига айланишимизга йўл очади. Иқтисодий жиҳатдан эса, биз аллақачон савдо алоқалари орқали Хитойга қарам бўлиб қолганмиз.
Шунинг учун Хитой темир йўл баҳонасида ўлкамизда ўзининг ҳарбий таъсирини кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу эса Хитойнинг ҳарбий мустамлакасига айланишимизга олиб келади. Ниҳоят, Хитой ўз фуқароларини мамлакатга жойлаштириш орқали Қирғизистон фуқаролигини олиш учун шароит яратиб беради ва улар орқали сайловларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Натижада у сиёсий мустамлака қилишга интилади. Шунинг учун темир йўл лойиҳаси стратегик аҳамиятга эга. Бунинг ортидан Хитойнинг мамлакатдаги нуфузи нафақат иқтисодий жиҳатдан, балки ҳарбий, сақофий ва сиёсий жиҳатдан ҳам кучаяди!
Абдураҳмон Одилов