Аллоҳ шерикларга муҳтож эмас

56
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳадиси Шариф билан

Аллоҳ шерикларга муҳтож эмас

Азиз мухлислар, “Ҳадиси Шариф билан” номли рукнимизнинг янги сонини самимий саломлар билан бошлаймиз. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

Ибн Можанинг “Сунан” китобида “Хўжа кўрсинга қилинган амаллар” мавзусида шундай дейилади:

حَدَّثَنَا أَبُو مَرْوَانَ الْعُثْمَانِيُّ حَدَّثَنَا عَبْدُ الْعَزِيزِ بْنُ أَبِي حَازِمٍ عَنْ الْعَلَاءِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَنْ أَبِيهِ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ أَنَا أَغْنَى الشُّرَكَاءِ عَنْ الشِّرْكِ فَمَنْ عَمِلَ لِي عَمَلًا أَشْرَكَ فِيهِ غَيْرِي فَأَنَا مِنْهُ بَرِيءٌ وَهُوَ لِلَّذِي أَشْرَكَ

Абу Марвон Усмоний айтади: Абдулазиз ибн Абу Ҳозим бизга Ало ибн Абдурроҳмандан, у отасидан, отаси эса, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Росулуллоҳ rнинг шундай деганлигини  ривоят қилди: Аллоҳ Таборака ва Таоло деди: “Менга шерик қилинган нарсалардан беҳожатман, бас, ким бир амални қилар экан, бошқани Менга шерик қилса, Мен ундан покман. Қилган амали ўша шерик қилган нарсаси учун бўла қонсин”.

Имом ат-Термизийнинг “Сунанут Термизий” асарининг шарҳи учун ёзилган “Туҳфатул Аҳвазий” китобида шундай дейилади: “Менга шерик қилинган нарсаларга мухтож эмасман”. Яъни, Аллоҳ уларнинг шерик қилган нарсасидан Улуғдир.

Менга шерик қилса” дегани, бирор ишни қилишда Аллоҳдан бошқа нарсани ўртага шерик қилиш, демакдир. Аллоҳ Таоло Ўзининг розилиги учун қилинган холис амалдан бошқа ҳеч нарсани қабул қилмайди.

Бу ҳадисни Термизий Аллоҳ Таолонинг ушбу каломини тафсирида келтирган:

{فَمَنْ كَانَ يَرْجُو لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا}.

“Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)”. (Каҳф: 110).

Бу ҳадиси шарифда мусулмон кишининг нияти Аллоҳ учун холис бўлиши лозимлиги ва хужа кўрсин учун (риё учун) бўлмаслиги ҳақида огоҳлантириш бор.

Мусулмонни Аллоҳнинг ризолигидан бошқа мақсадда ибодат қилишдан қайтарган кўплаб нусуслар келган. Бу энг катта гуноҳлардан бўлиб, ширк ҳисобланади. Чунки бу иймонга зиддир. Бу эса мусулмондан ўз иш-ҳаракатларида шериги бўлмаган Ёлғиз Аллоҳга таваккал қилишни талаб қилади. Аллоҳ Таоло айтади:

{وَمَا أُمِرُوا إِلاَّ لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ}

“Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган ҳолларида ибодат қилишга буюрилган эдилар”. (Баййина: 5).

Уламолар риёга (хужа кўрсин учун қилинган амалга) турли таърифлар беришган ҳамда бу таърифлар фақат бир нарса атрофида талқин қилинган.

Инсон Аллоҳ Таолога яқинлаштирадиган ибодатларни қилар экан, фақат Аллоҳ Таолонинг розилигини кўзлаши керак. Қандайдир бир фойда ёки дунёвий манфаатни кўзлаб қилиши асло жойиз эмас.

Аллоҳдан амалларимиз Ўзи учун холис бўлишини  ва Ўз даргоҳида қабул қилишини сўраб қоламиз.

Азиз биродарлар, навбатдаги «Ҳадиси Шариф билан» номли рукнимизгача Аллоҳ Таолонинг паноҳида бўлинг. Сизларга Аллоҳ Таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти бўлсин.

13 Робиус Сани, 1446ҳ йил.

16 октябрь,         2024м йил.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here