Эроннинг яҳудий вужудига зарбаси қанчалик жиддий

0
51

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Эроннинг яҳудий вужудига зарбаси қанчалик жиддий

Устоз Асъад Мансур

Ҳар қандай давлатнинг ташқи сиёсати ҳақида сўз юритмоқчи бўлсак, аввало бу сиёсат қандай негизларга асосланганини, унинг мақсадлари ва алоқаларини, шунингдек, ундан келиб чиқадиган ва унга алоқадор бўлган барча нарсалар ана шу ишларга асосланишини тушунишимиз керак. Акс ҳолда, киши воқеалар ўзгариши билан саросимага тушган ҳолда тартибсиз ҳаракат қилиб, қарама-қаршиликлар исканжасида қолади. Унинг қараши воқеаларни ушбу асосларга боғламаган ҳолда уларнинг зоҳирий кўринишига асосланиб, юзаки бўлиб қолади. У сиёсатни тушунмай, тўғри фикр билдира олмайди.

Гап Эрон ҳақида кетаётгани учун айтамизки, у ўз ташқи сиёсатини мавжуд халқаро тизимга мувофиқ олиб борадиган давлатдир. У БМТ, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти, БРИКС ва Шанхай каби ташкилотларга аъзо. Унинг барча халқаро алоқалари Исломга асосланмаган ва мақсади миллий манфаатларга эришишдир. У бу манфаатларга эришиш учун шиа мазҳаби жиҳатидан фойдаланади. Агар бу жиҳат ўша манфаатларга зид келса, шиа мазҳабига аҳамият бермайди. Аҳолисининг аксар қисми шиа мазҳабига мансуб бўлган Озарбайжон билан бўлган алоқалари бунга далилдир. Чунки 1989 йилда Озарбайжон халқи Россияга қарши қўзғолон қилганида, бу қўзғолон унинг Россия билан бўлган алоқаларига зид келгани учун, уларни қўллаб-қувватламади. 1993 йилда Озарбайжоннинг 20 фоизини босиб олган арманларга қарши уларга ёрдам бермади. 2020 йилда улар ўз ерларини қайтариб ола бошлаганларида ҳам уларни қўллаб-қувватламади.

Эрон асосчиси Хумайний: «Эрон Америка билан, унинг ички ишларига аралашмаслиги шарти билан, ҳамкорлик қилишга тайёр», деб баёнот берди. Бу билан у ўзининг Америка орбитасида ҳаракатланишини эълон қилди. Бу ҳақда Эрон собиқ президенти Банисадр маълум қилган. АҚШ разведкаси Хумайнийнинг бу борада АҚШ собиқ президенти Жимми Картерга йўллаган мактубини чоп этди. Эроннинг Афғонистон ва Ироқ босиб олинишида ҳамда у ерларда барқарорлик таъминланишида Америка билан ҳамкорлик қилганини Эрон собиқ президенти Аҳмадинажод ва Эрон собиқ президенти Хотамийнинг ноиби Муҳаммад Абтаҳий ҳам маълум қилди. Бу Сурияда ўз тасдиғини топди ва Эрон Америка малайи Башар Асадни қўллаб-қувватлади.

Эрон мусулмонлар, насроний ва яҳудийлар ўртасида ҳамжиҳатликни таъминловчи бошқарув низомини тасдиқлаш учун референдум ўтказиши билан ўзининг олий раҳнамоси Хоманаий орқали Фаластинга нисбатан сиёсатини билдириб қўйди. Шу билан Фаластинда босқинчи яҳудийларнинг мавжуд бўлиб туришини тан олишини ва уларнинг у ерда қолишини исташини эълон қилди.

Шунинг учун, Эрон минтақада ҳеч бир ишни Американинг кўрсатмасисиз қилмайди. Эрон сиёсатини шу асосда тушуниш керак. Акс ҳолда, киши ўзини ҳам, бошқаларни ҳам адаштиради. Ушбу сиёсат ўзгармаганлигига ишонч ҳосил қилиш учун уни ўтмишдаги кўплаб мисоллар орқали кузатиш керак.

Масалан, Эрон инқилобий гвардия раҳбарларининг Дамашқда ўлдирилишига жавоб бермоқчи бўлганида, унинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллаҳён қандай жавоб йўллашни ўрганиш учун Уммонда америкаликлар билан алоқа ўрнатаётганини эълон қилди. Кейин жавоб зарбаси сифатида 332та ракета учирилди. Кўриниб турибдики, бу ракеталарнинг яҳудий вужудига етиб боришидан олдин уриб тушириш устида келишув бўлган. Чунки бу зарбалар жиддий бўлмаган, балки обрўни сақлаб қолишга қаратилган.

Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳанийя Эрон пойтахтида ўлдирилганида, у жавоб зарбасини беришини эълон қилди. Америка ундан АҚШ-Миср-Қатар ташаббуси Ғазода ўт очишни тўхтатишга олиб келгунча кутиб туришни ва бу зарбалар музокараларни тўхтатиб қўймаслиги кераклигини сўради. Шунинг учун Эрон кутишини маълум қилиб, тактик ва стратегик сабрни эълон қилди.

Буларнинг барчаси яҳудий вужудини Ливандаги Эрон ҳизбига ҳужум қилиб, унинг раҳбарини ва кўплаб биринчи сафдаги етакчиларини ўлдиришга ундади. Бундан ташқари, у алоқа воситалари ва ҳаво ҳужумлари орқали минглаб Эрон тарафдорларини ўлдирди ва ярадор қилди.

Яҳудий вужуди Ливанга қуруқликдан бостириб кирмоқчилигини эълон қилди ва Америка буни рад этди. У ўзининг бош вазири Нетаняху орқали Яқин Шарқни янгидан яратишини айтиб, такаббурлигини янада оширди. Бу эса, Америка яҳудий вужудидан истаган нарсанинг бузилишидир. Чунки Америка ўз таъсирини кучайтириш, шунингдек, Умматнинг озод бўлиб, уйғонишига ва ўз Халифалигини барпо этишига йўл қўймаслик учун минтақада яҳудий вужудини ўзининг қуроли бўлиб қолишини истайди.

Эроннинг обрўси пастлаб кетди. Тарафдорлари унинг қудратига ва жиддийлигига шубҳа қила бошлашди. Бу эса, унинг минтақавий таъсирини чеклаб қўяди ҳамда ичкаридаги мухолафатни исёнга ва унинг режимини қулатишга ҳаракат қилишга ундайди. Айниқса, европаликлар, хусусан, Британия унинг ичида иш олиб боришдан тўхтамай келмоқда. Шу боис, у 200та ракета учириб, жиддий эмаслигини тасдиқлаш учун шу билан кифояланишини билдирди. Америка ҳам Эрон режимининг обрўсини сақлаб қолишни ҳамда Нетаняху ва унга эргашган поданинг такаббурлигини чеклаб қўйишни хоҳлади. Зеро, Нетаняху ва унинг подаси бир йил давомида Ғазодаги қирғинларни ҳеч қандай тўсиқсиз давом эттириш, ҳимоясиз болалар, аёллар ва эркакларни ўлдириш, шунингдек, уйлар, мактаблар ва шифохоналарни уларнинг боши узра вайрон қилиш билан фахрланиш васвасасига тушиб қолган. Бу эса қалби тошдек қотган мусулмон ҳукмдорлар қалбига таъсир қилмади. Шунинг учун улар бефарқ бўлиб қолишди. Уммат ҳам, Унинг армиялари ҳам уларни қулатиш, Фаластиндаги биродарларига ёрдам бериб, уни озод этиш учун ҳали ҳам ҳаракатга келмади. Яҳудийлар ҳар қанча қирғинларни содир этишса ҳам, Американинг мутлақ қўллаб-қувватлаши уларни васвасага солиб қўйди. Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва икки давлат ечимини амалга ошириш бўйича барча саъй-ҳаракатларига тўсқинлик қилишларига қарамай, Америка уларни эркалатиб юборди.

Яҳудий вужуди Ливанга зарба бериб, уни босиб олиш билан таҳдид қила бошлади. Мана шу пайтда Эрон бу зарбани амалга оширди. Америка Эроннинг унга бўйсунмай қўйишини тўхтатиш учун, у отган ракеталардан фақат 12тасини уриб туширди. Яҳудий вужуди бу ракеталардан ўзининг баъзи иншоотлари зарар кўрганини ва жавоб зарбаси берилишини эълон қилди. Америка яҳудий вужудининг Эрон ядровий объектларига ва нефть иншоотларига зарар етказишини олдини олиш устида ишламоқда. Чунки, агар бу иншоотлар вайрон қилинса, Эрон жиддий муаммога дуч келади ва унинг худди шундай жавоб зарбасини бериши керак бўлиб қолади. Акс ҳолда, у ўзини ички ва минтақавий жиҳатдан хавф остига қўяди. Бу билан Америка Эронда катта йўқотишга учрайди. Бу эса, европаликларни у ерда ўз таъсирларини қайта тиклашга ундайди. Айни пайтда Америка президентлик сайловлари туфайли яҳудий вужудини жиловлаш бўйича кескин қарор қабул қила олмаяпти. Демократлар уни бой бериб қўйишни исташмайди. Чунки республикачилар яҳудий вужудини ва унинг агрессиясини мислсиз даражада қўллаб-қувватлашлари билан демократлардан устун келиши ҳам мумкин.

Америка яҳудий вужудини қўллаб-қувватлаши билан уни итоаткор қилиш ўртасида мувозанатни пайдо қила олмади. У ўзини танқидга, заиф ва қобилиятсиз деб таърифланишга дучор қилди. Унинг дунёни бошқариш ва дунё муаммоларини ҳал этиш қобилиятига бўлган ишонч сусайди.

Европаликлар Американинг ортидан чопишар экан, ҳеч нарса қилиша олмайди. Бундан ташқари, яҳудий вужудини улар яратгани учун, уни қўллаб-қувватлашдан ҳам воз кечишолмайди. Халқаро суд, Халқаро жиноят суди ва БМТ каби халқаро муассаса деб номланган Ғарб муассасалари яҳудий вужудини ҳеч нарсага мажбурламоқчи эмас. Бу эса уларни боши берк кўчага киритиб, қарама-қаршиликларга олиб келди. Агар Америка ва Европа уни ўз қарорларига мажбурлашни ва унга жиддий босим ўтказишни истаса, у бўйсунади. Чунки улар унинг жон томирларидир. Шунинг учун қарорларни ўз ихтиёри билан бажаришини исташди. Бу эса уни ўз жиноятларини давом эттиришга ундади.

Эрон Ливанда ўт очишни тўхтатиш йўлини қидира бошлади. Чунки у Сурия аҳли билан урушга киргани каби яҳудий вужуди билан урушга киришни истамайди. Унинг Фаластинни озод этиш мақсади ҳам йўқ. Шу боис, Эрон ташқи ишлар вазири Аракчи буни муҳокама қилиш учун Байрут ва Дамашққа келди.

Эрдоган ва бошқа ҳукмдорларнинг ниқоби тушиб кетгани каби, Эрондан ҳам ниқоби тушиб кетди. Уммат қадр-қиммати ва обрў-эътиборини тиклайдиган самимий сиёсий етакчиликка интила бошлади. Чунки фақат шу етакчилик пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни барпо этишга ҳаракат қилади.

Роя газетасининг 2024 йил 9 октябр чоршанба кунги 516-сонидан

NO COMMENTS