Қизил-Омпол кони ишга туширилди
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг Раиси Акылбек Жапаров Иссиқ-кўл вилоятидаги Қизил-Омпол уран конини ишга тушириш бўйича тамал тошини ташлади. Тадбир давомида кондан титаномагнетит ишлаб чиқаришни давлат ўз зиммасига олиб, лойиҳани молиялаштирувчи манбалар аниқланишини маълум қилди.
Қизил-Омполда тахминан 14 миллион 757 минг тонна минерал ресурс мавжуд. Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг айтишича, уларнинг қиймати 300 миллиард долларга етади. Минерал ресурслар орасида 13 минг тонна уран ва 29 минг 252 тонна торий захираси бор. Титан-магнетитнинг ҳажми эса, 14 миллион тонна деб ҳисобланган.
Аввал хабар қилганимиздек, Қизил-Омпол бўйича баҳслар 2019 йилда кескинлашган эди. Ўша йили Путин бошчилигидаги рус делегацияси давлат ташрифи билан Қирғизистонга келди. Ташриф чоғида кўплаб очиқ ва махфий келишувларга имзо чекилди. Натижада, иқтисодий жиҳатдан барча ер ости бойликлар Россияга тақдим қилиниб, ундан ортгани бошқаларга берилиши мумкин бўлди. Бироқ Сооранбай Жеенбеков ҳукумати Россияга берган ваъдаларини бажара олмади ва халқнинг қаршиликлари туфайли Жеенбеков Қирғизистонда уран қазиб олишга мораторий эълон қилишга мажбур бўлди.
Ҳозирги кунда Жапаров ҳукумати ушбу конни ишга туширишга киришмоқда. Қизил-Омполда аҳоли саломатлиги учун хавфли моддалар мавжудлигига қарамай, унинг фойдаси эътиборга олинмоқда. Бироқ, уран қазиб олиш халқ учун ҳақиқий муаммодир. Уранни бойитиш жараёнида ундан қолдиқлар чиқади. Уларнинг радиациясион хатари бир неча минг йилларгача давом этаверади. Зарари эса, сув ва шамол орқали ҳар ерга тарқалади. Қазиб олинган хомашёни қайта ишлаш заводига ташиб бориш ҳам хавфлидир. Агар уран ортилган контейнерлар аварияга учраса, унинг зарарсизлигини айтиб халқни алдаб қўяверишади, лекин барибир халқ унинг зараридан азоб чекаверади. Барскоондаги циянид авариясида ана шундай ҳодисага гувоҳ бўлдик.
Аслида, уран ҳам, бошқа нарсалар каби, инсоният манфаати учун Аллоҳнинг берган неъматидир. Аммо уни Аллоҳ буюрганидек фойдаланмасак, бу инсоният учун неъмат эмас, бало бўлади. Ҳозир капиталистик тузумда бу уран конини ишга туширишда ундан тушадиган фойда эътиборга олиниб, мустамлакачиларнинг хусусий ширкатларига берилмоқда. Унинг одамларга зарарлари эса, асло ҳисобга олинмаяпти. Уларнинг “зарарсиз усуллар билан қазиб оламиз” деган даъволари ёлғондан бошқа нарса эмас. Чунки улар учун фойда бўлса бўлгани, бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламайдилар. Ислом эса бунга иқтисодий муаммо эмас, балки инсоний муаммо деб қарайди. Шунинг учун уран инсон учун зарарсиз бўлгандагина қазиб олинади.
Қолаверса, Шариатга кўра, ер ости бойликлари халқнинг умумий мулки ҳисобланади. Уларнинг ўзи ёки фойдаси ҳар бир фуқарога етиб бориши керак. Капитализмда эса, ер ости бойликларидан фойдаланиш учун фақат бир ҳовуч капиталистларга шароит яратиб берилади. Шунинг учун фойдали қазилмаларни кофир давлатларга ва уларнинг ширкатларига бериш ҳаром ҳисобланади.
Мумтоз Мавароуннаҳрий