Ҳукумат йўл солиғини икки марталаб ундиришни кўзламоқда

62
0

Ҳукумат йўл солиғини икки марталаб ундиришни кўзламоқда

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси мамлакатга олиб кирилаётган ёқилғининг литри учун бир сомдан солиқ ундириб, уни Йўл жамғармасига қўшишни таклиф қилди. Бу масала “Жогорку Кенеш”нинг Бюджет, иқтисодий ва фискал сиёсат қўмитаси томонидан 23 сентябрда ўтказилган йиғилишда муҳокама қилинди.

Транспорт ва коммуникациялар вазири Абсаттар Сыргабаевнинг сўзларига кўра, Қирғизистонга ҳар йили 1 миллион 700 минг тоннадан ортиқ ёқилғи олиб кирилади. Унинг ҳар бир литридан бир сомдан солиқ олинса, йўл жамғармасига 1 миллиард 700 миллион сом тушади. Ёқилғидан олинадиган солиқ ёқилғи сотувчилари орқали олинади.

Депутат Элдар Абакиров эса, ҳозирда бир қатор йиғимлар орқали Йўл жамғармасига маблағ тушиб турганини билдирди. Масалан, Солиқ хизмати импорт қилинадиган ёқилғининг ҳар бир тоннаси учун 5000 сом солиқ ундиради.

Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, айни пайтда Йўл жамғармаси ҳисобида 4 миллиард сомга яқин маблағ мавжуд. Бу маблағлар транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, назорат пунктлари, жарималар, грантлар ва ёқилғига солинган акциз солиқлардан тўпланган.

Ҳозирда Бишкекда бензин нархи сифатига қараб 67 сом атрофида, дизел эса 75 сомгача сотилмоқда. Агар мазкур қонун лойиҳаси қабул қилинадиган бўлса, ёқилғи нархи яна ошади.

Изоҳ:

Қирғизистон ҳукумати бюджетни тўлдиришга ваъда берганидан сўнг, солиқ ва тўловларни кўпайтириш орқали халқнинг елкасига оғир юклар юкламоқда. Бундан аввал Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларни аниқлаш учун дронлардан фойдаланишни бошлаган эди. Жорий йилнинг 8 мартидан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан жазо кучайтирилди. Ҳар бир қоидабузарлик учун жарималар деярли икки баравар оширилди. Масалан, тезлик белгиланган нормадан, яъни 60 километр\соатдан ошса, аввалги 7500 сом ўрнига 15 минг сом белгиланди.

Бундан ташқари, ҳукумат сўнгги бир йил ичида электр энергияси нархини 11 фоизга, иситиш ва иссиқ сув нархини уч баробарга оширди. Эндиликда савдогарларга назорат касса аппаратини ўрнатиш орқали бюджетнинг деярли ярмини ташкил этувчи ҚҚС солиғини оширишга ҳаракат қилинмоқда. Бу солиқлар халқ томонидан сотиб олинаётган асосий товарлар нархининг ошишига сабаб бўлади. Шундоқ ҳам, йиллик инфляция 11 фоиздан ошиб, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашди. Оқибатда оддий халқнинг юки тобора оғирлашган сари, бир ҳовуч капиталистларнинг бойлиги ҳам ортиб бормоқда.

Бунга муқобил равишда, Исломий тузумда давлат ўз ишларини юритиш учун солиқ солишга ҳожат бўлмайди. Зеро, у ўз фаолиятини амалга ошириш учун ер ва кўчмас мулк каби давлат мулкларидан фойдаланади. Халқнинг умумий манфаатлари билан боғлиқ эҳтиёжлар учун омма мулки ҳисобланган умумий мулкдан сарфланади. Масалан, мактаблар, университетлар, шифохоналар, йўллар, аэропортлар қурилиши умумий халқ манфаати учун бўлиб, буларга умумий мулкдан сарфланади. Яъни, олтин, нефт, газ, темир, уран каби табиий бойликлардан олинган фойдалар шу соҳаларга сарфланади.

Қолаверса, Ислом бойликнинг бир ҳовуч одамларнинг қўлида тўпланишига йўл қўймайди. Шу билан бирга, камбағал ва муҳтож одамлардан ҳам солиқ олиниб, қийин аҳволда қолдирилмайди. Балки даромади маълум миқдорга етган кишилардангина закот олинади. Мусулмонлар Закотни ибодат сифатида мамнуният билан беришади.

Исломда давлат камдан-кам ҳолларда, тўғрироғи, Аллоҳ Таоло давлат ва Умматга фарз қилиб қўйган ишларни бажариш учун зарур бўлган ҳоллардагина мусулмонлар орасидаги бой кишилардан қарз олиши мумкин. Баъзан давлат бой мусулмонлардан фақат маълум бир эҳтиёжни қондириш учун зарур бўлган миқдорда солиқ олиши мумкин. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига зарур бўлган маблағ учун мусулмонларга мурожаат қилдилар. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу бу оғир йилнинг машаққатларини енгил қилиш учун минг динор берди.

Демак, Исломдаги бундай солиқ ҳозирги капиталистик тузумдаги солиқ ва тўловлар каби доимий равишда олинмайди. Исломда доимий равишда солиқ йиғиш жоиз эмас. Шунинг учун капиталистик тузумнинг солиққа асосланган иқтисодий тузумини Исломнинг иқтисодий тузумига қиёслаш катта хатодир. Ҳукумат талаб қилаётган солиқ Исломда ҳаром қилинган!

Нурдин Асаналиев

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here