Қирғизистон “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади
Қирғизистон ҳукумати “Толибон” ҳаракатини террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади. Бу ҳақда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди. Ушбу қарор Толибон ҳаракати Афғонистон ҳукуматини уч йил бошқаргандан сўнг қабул қилинди.
6 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаров Афғонистоннинг Қирғизистондаги вақтинчалик вакили Нурулла Амин билан учрашди. Учрашувда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт алоқаларини ривожлантириш, Афғонистондаги минерал ресурсларни биргаликда ишга тушириш, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ: 2001 йил 11 сентябр терактларидан сўнг АҚШ бошчилигидаги НАТО кучлари “терроризм” баҳонасида Афғонистондаги Толибон ҳаракатига қарши уруш очди. 20 йил давом этган қирғин натижасида ўн минглаган тинч аҳоли қурбон бўлди. Шунга қарамай, Америка армияси 2021 йилда шармандаларча мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Афғонистон ҳокимиятини қўлга олган Толибон ҳукуматини ҳеч бир давлат расман тан олмаган бўлса-да, бироқ у билан дипломатик алоқалар давом этмоқда. Бунга Афғонистондаги минерал ресурсларнинг кўплиги ва зич жойлашган аҳолининг эҳтиёжларини қондиришдан кўзланган манфаатлар туртки бўлмоқда. Шу боис бундан аввал Қозоғистон ҳукумати “Толибон” ҳаракатини қора рўйхатдан чиқарган бўлса, Россия ҳукумати “Толибон”ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариш устида иш олиб бормоқда. Ўзбекистон ва Туркманистонда ҳам Толибон ҳаракати расман тақиқланган эмас.
Бундан кўриниб турибдики, бугунги кунда минтақадаги давлатларнинг Исломий ҳаракатларга нисбатан тутган позицияси вақтинчалик манфаатлар ва хўжайинлари бўлмиш мустамлакачи давлатларнинг позициясига боғлиқдир. Айни пайтда, бу минтақада қуролсиз ҳаракат олиб бораётган уюшмаларнинг тақиқланиши ушбу режимларнинг иккиюзламачилигидан далолат беради. Қолаверса, ўзлари террорчи деб тан олган ҳаракат билан сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни давом эттиришлари ўзларини жиноятчига айлантириб, ҳуқуқий соҳада боши берк кўчага киргизиб қўймоқда.
Хитой масаласига келсак, Пекин ҳукумати 2021 йилдаёқ Афғонистон билан савдо алоқаларини ўрнатиб, минтақадаги бўшлиқдан фойдаланган ҳолда мамлакат хомашёсини ташиб кетувчи асосий инвесторга айланиб бормоқда. Ҳозирги пайтда Афғонистонда ўрганиб чиқилган ресурслар миқдори 3 триллион долларга яқин эканлиги маълум қилинган. Хитой ҳукумати ўз товарларининг қарийб 98 фоизини божхона солиғисиз Афғонистонга экспорт қилмоқда. Хитойнинг минтақага тез суратда кириб бораётганидан хавотирланган Америка маъмурияти Япония орқали Афғонистонда гуманитар ёрдам ва сармоя киритиш лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Толибон” ҳаракатининг “қора рўйхат”дан чиқарилиши Россия ва минтақа давлатларининг манфаатларига асосланган. Бундан ташқари, Хитойнинг Афғонистондаги таъсири кучайишига йўл қўймаслик учун Ғарб томонидан ҳам яшил чироқ ёқиб қўйилган. Шу туфайли минтақа давлатлари Афғонистон билан алоқаларини кучайтирмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Афғонистонга муайян қарорлар қабул қилиш учун босим ўтказиш воситасига айланиши мумкин. Шундан экан, Афғонистон ҳукумати ўнлаб йиллар мобайнида жанг майдонида қўлга киритган ғалабасини сиёсий майдонда қўлдан бой бермаслик учун минтақадаги малай ҳукмдорлар ва уларнинг бошида турган мустамлакачиларнинг ҳийла-найрангларидан эҳтиёт бўлишлари лозим.
Нурдин Асаналиев