Ғазодаги геноцид урушга оид музокаралардан нима кутилади?

166
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Ғазодаги геноцид урушга оид музокаралардан нима кутилади?

Савол: яҳудийларнинг Ғазога қарши тажовузидан ўн ойдан кўпроқ вақт ўтди ҳамки, қирғинлар геноцид шаклида давом этмоқда. Урушни тўхтатиш бўйича музокаралар олиб борилиб, келишувлар тузилмоқда. Бироқ яҳудийлар – Арабия телеканалининг 2024 йил 3 сентябрдаги хабарига кўра – буларнинг барчасини рад этиб, ҳатто Миср томонидан қизил чизиқ деб ҳисобланган «Салоҳиддин коридори»ни бўшатишдан ҳам бош тортишяпти. Байден маъмурияти ушбу музокараларга ҳомийлик қилганидек, қирғинларга ҳам ҳомийлик қилмоқда. Қирғинлар давом этаётган бир пайтда, музокаралар орқали ечимга эришилади, деган нарсани илгари сурмоқда! Савол шуки, ушбу геноцид урушига оид музокаралардан қандай натижа кутилади? Американинг ушбу тажовузни қўллаб-қувватлашдаги роли қандай? Кейин, Америка икки давлат ечими дея эълон қилаётган нарсасида жиддийми? Қандай қилиб бу тажовузни тўхтатиш ва Фаластинни ўз аҳлига қайтариш мумкин? Саволим чўзилиб кетгани учун узр сўрайман.

Жавоб: ушбу саволларга бериладиган жавоблар тиниқроқ бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

Биринчи: Геноцид уруш борасидаги музокаралар, бу музокаралардан кутилаётган натижалар ҳамда Американинг ундаги роли:

  • Биз 2024 йил 22 март кунги саволга жавоб нашримизда бундай деган эдик: (… Бу уруш бир сўз билан айтганда, геноцид уруш бўлди. Бунда уни Ғарбнинг АҚШ, Европа ва уларга тобе давлатлар орқали кўрсатган қўллаб-қувватлови ҳамда Ғарб давлатлари раҳбарларининг бирин-кетин яҳудий вужудини зиёрат қилиб, унинг Ғазога қарши содир этаётган геноцидини қўллаб-қувватлашларини билдириши янада рағбатлантирди. Араб ва исломий юртлардаги режимларнинг сукут сақлаши ҳам уни руҳлантириб турди. Бу режимлардан айримлари Ғазо аҳлига ёрдам бериш учун армияларни сафарбар қилиш ўрнига, мужоҳидларнинг ҳужумини қоралаб, яҳудий вужуди билан алоқаларини ҳеч нарса бўлмагандек давом эттиришди. Душман билан муносабатларни эскидан нормаллаштириб келган давлатлар ҳам, янгилари ҳам нормаллашувни давом эттирдилар. У билан на муносабатларни узишди, на нормализация хиёнатидан воз кечишди. Шунингдек, Миср билан бўлган «Кэмп-Дэвид», Иордания билан бўлган «Водий Араба» ва бошқалари каби яҳудий вужуди билан тузилган шартнома ва келишувларни ҳам бекор қилишмади. Бошқача қилиб айтганда, минимал уруш ҳолатини ҳам жорий қилишмади…). Шу тариқа Нетаняху 2024 йил 1 апрелда Дамашқдаги Эрон элчихонаси мажмуасидаги консуллик биносига ҳаводан зарба бериб, янада шафқатсиз ҳаракатларни қилишга журъат этди. Яҳудий вужуди бу билан ҳам қаноатланмади, балки Эрон ва унинг ҳизбини янада камситишни истади. У, шунингдек, 30 июл куни оқшомда Ливан пойтахти Байрутда Эрон ҳизбининг юқори мартабали раҳбарларидан бири Фуад Шукрни нишонга олган ҳаво ҳужумини амалга оширди… Эртаси куни, 31 июлда Эрон пойтахти Теҳроннинг марказида Ҳамас раҳбари Исмоил Ҳанияга қарши суиқасд операциясини содир этди… Яҳудий вужуди бу қилмишларни содир этар экан, уни шайтон васвасасига солиб қўядиган ҳеч қандай қақшатқич реакцияни кўрмади!
  • Кейин Америка ташаббус кўрсатиб, АҚШ расмийлари исломий юртлар, хусусан, Фаластин атрофидаги юртлар ҳукмдорларининг Ғазога ёрдам бериш йўлида армияларни сафарбар қилишларига йўл қўймаслик ва шу орқали яҳудий вужудининг Фаластин аҳлига қарши қирғинларини давом эттириш йўлини осонлаштириш учун бир қанча сафарларни уюштирди… Натижада, 2024 йил 31 май куни Байденнинг беҳуда ташаббуси ўртага ташланиб, 2024 йил 10 июнда АҚШ раҳнамолигида Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси қабул қилинди… Кейин Америка томонларни музокаралар, уни ўзгартириш ва алмаштириш устида жамлаб, фақат борди ва келдилар билан банд қилди. Мақсади эса урушни кенгайтирмаслик баҳонаси билан мусулмон юртларидаги рувайбиза ҳукмдорларни Ғазога ёрдам беришдан чалғитиш, шу орқали уларнинг кўз-ўнгида қирғинларни давом эттириш бўлди! Бир вақтнинг ўзида, Америка яҳудий вужуди тажовузларини сўзсиз қўллаб-қувватлаш, қирғинларини оқлаш ва уларни аввал ҳам, бундан кейин ҳам барча турдаги қуроллар билан таъминлашда давом этмоқда. 2024 йил 13 августда яҳудий вужудини қарийб 20 миллиард долларлик қирғинбарот қуроллар билан таъминлашга рози эканини билдирди. Яҳудий вужуди бош вазири Нетаняху ғалаба орзуси билан маст бўлиб, буни ўзининг муросасиз позициясини мутлақ қўллаб-қувватлаш деб ҳисоблаб, Американинг ўз ёрдамларини ёки қурол-яроғ етказиб беришини тўхтатмаслигига ишонди.
  • Шундай бўлди ҳам. Байден ўзининг давлат котиби Блинкенни Мисрга юборди. Бу Ғазога қарши яҳудий агрессияси бошланганидан бери унинг тўққизинчи сафари ҳисобланади. Эртаси куни, 2024 йил 19 августда Блинкен яҳудий бош вазири Нетаняху билан учрашиб, ёлғондан «Қўшма Штатлар Ғазонинг Исроил томонидан узоқ муддатли ишғол этилишига рози эмаслигини узоқ вақтдан бери айтиб келади», деб айтди. Бу ҳар томонга бурса бўладиган гап. Зеро, ушбу муддатнинг қанчалик қисқа экани номаълум! У яна ўзининг алдовида давом этиб, бундай деди: («Давҳада Қатар ва Миср билан бошланган музокаралар ўтган ҳафта тўхтатилиши ортидан Нетаняху икки томон ўртасидаги тафовутларни қисқартиришга қаратилган Америка таклифини қабул қилиб, айни таклифни қабул қилиши учун Ҳамасга босим ўтказилишини талаб қилди». Рейтер, 2024 йил 19 август). 2024 йил 20 августда Нью-Йорк Таймс газетаси музокаралар жараёнидан хабардор расмийларга таяниб, қуйидагиларни нашр қилди: «Американинг янги таклифи Исроил кучларига Ғазо билан Миср чегарасидаги Филаделфия коридорининг бир қисмида патрул хизматини давом эттириш имконини беради».
  • Оқ уй АҚШ президенти Байденнинг 2024 йил 21 август куни кечқурун Нетаньяху билан телефон орқали суҳбатлашганини маълум қилди: («Байден билан Нетаньяху Эрондан келаётган барча таҳдидларга, жумладан, Ҳамас, Ҳизбуллоҳ ва Ҳусийлардан иборат унинг прокси террорчи гуруҳларига қарши Исроилни қўллаб-қувватлаш борасидаги Американинг саъй-ҳаракатларини, шу жумладан АҚШнинг мудофаа бўйича ҳарбий жойлашувини давом эттириш масаласини муҳокама қилдилар». Монте-Карло, 2024 йил 22 август). Ушбу телефон суҳбатидан олдин америкалик бир расмий яҳудий вужудининг ўз армиясидан бир қисмини Миср билан Ғазо ўртасидаги Филаделфия коридорида ушлаб туришга оид талабини юмшатиш учун Байден томонидан Нетаньяхуга босим қилиниши кутилмоқда, деган эди. Маълумки, Салоҳиддин ўтиш пункти деб аталадиган бу коридордан Нетаньяху ўз кучларини олиб чиқиб кетишни рад этиб келмоқда. Филаделфия коридори Миср билан Ғазо чегараси бўйлаб чўзилган бўлиб, узунлиги тахминан 14 километрни, кенглиги эса баъзи қисмларида 100 метрни ташкил этади. Миср яҳудий вужудининг айни коридорни назорат қилиши улар ўртасида 1979 йил АҚШ воситачилигида тузилган мудҳиш Кэмп-Дэвид шартномасини бузиш, деб ҳисоблайди ва ўтган май ойида назоратни қўлга киритган яҳудий вужудини у ердан чиқиб кетишга чақириб келади. Американинг ушбу позицияси сабабли унинг арзандаси Нетаньяху Қўшма Штатлар амалда ҳеч нарса қилмай, фақатгина сўзда манёвр қилаётганини англаб етди. Ҳолбуки, Қўшма Штатлар яҳудий вужуди устидан улкан нуфузга эга. Чунки бу вужуд Американинг ёрдамларига, иқтисодий ва ҳарбий кўмакларига таяниб келади. Агар, Америка унга босим ўтказиш борасида жиддий бўлганида, яҳудий вужуди миқ этмай бажарган бўларди.
  • 2024 йил 24 августда Қоҳирада музокаралар бошланди. Унда АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси раиси Уильям Бёрнс, Қатар бош вазири ва айни вақтда ташқи ишлар вазири Муҳаммад Абдураҳмон Оли соний, яҳудий вужуди делегацияси ҳамда музокара мезбони бўлган Миср делегацияси иштирок этди. Ҳамас делегацияси у ерда ҳозир бўлган бўлса-да, лекин музокарада бевосита қатнашмади. Нетаняхунинг ўжарлиги ва «Салоҳиддин коридори»дан чиқиб кетишдан бош тортганлиги сабабли расмий делегациялар 2024 йил 25 август куни ҳеч қандай келишувсиз Қоҳирани тарк этишди. 2024 йил 25 август куни Анадолу агентлиги Ҳамаснинг ўз исмини очиқламасликни маъқул кўрган юқори мартабали расмийсидан қуйидагиларни иқтибос келтирди: «Ҳамас АҚШ президенти Байден томонидан эълон қилинган ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланган ўт очишни тўхтатиш таклифига содиқ». Кейин у «Ҳамаснинг 2 июл куни келишилган масалаларни амалга оширишга тайёр…» эканини таъкидлади. Бироқ Нетаняху АҚШ президентлик сайловлари натижасини кўрмагунча ҳар қандай келишувни кечиктирмоқда. У Нетаняху ва яҳудий вужудини сўзсиз қўллаб-қувватлашда Байден маъмурияти ва демократлардан устун бўлган ва улар билан рақобатлашиб келаётган Республикачилар билан мулоқот қилиб келмоқда. Нетаняху Вашингтонга борганида 2024 йил 26 июл куни Трамп билан учрашиб, ундан ва Конгрессдаги Республикачилардан тўлиқ қўллаб-қувватлов олди. Уни 53 дақиқа қилган нутқи давомида Конгрессдагилар тинимсиз олқишлаб туришди. Ўз мулоқотларида тўлиқ қўллаб-қувватлашини ваъда қилган ҳамда икки давлат ечими ғоясидан воз кечган Трампнинг ҳокимиятга келишига Нетаняху пул тикмоқда. Зеро, Трамп Саудия режимига яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича кўрсатма бериши кутилмоқда. Бу эса бошқа режимларни ҳам худди шундай йўл тутишга ундайди. Шунинг учун Нетаньяху АҚШ сайлов натижалари маълум бўлгунга қадар пул тиккан ўзининг гаровларини давом эттириши кутилади.
  • Нетаньяхунинг то сайлов натижасига қадар музокараларни пайсалга солаётганини ҳамда шартлар қўйишдаги қатъийлигини унинг матбуот анжуманидаги сўзлари таъкидлаб турибди. Дарҳақиқат, Арабия телеканали 2024 йил 3 сентябрда Нетаньяхудан унинг қуйидаги сўзларини иқтибос келтирди: («Биз бу урушда олдимизга тўртта мақсадни қўйганмиз: Ҳамасни йўқ қилиш, ўғирланган барча одамларимизни қайтариш, Ғазонинг қайта Исроилга хавф туғдирмаслигини таъминлаш ва шимол аҳолисини ўз уйларига хавфсиз равишда қайтариш». Сўнг бундай қўшимча қилди «Ушбу мақсадлардан учтаси битта жойдан, яъни Филаделфия коридоридан ўтади». У, шунингдек, айни каридорнинг «Ҳамас учун кислород ва қурол-яроғ манбаи» эканини таъкидлаб, «Шу сабабдан, (исроилликлар) бу ҳудудни назорат қилишга мажбурдирлар», дея қўшимча қилди…).

Иккинчи: Энди Америка икки давлат ечимида жиддийми деган саволга жавоб берамиз:

  • Американинг икки давлат ечими лойиҳаси бўйича ўртага ташлаётган нарсаси – ҳолбуки у мусулмон юртларидаги ўзига малай ҳукмдорларни айни шу лойиҳага чақиришлари учун бир жойга йиғиб келади – алдов ва сўз ўйинидан бошқа нарса эмас. Чунки у Фаластин аҳлига ҳақиқий давлат эмас, балки автономияга ўхшаш ёки ундан ҳам кичик нарсани таклиф қиляпти! (АҚШ президенти Жо Байден кеча, жума куни журналистлар олдида сўзлаган нутқида Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги бир қанча давлатлар ўз қуролли кучларига эга эмаслигини таъкидлаб, икки давлат ечимининг турли моделлари борлигини айтиб ўтди… Ал-Жазира, 2024 йил 4 январ). Яъни Байден қуролли кучлари бўлмаган давлат моделини назарда тутяпти! Бошқа давлатларда бўлгани каби ҳақиқий суверен давлат масаласига келсак, буни яҳудий вужуди рад этиб келмоқда. Ал-Жазира 2024 йил 18 июлда қуйидагиларни нашр қилди: (Кеча, чоршанба куни кечқурун (Исроил) кнессети ассамблея тарихида биринчи марта Фаластин давлати тикланишини рад этувчи қарорни қабул қилди). Зеро, Американинг яҳудийлардан асло воз кечмаслигини, чунки яҳудий вужуди АҚШнинг арзандаси бўлиб, Ислом ва мусулмонларга қарши курашиш учун исломий юртлар марказида жойлашган унинг илғор ҳарбий базаси эканини, АҚШ президенти Байден ҳам шахсан уларга хайрихоҳ бўлиб, ўзини сионист деб ҳисоблашини, унинг яҳудий вужудини ҳимоя қилишга чақирувчи диний эътиқодга эга эканини, ташқи ишлар вазири, яъни бошқарувдаги нуфузли шахслардан ва АҚШ сиёсатини амалга оширувчи расмийлардан бири Блинкен ҳам ташқи ишлар вазири сифатидан кўра аввало яҳудий бўлгани учун яҳудий вужудини ҳимоя қилишини айтиб ўтганини, президентликка номзод бўлган вице-президент Камала Харрисга келсак, Байден яҳудийлар билан учрашувида ўз маъмуриятининг яҳудий вужуди ва яҳудийларни қўллаб-қувватлаш даражасини кўрсатиш учун Харриснинг эрини яҳудий деб таништирганини, агар вице-президент ҳокимиятга келадиган бўлса, яҳудийларни ва яҳудий вужудини қўллаб-қувватлаш сиёсатини давом эттиришини ва булардан бошқа барча ишларни яҳудийлар тушуниб туришибди. Агар Трамп ғалаба қозонса, яҳудийлар ва яҳудий вужудини Демократлардан ҳам кўра кўпроқ қўллаб-қувватлайди. Шунинг учун яҳудий вужуди ушбу барча қўллаб-қувватловларга таяниб, ўзининг зулму жиноятларини давом эттирмоқда…
  • Бу ерда икки давлат ечими билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳатга аниқлик киритиш керак. У қуйидагича:

а)   Фаластиннинг муборак замин ва Ислом тупроғи эканлиги, шунингдек, Аллоҳ Таоло

﴿سُبۡحَٰنَ ٱلَّذِيٓ أَسۡرَىٰ بِعَبۡدِهِۦ لَيۡلٗا مِّنَ ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِ إِلَى ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡأَقۡصَا ٱلَّذِي بَٰرَكۡنَا حَوۡلَهُۥ﴾

«(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандасини Масжидул ҳаромдан Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир»                             [Исро 1]

деб айтганидек, баракотли қилиб қўйган Ақсо масжиди замини эканлиги ўзгармас ҳақиқатдир. Анави ҳукмдорлар чақираётган икки давлат ечими Аллоҳга, Унинг Росулига ва мўминларга хиёнатдир. Чунки Ислом диёри ўз халқи ва душманлари ўртасида ўзининг тақсимланишини қабул қилмайди… Шундай экан, ушбу исломий юртда яҳудийларнинг бирор ҳокимиятга эга бўлиши мумкин эмас. Бу заминда икки давлат ечимига ўрин йўқ. Аксинча, бу замин Умар Форуқ розияллоҳу анҳу томонидан фатҳ қилиниб, рошид халифалар томонидан ҳимоя қилинган замин. У Салоҳиддин Айюбий озод қилган, Абдулҳамид яҳудийлардан сақлаб қолган заминдир. Худди шунингдек, Фаластин Аллоҳнинг содиқ аскарлари саъй-ҳаракатлари билан асл ҳолига яна қайтади.

б)   Икки давлат ечимига оид шаръий ҳукм мана шу. Ҳатто бу ечим фаластинликларга 1967 йил чегараларидаги Фаластиннинг бир қисмида, яъни Фаластининг қарийб 20 % ерида мустақил давлат бериб, қолган 80 %идан воз кечишни англатган тақдирда ҳам, бу – юқорида айтганимиздек – катта гуноҳ ҳамда Аллоҳга, Росулига, мўминларга хиёнатдир. Хўш, таклиф қилинаётган ечим автономия ёки ундан ҳам оз нарса бўлса-чи?! Шубҳасиз, бу хиёнат устига хиёнатдир. Бу катта жиноят бўлиб, уни содир этган кимса бу дунёда шармандалик ва хорликка, охиратда эса қаттиқ азобга гирифтор бўлади…

﴿سَيُصِيبُ ٱلَّذِينَ أَجۡرَمُواْ صَغَارٌ عِندَ ٱللَّهِ وَعَذَابٞ شَدِيدُۢ بِمَا كَانُواْ يَمۡكُرُونَ﴾

«Яқинда бундай жинояткорларга қилиб ўтган ҳийла-найранглари сабабли Аллоҳ ҳузурида хорлик ва қаттиқ азоб етажакдир»                                                                                   [Анъом 124]

Учинчи: қандай қилиб бу тажовузга барҳам бериш ва Фаластиннинг ўз аҳлига тўлиқ қайтарилиши масаласига келсак:

  • Бу масала Исломда аниқ. Агар кофирлар исломий юртлардан бирига тажовуз қилиб, босиб олса ва аҳолисини қувиб чиқарса, бундай душманга қарши жанг қилиш, орқасидагиларни ҳам қўрқитиб қўядиган шиддатли жанг билан уни йўқ қилиш, мамлакатни тўлиқ ва ҳеч қандай камчиликсиз исломий давлат сифатида ўз аҳлига қайтариш вожиб бўлади. Аллоҳ Субҳанаҳу айтади:

﴿وَٱقۡتُلُوهُمۡ حَيۡثُ ثَقِفۡتُمُوهُمۡ وَأَخۡرِجُوهُم مِّنۡ حَيۡثُ أَخۡرَجُوكُمۡۚ﴾

«Уларни топган жойингизда ўлдирингиз ва сизларни (қувиб) чиқарган жойдан уларни ҳам қувиб чиқарингиз!»                                                                                                         [Бақара 191]

Яна бундай дейди:

﴿فَإِمَّا تَثۡقَفَنَّهُمۡ فِي ٱلۡحَرۡبِ فَشَرِّدۡ بِهِم مَّنۡ خَلۡفَهُمۡ لَعَلَّهُمۡ يَذَّكَّرُونَ﴾

«Бас, агар уларни жангда топсангиз, уларни ҳалок қилиш билан ортларидаги кимсаларни қўрқитиб қўйинг! Шояд эслатма олсалар»                                                               [Анфол 57]

Ҳатто исломий ерлардан бирига уни босиб олмаган ҳолда ҳужум қилса ҳам, тажовузни бартараф этмоқ вожиб бўлади:

﴿فَمَنِ ٱعۡتَدَىٰ عَلَيۡكُمۡ فَٱعۡتَدُواْ عَلَيۡهِ بِمِثۡلِ مَا ٱعۡتَدَىٰ عَلَيۡكُمۡۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلۡمُتَّقِينَ﴾

«Ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг! Ва Аллоҳдан қўрқингиз! Билингларки, Аллоҳ Ўзидан қўрқувчилар билан биргадир»           [Бақара 194]

Бас, босиб олинган исломий юртларни ўз аҳлига қайтариш, тажовузни бартараф қилиш – булар ақли расо кишилар ихтилоф қиладиган нарса эмас. Чунки бу Аллоҳ Субҳанаҳунинг Китоби, Росули ﷺнинг суннатлари ва саҳоба розияллоҳу анҳуларнинг ижмосида очиқ баён этилган… Кейин, яҳудий вужуди ёлғиз ўзи мустаҳкам туролмайди. Чунки яҳудийлар – агар одамларнинг аҳди паноҳида бўлмасалар – жанг қилиш қўлидан келмайдиган қавмдир. Бу ҳақда қудрати улуғ зот бундай дейди:

﴿ضُرِبَتۡ عَلَيۡهِمُ ٱلذِّلَّةُ أَيۡنَ مَا ثُقِفُوٓاْ إِلَّا بِحَبۡلٖ مِّنَ ٱللَّهِ وَحَبۡلٖ مِّنَ ٱلنَّاسِ﴾

«Агар Аллоҳнинг ва одамларнинг аҳди паноҳида бўлмасалар (арқонини ушламасалар), албатта уларга қаерда бўлмасинлар, хор-зорлик битиб қўйилди»                                      [Оли Имрон 112]

Дарҳақиқат, яҳудийлар Аллоҳнинг арқонини узиб ташлашган. Ҳозирда фақатгина Америка ва Европанинг ҳамда уларнинг исломий юртлардаги хоин ҳукмдорлардан иборат малайларининг арқонини ушлаб туришибди! Зеро, бу ҳукмдорлар яҳудийларнинг йиртқич тажовузлари қаршисида миқ этмай турибди, уларнинг орасидаги энг тузукроқлари шаҳид ва ярадорларни санаганлари бўлди.

  • Яҳудий вужуди уруш олиб борадиган ва ғалаба қозонадиган халқ эмас. Аксинча, Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло Ўзининг каломида уларни бундай сифатлаган:

﴿لَنْ يَضُرُّوكُمْ إِلَّا أَذًى وَإِنْ يُقَاتِلُوكُمْ يُوَلُّوكُمُ الْأَدْبَارَ ثُمَّ لَا يُنْصَرُونَ﴾

«Улар сизларга озор беришдан бошқа ҳеч қандай зарар етказа олмайдилар. Агар сизлар билан уришсалар, кетларига қараб қочадилар. Сўнгра уларга (ҳеч ким томонидан) ёрдам берилмайди»

                                                                                                                      [Оли Имрон 111]

Кўриб турганингиздек, яҳудийларга қарши жанг қилаётган имонли ёш йигитларнинг сонлари ва қурол-яроғлари уларга нисбатан оз бўлишига қарамай, яҳудий вужуди шу кунгача ғалаба қозонолмади. Шунинг учун бир тасаввур қилинг, мусулмон қўшинлар ҳаракатга келса қандай бўлади? Бутун мусулмон қўшинлари эмас, балки фақатгина Фаластин атрофидаги қўшинлар ёки ҳатто улардан баъзилари ҳаракатга келса, бу вужуд ҳавога пардек учиб йўқ бўлиб кетарди… Шунинг учун муаммо мусулмон юртларидаги мавжуд давлатлардадир. Чунки уларнинг ҳукмдорлари Ислом ва мусулмонларнинг душманлари бўлмиш мустамлакачи кофирларга содиқдирлар. Улар яҳудийларнинг Фаластинни босиб олганини, ваҳший жиноятларини ва турли-туман қирғинларини кўриб, эшитиб туришибди. Аммо ўзларини гўё кўрмаётган ва эшитмаётгандек тутишяпти:

﴿صُمُّۢ بُكۡمٌ عُمۡيٞ فَهُمۡ لَا يَرۡجِعُونَ﴾

«(Улар) кар, соқов, кўрдурлар, демак (йўлларидан) қайтмайдилар»                                [Бақара 18]

Шубҳасиз, мусулмонларнинг мусибати мана шу ҳукмдорларидадир. Чунки айнан шулар армияларнинг Ғазодаги қардошларига нусрат-ёрдам беришларига шу кунгача тўсқинлик қилиб келишди. Шаҳидлар сони 41 мингга, ярадорлар эса 95 мингга етди… Ваҳоланки, ҳукмдорлар бу қилмишларни кузатиб туришибди. Уларнинг орасидаги энг тузукроқлари яҳудийларга яқинроқ бўлсалар-да, лекин ўзларини бетараф қилиб кўрсатиб, шаҳидларни ўликлар қаторида санаганлари, сўнг ярадорларнинг ҳам саноғини кўрсатганлари бўлди!

Тўртинчи: Сўзимни огоҳ қалб эгаси бўлган ёки сидқидилдан қулоқ тутган киши учун икки нарсани эслатиш билан тамомламоқчиман:

  • 2024 йил 22 март кунги саволга жавоб нашримизда бундай деган эдик: (Маълумки, Британия ташқи ишлар вазирининг 1917 йил 2 ноябрда лорд Ротшилдга йўллаган мактубида ўрин олган Балфур декларациясида яҳудийларнинг Фаластинда миллий ватан ташкил этишлари Британия ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланиши қайд этилган эди. Дарҳақиқат, бу декларация Усмоний Халифаликнинг Биринчи жаҳон урушида айрим араб ва турк арбобларнинг хиёнати сабабли мағлубиятга учраган сўнгги кунларида келиб чиқди… Бундан бир неча йил аввал 1901 йил 18 майда Британия томонидан қўллаб-қувватланган сионистик жамиятларнинг вакили Герцль Усмоний халифага сўров юборган. У ўша пайтда Усмоний Халифалик бошдан кечираётган молиявий кризисдан фойдаланиб, яҳудийларга Фаластиндан ер бериш эвазига Халифалик давлати камомадини қоплаш учун катта миқдорда пул таклиф қилган. Бироқ Абдулҳамиднинг Герцлга берган жавоби кучли ва ҳикматли эди: «Мен Фаластиннинг бир қарич еридан ҳам воз кеча олмайман. Чунки у менинг шахсий мулким эмас. Аксинча, Ислом Умматининг мулкидир. Халқим бу замин учун жиҳод қилиб, уни қонлари билан суғорган. Яҳудийлар миллионларини ўзларига сақлаб қўйишсин. Бир кун келиб Халифалик давлати парчаланса, Фаластинни текинга олишлари мумкин. Аммо мен тирик эканман ҳаргиз бундай бўлмайди…»). Дарҳақиқат, халифа зукко, фаросатли ва узоқни кўра биладиган киши эди. Араб ва турк хоинларининг Британия билан тил бириктиришлари орқали Халифаликнинг ҳижрий 1342, милодий 1924 йилда бекор қилиниши Фаластинни яҳудийларга текинга беришга олиб келди! Дарҳақиқат, Абдулҳамид роҳимаҳуллоҳнинг қилган тахмини ҳақиқатда юз бериб, Халифаликнинг бекор қилиниши Фаластинда мана шу жирканч яҳудий вужуди пайдо бўлишининг амалий муқаддимаси бўлди.
  • Бугун, исломий юртлардаги малай ҳукмдорлар мустамлакачи кофирга эргашишлари ҳамда Ислом замини ва Аллоҳ атрофини баракотлик қилган Ақсо масжиди замини бўлмиш Фаластинга хиёнат қилишлари билан бу рувайбизалар йўқ бўлиб кетади. Аллоҳнинг изни ила, Ислом давлати, рошид Халифалик давлати қайта барпо бўлиб, яҳудийларга қарши жанг қилинади ҳамда уларнинг босқинчилигига Аллоҳнинг изни ила барҳам берилади. Дарҳақиқат, имом Аҳмад ўзининг муснадида Ҳузайфадан чиқарган ҳадисда содиқул масдуқ Росулуллоҳ ﷺ бундай деганлар

«…ثُمَّ تَكُونُ خِلَافَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ»

«… Кейин Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади». Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда ҳам

«تُقَاتِلُكُمُ الْيَهُودُ فَتُسَلَّطُونَ عَلَيْهِمْ»

«Яҳудийлар сизларга қарши жанг қилишади. Сўнг Аллоҳ сизларни уларнинг устидан ғолиб қилади», дейилган. Имом Муслим лафзи Ибн Умарники бўлган ва Набий ﷺдан чиқарган ҳадисда ҳам бундай дейилган:

«لَتُقَاتِلُنَّ الْيَهُودَ فَلَتَقْتُلُنَّهُمْ»

«Сизлар яҳудийларга қарши жанг қилиб, уларни ўлдирасизлар». Шундан сўнг бутун Ер курраси Аллоҳнинг нусрати сабабли чароғон бўлади:

﴿وَيَوۡمَئِذٖ يَفۡرَحُ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ * بِنَصۡرِ ٱللَّهِۚ يَنصُرُ مَن يَشَآءُۖ وَهُوَ ٱلۡعَزِيزُ ٱلرَّحِيمُ﴾

«Ўша кунда мўминлар Аллоҳнинг нусрати сабабли шодланурлар. (Аллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишиларга нусрат берур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир»                                                       [Рум 3-4]

 

                                                                                                           1 робиулаввал 1446ҳ

                                                                                                                  4 сентябр 2024м

 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here