Қирғизистон мустақил давлатми?

5927
0

Қирғизистон мустақил давлатми?

Қирғизистон 1991 йилдан буён 31 август кунини мустақиллик байрами сифатида нишонлаб келади. Ҳақиқатдан ҳам Қирғизистон мустақилми? Унинг мустақиллигини аниқлайдиган мезонлар борми? Келинг, бу саволга тарихий фактлардан жавоб излаб кўрайлик.

Шубҳасизки, сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий мустақиллик чинакам суверен давлатнинг асосий шартидир. Мустамлакачиликдан озод бўлиш маъносини билдирган “Мустақиллик” (independence) атамаси дастлаб, Исломий ўлкаларни заифлашиб қолган Усмонли халифалигидан ажратиб олиш учун ишлатилган. Англия ва Франция давлатлари араб ва Африка ўлкаларини Усмонли халифалигидан ажратиб, мустамлака қилиш учун “мустақиллик” шиорларини кўтардилар. Сўнгра Биринчи жаҳон уруши бошланиб, халифалик давлати қулатилди. Мустамлакачи давлатлар ўзлари босиб олган ерлардан қаноатланмагач, иккинчи жаҳон урушини бошладилар. Бу уруш натижасида жаҳон етакчилигига интилган Америка “мустақиллик” ташаббусини илгари сурди. “Атлантика Хартияси” мустақилликка эришиш йўлида ташланган биринчи қадам ҳисобланади.

Атлантика хартияси Гитлерга қарши коалициянинг асосий дастурий ҳужжатларидан биридир. Хартия Атлантика конференциясида Британия бош вазири ва АҚШ президенти томонидан қабул қилиниб, 1941 йил 14 августда эълон қилинди. 24 сентябрда СССР унга қўшилди. Ушбу хартия, Иттифоқчилар иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонганидан кейин дунё тартибини белгилаш учун чақирилган. Шундан сўнг “Бирлашган Миллатлар” (United Nations) атамаси Гитлерга қарши коалициянинг синоними сифатида қўлланила бошлади ва кейинчалик “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти”га айланди.

Ушбу конференцияда АҚШ иттифоқчилар тарафида туриб урушга кириш эвазига бошқа давлатларнинг мустамлакаларига кириш йўлини очиб қўйишни талаб қилди. Бу расмий равишда хартия ҳужжатининг бандларига киритилган. Масалан, хартияда “Суверен ҳуқуқлари ҳамда ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқи зўрлик билан тортиб олинган халқларнинг ҳуқуқларини қайта тиклаш” деган банд бор. Бу банд АҚШнинг мустамлака остидаги мамлакатларни “мустақиллик” шиори остида мустамлакачи давлатга қарши гижгижлаб, сўнг уни ўзи мустамлака қилиб олиши учун жорий қилинган эди.

Шу тариқа, деколонизация Ҳиндистондан бошланди. У 1947 йилда “мустақиллик”ка эришди. Ҳақиқатда эса, АҚШ бу давлатларни “мустақиллик”ка гижгижлаб бошлаганида, Англия ўз мусутамлакаси бўлган Ҳиндистон ва Покистонга сохта мустақиллик бериб, уларни ўз чангалида ушлаб қолган эди. Бундай ҳолат кейинги ажралиб чиққан давлатларда ҳам такрорланди. Ҳиндистондаги АҚШ-Британия кураши бугунги кунгача давом этиб келмоқда. У ердаги ҳукмрон партиялар ичида “Ҳиндистон миллий конгресси” Британияга, “Ҳиндистон халқ партияси” эса Америкага хизмат қилади. Покистонни эса АҚШ бутунлай Англиядан тортиб олди.

1960 йилларга қадар деколонизация жараёни асосан Осиё мамлакатларида давом этди. 1960 йилда “деколонизация” БМТ томонидан кучли тарзда қўллаб-қувватланди. Ўша йили БМТ “мустамлака остидаги мамлакатлар ва халқларга мустақиллик бериш тўғрисида декларация” қабул қилди. 1961 йилда АҚШ президенти Кеннеди ва СССР раҳбари Хрушчев Венада учрашиб, колонияларни бўлиб олишга келишиб олдилар. Шундан сўнг, хусусан Африкада “мустақиллик” ҳаракатлари кучайиб кетди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, АҚШ ва СССР “мустақиллик” курашлари орқали Англия ва Франциянинг (шунингдек, Италия, Испания каби кичикроқ мустамлакачи давлатларнинг) мустамлакаларига кириб бориш учун ўзларига йўл очиб олишди. Ўз навбатида булар ҳам, ўзларининг мустамлакаларини сақлаб қолиш учун дарҳол минтақавий ташкилотларни тузишга шошилдилар. Масалан, Англия ўз мустамлакаларини “Халқлар Ҳамдўстлиги” (Commonwealth of Nations) ташкилоти орқали сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Франция ҳам ўз мустамлакаларини “Француз ҳамжамияти” (Communauté française) ташкилоти орқали сақлаб қолишга ҳаракат қилди. Шундай қилиб, бу мустамлакачиларнинг мустамлакачилик низолари сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва маданий келишувлар орқали давом этадиган бўлиб қолди.

Шундан сўнг АҚШ ва унинг рақиби бўлмиш СССР ўртасида “совуқ уруш” бошланди. Бу урушда СССР мағлубиятга учраб, қулади. СССР таркибидаги иттифоқ республикалари сунъий мустақилликка эришдилар. Россия ўз мустамлакаларини сақлаб қолиш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигини (МДҲ) тузди. Бироқ, бу билан у мустамлакаларини тўлиқ ушлаб қола олмади. Аввалига Болтиқбўйи мамлакатлари Европага оғиб у ерда Россиянинг таъсири қисқариб борди. Шундан сўнг Россия ҳарбий жиҳатдан КХШТ ва иқтисодий жиҳатдан ЕОИИ ташкилотларини тузди. Россия мустамлакаси остида бўлган давлатларнинг бошқа халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши ва уларга бошқа мустамлакачиларнинг кириб келишига йўлларнинг очилиши сабабли унинг таъсири янада камайиб бормоқда.

Шу ўринда Қирғизистоннинг мустақиллигини сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий нуқтаи назардан таҳлил қилиб ўтсак. Бошқа иттифоқ республикалари қаторида Қирғизистон ҳам “мустақиллик”ка эришди. Сиёсий жиҳатдан дастлаб сўзсиз русларга хизмат қилган Акаев ҳокимиятни эгаллади. 2005 йилги давлат тўнтаришида Россия Ғарб кадрларининг ҳокимиятга келишига тўсқинлик қилди ва ўзига яхши малайлик қилган Акаевни Москвага олиб кетиб, унинг ўрнига Бакиевни қўйди. Сўнгра Бакиев АҚШ ва Хитой билан ҳамкорлик қилиб, “кўп векторли” сиёсатга мойил бўлганлиги туфайли уни исён йўли билан ағдариб ташлади ҳамда ғарбпараст кадрларни четлатиб, муваққат ҳукуматга “ижозат” берди. Ундан кейин келган Атамбаев ҳам Путинга қарши қилган ҳаракатлари учун ҳибсга олинди. Жеенбеков ўз ишини эплай олмагач, ҳокимиятга Россиянинг рухсати билан Садир Жапаров бошчилигидаги ҳукумат келди…

Иқтисодий жиҳатдан Қирғизистон қарз ботқоғига ботиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, у Россиянинг муштимзўрлиги билан ЕОИИга кирди ва ҳозирда унинг зўравонлигидан азият чекиб келмоқда. Масалан, автомобилларни импорт қилиш ва маҳаллий товарларни ЕОИИ мамлакатларига экспорт қилишда қатор тўсиқларга дуч келмоқда.

Бошқа бир томондан, Хитойнинг иқтисодий экспансияси Қирғизистонни қарзга ботириб, сўнг “инвестиция” баҳонасида конлари ва ерларини тортиб олмоқда. Ҳатто ҳозирги ҳукумат иқтисодий жиҳатдан Хитойга мойил бўлгани учун йирик лойиҳалар бўйича шартномаларнинг аксарияти Хитой билан тузилмоқда. Президент Жапаров конларнинг руда ҳолида ташиб кетилишини тақиқловчи фармонни Хитой манфаати учун аллақачон бекор қилган. Шунингдек Ғарбдан олинган кредит ва грантлар ҳам Қирғизистонни бўғзидан олмоқда.

Ҳарбий томондан эса Россия Қирғизистонни ўз таъсири остида ушлаб турибди. У “экстремизм ва терроризм” эртаклари билан қўрқитиб Қирғизистонда ҳарбий база қуриб олган. Аслида, бундан АҚШ ва Хитойнинг ҳарбий аралашувини олдини олиш кўзланган. Мазкур ҳарбий база бўйича келишувлар янгиланиб, унинг ҳудуди кенгайтирилмоқда.

Мана шундай тарзда сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий қарамлик мустамлакачиларнинг глобал ва маҳаллий ташкилотлари орқали амалга оширилиб келмоқда. Агар давлат мустақилликнинг асосий белгиси бўлган сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий суверенитетга эга бўлмаса, бундай давлатнинг герби – шунчаки бир сурат; мадҳияси – шунчаки бир қўшиқ; байроғи шунчаки бир латта каби бўлиб қолади!

Шундай экан, эй мусулмон биродарлар, “мустақиллик” каби ёлғонларга алданмайлик, демократия зулмати ва мустамлакачилар зулмидан қутулишнинг ягона йўли бўлган Исломий Халифалик давлатини тиклаш учун ҳаракат қилайлик! Зеро, бизнинг ўлкамиз азалдан Исломий юрт бўлиб, ота-боболаримиз ўз Исломини маҳкам тутиб келишган. Қолаверса, Ислом юртларидаги бойликларимизнинг кофир мустамлакачилар томонидан ташиб кетилишини тўхтатиш учун мусулмонлар бир Халифа атрофида бирлашишлари лозим! Зеро, мусулмонларнинг бундай зулм ва хорлик остида ҳаёт кечириши жоиз эмас. Аллоҳ таоло айтади:

وَلَن يَجۡعَلَ ٱللَّهُ لِلۡكَٰفِرِينَ عَلَى ٱلۡمُؤۡمِنِينَ سَبِيلًا

“Аллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай”. (Нисо: 141).

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here