Бишкекда автотураргоҳлар нархини 100 сомгача кўтариш таклиф қилинди

3488
0

Бишкекда автотураргоҳлар нархини 100 сомгача кўтариш таклиф қилинди

Бишкек шаҳар ҳокимлиги шаҳарнинг асосий кўчаларида муниципал автотураргоҳлар ва тўхташ жойлари ташкил этиб, унинг тўловларини 100 сомгача оширишни таклиф қилди. Бу масаладаги ҳокимлик ташаббуси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Таклифга кўра, автомобил тўхташ жойларининг хизматлари учун соатлик тўлов жорий қилинади. Шаҳарнинг марказий қисмида автотураргоҳнинг биринчи соати учун тўлов 25 сом, кейинги соатлар учун эса 40 сомдан 100 сомгача тариф белгиланиши режалаштирилган.

Айни пайтда Бишкекда 683 минг автомобил рўйхатга олинган. Бундан ташқари, ҳар куни бошқа вилоятларда рўйхатдан ўтган минглаб автомашиналар шаҳарга кириб-чиқади. Ҳозирги тариф расман 25 сом сифатида тасдиқланган.

Бишкек шаҳар ҳокимлиги бундан аввал ҳам Вазирлар Маҳкамасига бир қатор тўловлар жорий этиш лойиҳасини тақдим этган эди. Лойиҳага кўра, бошқа вилоятлар ва хорижда рўйхатдан ўтган автомашиналардан Бишкек шаҳарига кириш тўловини ундириш ҳамда ижарага олинган электроскутер каби транспорт воситаларидан ва шаҳарга келаётган сайёҳлардан маблағ ундириш таклиф қилинади.

Бундан ташқари, Бишкек ҳокимлиги Ўш ва Бишкек шаҳарлари кўчаларида “автомобилларни кўчага жадвал (график) билан чиқариш” лойиҳасини ҳам таклиф қилган эди. Лойиҳага кўра, жадвалини бузган жисмоний шахслар 1000 сом, юридик шахслар эса 5000 сом миқдорида жаримага тортилади.

Қирғизистон ҳукумати иқтисодий ўсиш ҳақида оғиз кўпиртираётган бўлсада, бироқ бюджетни оддий халқдан олинадиган солиқ ва тўловларни кўпайтириш билан тўлдирмоқда. Охирги икки ой ичида бир қатор солиқ ва тўлов турларини жорий этиш таклиф этилди. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганларни аниқлаш учун дронлардан фойдаланиш, автомобиллар ва уйларни суғурталаш, электр энергияси, иссиқ сув ва иссиқлик нархини 3 баробарга ошириш шулар жумласидан.

Аммо Исломий тузумда давлат ўз ишларини юритиш учун солиқ солишга эҳтиёж сезмайди. Зеро, у ўз фаолиятини амалга ошириш учун ер ва кўчмас мулк каби давлат мулкларидан фойдаланади. Халқнинг умумий манфаатлари билан боғлиқ эҳтиёжлар учун омма мулки ҳисобланган умумий мулкдан сарфланади. Масалан, мактаблар, университетлар, шифохоналар, йўллар, аэропортлар қурилиши умумий халқ манфаати учун бўлиб, буларга умумий мулкдан сарфланади. Яъни, олтин, нефт, газ, темир, уран каби табиий бойликлардан олинган фойдалар шу соҳаларга сарфланади.

Қолаверса, Ислом бойликнинг бир ҳовуч одамларнинг қўлида тўпланишига йўл қўймайди. Шу билан бирга, камбағал ва муҳтож одамлар ҳам солиқ тўлаб, қийин аҳволда қолмайди. Балки даромади маълум миқдорга етган кишилардангина закот олинади. Мусулмонлар Закотни ибодат сифатида мамнуният билан беришади. Закотдан йиғилган мол-мулклар байтулмолдаги бошқа мол-мулкка аралаштирилмайди, алоҳида сақланиб, Аллоҳ Таоло “Тавба” сурасида айтган саккиз тоифа кишига тақсимланади. Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنْ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

“Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир”. (Тавба: 60).

Демак, Исломда капиталистик тузумдаги каби доимий равишда солиқ солиш ва тўловлар талаб қилиш жоиз эмас. Шундай экан, мусулмонлар бундай солиқчи ҳукуматларнинг зулмидан қутулиш учун дунё ва охиратда азизликка етказувчи Аллоҳнинг ҳукмлари билан яшашга шошилишлари лозим!

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here