Қирғизистонда автомобилларни суғурта қилиш мажбурий бўлади
Қирғизистонда автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказишда мажбурий суғурта шартномаси (ОСАГО) талаб қилинади. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилди. Қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб 15 кунда кучга киради. Мажбурий автомобил суғуртасининг бошланғич нархи йилига 1680 cомдир.
Ҳукумат бундан аввал ҳам автомобилларини суғурта қилмаган ҳайдовчиларга жарима солишни лойиҳалаштирган бўлса-да, бироқ уни доимий равишда кейинга суриб келди. Охирги марта у 2025 йилга қолдирилган эди.
Бошқа давлатда рўйхатдан ўтган автомобилларни Қирғизистонда мажбурий суғурта қилиш қоидаси 1 апрелдан бошлаб кучга кирган. Автомобилларини суғурта қилмаган хорижий компаниялар ва фуқаролар 1 июлдан бошлаб жарима тўлайди.
Изоҳ:
Қирғизистонда рўйхатга олинган шахсий автомобилларни 2024 йил 1 январдан бошлаб мажбурий суғурта қилиш бўйича қонун қабул қилинган эди. Бироқ жамоатчилик қаршилиги туфайли ҳукумат ушбу қонун ижросини ортга суришга мажбур бўлди. Қонунга кўра, суғурта полисига эга бўлмаган ҳайдовчилар 3000 сом, муассасалар эса 13000 сом миқдорида жаримага тортилади. Давлат молия назорати муассасасининг маълум қилишича, суғурта полисининг бошланғич нархи 1680 сом бўлиб, унинг нархи автомобилнинг тури, ҳайдовчининг ёши ва тажрибаси, йўл-транспорт ҳодисаларига қанчалик дуч келганига қараб ўзгариб туради.
Ҳозир Қирғизистонда 1та давлат компанияси ва 9та хусусий компания ҳайдовчиларга суғурта полисини расмийлаштириш лицензиясига эга. Статистик маълумотларга кўра, Қирғизистонда 1 миллион 400 минг автомобил бор. Буларнинг ҳар биридан 2000 сомдан олинса, ўртача 2 миллиард 800 миллион сом ундирилади. Бу миқдор компанияларнинг йиллик даромади ҳисобланади. Бироқ, бу корхоналарнинг йиллик харажатлари 300 миллион сомдан кам. Демак, ҳукумат ўз ҳамтавоқларининг миллиардлаб фойда кўриши учун халқнинг чўнтагидаги пулини тортиб олишга ҳаракат қилмоқда.
Бундан ташқари, компаниянинг банкрот бўлишига йўл қўймаслик учун тўловлар маълум миқдорда чекланган. Масалан, бировнинг қимматбаҳо машинасига 1 миллион сомлик шикаст етказсангиз, сизни суғурта қилган компания атиги 150 минг сом тўлайди. Қолганини ўзингиз тўлашингиз керак. Демак, ОСАГО қонун лойиҳаси одамларни ҳимоя қилиш учун эмас, балки халқ маблағларини капиталистик компанияларга йиғиб бериш учун ишлаб чиқилганлиги мана шундан ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Энг муҳими, мажбурий суғурта мусулмонлар учун ҳаромдир. Агар мажбурий суғурта шартномасини кўздан кечирадиган бўлсак, унинг икки жиҳатдан шариатга зид эканлиги аён бўлади:
Биринчидан, бу бир келишувдир. Чунки бу икки томон ўртасидаги шартнома бўлиб, таклиф ва қабул қилишни ўз ичига олади. Таклиф суғурта қилдирувчи томонидан, қабул эса компания томонидан бўлади. Демак, бу битим шариатга тўғри келиши учун битимнинг шартлари шаръий бўлиши керак. Шаръий битим нарсанинг ўзи ёки манфаати асосида тузилади. Аммо давлат илгари сураётган суғурта мажбурий бўлганлиги учун ҳайдовчилар бундан манфаатдор эмас, улар буни таклиф ҳам қилмаган. Бу эса битимнинг ботиллигини билдиради ва шаръан тақиқланади.
Иккинчидан, компаниянинг алоҳида шартлар остида суғурта қилдирувчига ваъда бериши кафолатнинг бир тури ҳисобланади. Суғуртада ушбу кафолат шартларининг ҳеч бири топилмайди.
Шундай экан, ҳукмдорлар ҳаром йўллар билан капиталистларни бойитиш ўрнига Исломий ҳукмлардан фойдаланиб, мусулмонларнинг бойликларини ишлаб чиқаришга, саноатга, завод ва фабрикалар қуришга йўналтиришлари лозим!
Нурдин Асаналиев