Қирғизистонда электр энергияси нархи яна кўтарилиши кутилмоқда

149
0

Қирғизистонда электр энергияси нархи яна кўтарилиши кутилмоқда

Қирғизистон Энергетика вазирлиги 89 минг 767 абонент учун электр энергияси тарифини қимматлатиш бўйича таклиф киритди. Бу таклифга оид қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Маълумотларга кўра, 2024 йилга нисбатан энергетика корхоналарининг даромади 32,5 миллиард сомни, харажатлари эса 40,6 миллиард сомни ташкил этади. Камомад 8,1 миллиард сом бўлиши кутилмоқда.

Шу боис, “Бошқа истеъмолчилар” учун электр энергияси тарифининг бир киловатт/соатини 3,76 сом қилиб белгилаш тавсия этилмоқда. Илгари буларнинг тарифи 3,18 сом эди. Ўтган йили республика бўйича 89 минг 767 нафар номаиший абонент рўйхатга олинган. Улар 1,6 миллиард киловатт-соат энергия истеъмол қилган. Янги тарифлар жорий этилса, энергетика корхоналарининг қўшимча даромади 900 миллион сомга етиши тахмин қилинмоқда.

  Бундан аввал Энергетика вазири Таалайбек Ибраев истеъмолчиларни электр энергиясини тежашга чақириб, қишда муаммолар пайдо бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган эди.

Ҳукумат 1 майдан бошлаб 700 кВт/соатгача истеъмол қилганлар учун электр энергия нархини 10,8 тийинга оширди. Ойига 700 кВт дан ортиқ истеъмол қилганлар учун 23,3 тийин қўшилди. Чексиз фойдаланишни хоҳлайдиганлар учун нарх 35,4 тийинга ошди.

Мамлакатда электр энергияси тарифлари мунтазам равишда қимматлаб борганига қарамай, қиш мавсумида халққа электр энергияси етарли даражада етказиб берилмайди. Ҳаттоки, электр таъминотида тинимсиз узилишлар бўлиб туради.

Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатдаги капиталистлар майнинг фермаларини ишлатиш учун электр энергиясини арзон нархда сотиб олишмоқда. Масалан, “МБТ Строй” ширкати “Қамбар-Ота-2” ГEСига 1,5 млрд. сом сармоя киритиб, уни электр энергияси билан қайтариб олмоқда. Мазкур ширкат “Қамбар-ота”га ётқизган сармоясини оқлаш учун 5-10 йил давомида ГEСдан 50-60 тийиндан энергия сотиб олишни режалаштирган. Маълумки, расмий идоралар электр энергиясининг таннархи 2 сом 38 тийинга тушишини айтиб келади. Бироқ, капиталистларнинг манфаатлари ҳақида гап кетганда, бу таннархлар 60 тийиндан ҳам пастга тушиб қолади.

Ҳар бир янги келган президентнинг электр энергияси нархини кўтариш учун ўзига яраша сабаби бор. Бу эса, ушбу соҳа учун олинган катта маблағлар ва уларнинг коррупцион йўллар билан ўзлаштирилишидир. Қирғизистон 1992 йилдан бери энергетика соҳасига 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлади.  Уларнинг асосий қисми кредитлар, ссудалар ва грантлар шаклида хорижий молия ташкилотларидан олинган маблағлардир. Ҳар сафар кредит олиш учун шартнома тузилганда тармоқни “модернизация қилиш” баҳона сифатида тилга олинади. Бироқ бундай катта миқдордаги кредитлар олинганига қарамай, мамлакатнинг энергетика тармоғи ҳали ҳам ночор аҳволда қолмоқда.  Бу эса энергетика соҳаси коррупциянинг ўчоғига айланиб қолганлигини тасдиқлаб турибди. Бундан ташқари, ушбу кредитлар халқаро молиявий ташкилотлар томонидан ажратилаётганда, электр энергиясининг нархини кўтариш талаби қўйилади. Масалан, ўтган йили Жаҳон банки Қирғизистонга 20 миллион доллар ажратаётганида, банкнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бьерде шундай деган эди: “Арзон тарифлар электрни керагидан ортиқча истеъмол қилишга ундайди. Биз уни ўзгартириш тарафдоримиз”.

Аслини олганда, Жаҳон банки ва бошқа халқаро молиявий ташкилотлар мустамлакачиларнинг қуроли эканлигида ҳеч шубҳа йўқ. Мустамлакачилар уларнинг ёрдамида мамлакатларни қарзга ботириб, ўзларининг сиёсий ва иқтисодий манфаатларини амалга оширадилар. Ушбу Жаҳон банкининг тавсияларидан келиб чиқиб, ўлкамиздаги давлатга оид энергетика соҳасини хусусий шахсларга ўтказиш бошланди. Шунингдек, улар хусусийлаштириш ва электр тарифларининг нархини ошириш орқали ўлкамизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар таннархи кўтарилишини хоҳлашади. Натижада маҳаллий тадбиркорлар чет эл капиталистларининг арзон нархлардаги товарлари қаршисида рақобатлаша олмай қолади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, муаммонинг асосий сабабчиси бошимиз узра қора булутга айланган капиталистик тузум ва энергетика тармоғидаги коррупцион схемалардир. Улар халқнинг асосий эҳтиёжи бўлган электр энергиясини хусусийлаштириш орқали катта даромадга эга бўлмоқда.

Аслида эса, Электр энергияси омма халқнинг мулки бўлиб, унга давлат ёки хусусий компаниялар эгалик қилиши Исломда жоиз эмас. Унинг ўзи ҳам, ундан тушган даромад ҳам Умматга тегишли бўлиб, ҳар бир фуқарога тақсимланиши керак.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:

اَلْمُسْلِمُونَ شُرَكَاءُ فِى ثَلاَثٍ فِى الْمَاءِ وَالْكَلَإِ وَالنَّارِ

“Мусулмонлар уч нарсада – сувда, яйловда ва оловда шерикдирлар”. Анас розияллоҳу анҳу ҳам бу ҳадисни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, “унинг пули ҳаромдир” деган сўзни илова қилган. Бинобарин, умумий мулк ёки ундан олинадиган даромад ҳар бир фуқарога етиб боришини таъминлаш давлатнинг бурчидир.

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here