Остона саммитлари Америка манфаатларига хизмат қилади

155
0

Остона саммитлари Америка манфаатларига хизмат қилади

Шу кунларда, яъни 8-10 август кунлари Қозоғистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи  маслаҳат учрашуви ва “Марказий Осиё+Япония” саммити бўлиб ўтмоқда. Қирғизистон президентининг ахборот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саммитида минтақадаги долзарб масалалар ва ҳамкорлик режалари муҳокама қилинади. Президент Садир Жапаров Япония бош вазири Фумио Кисида билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

Маълумки, Марказий Осиё давлатлари билан АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Форс кўрфази давлатлари ўртасида C5+1 форматида саммитлар ташкил этилган. Япония билан ҳам худди шундай форматдаги учрашув ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларининг ўз маслаҳат учрашувлари мавжуд. Ушбу саммитлар орқали асосий тўрт ўйинчи нуфуз талашади, яъни Америка, Европа Иттифоқи, Хитой ва Россия бу саммитлардан ўз нуфузини ёйиш учун ушбу саммитлардан фойдаланади. Улардан биринчиси Америка бўлиб, мазкур форматдаги учрашув унинг ташаббуси билан илк бор ташкил этилган ва 2015 йилдан буён давом этиб келмоқда. Америка C5+1 саммитлари орқали терроризмга қарши кураш, савдони ривожлантириш, транспорт коридорини яратиш, энергетика ва минтақавий ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилади. Америка бу лойиҳалар орқали минтақани Россия таъсиридан узоқлаштиришга ва Хитойга қарши туришга ҳаракат қилади. Бироқ Американинг минтақадаги имкониятлари чекланганлиги сабабли Ҳиндистон ва Япония саммитлари C5+1 форматида ташкил этилган. Маълумки, АҚШ Хитой таъсирига қарши Япония ва Ҳиндистондан самарали фойдаланиб келади. Бошқача айтганда, Япония ва Ҳиндистоннинг C5+1 саммитлари уларнинг иқтисодий манфаатларига хизмат қилса-да, одатда Американинг минтақадаги Хитойга қарши сиёсатига мос равишда олиб борилади. Шунингдек, Кўрфазнинг бой давлатларини ишга солиш орқали Марказий Осиёнинг иқтисодий эҳтиёжларидан фойдаланиб, ўз таъсирини кенгайтиришга ҳаракат қилади.

Европа Иттифоқи билан C5+1 саммити 2022 йилда ташкил этилди. Европа Иттифоқи 2019 йилда Марказий Осиё бўйича янги стратегияни қабул қилди. Унинг стратегияси сармоя киритиш орқали минтақадаги иқтисодий таъсирни кучайтиришдан тортиб, талабаларни ўқитиш ва тажриба алмашиш баҳонасида ўз кадрларини тайёрлашгача бўлган ишларни ўз ичига олади. Ҳозирча Европа Иттифоқининг Марказий Осиё мамлакатларидаги сиёсий таъсири заиф бўлса-да, у сармоя ётқизиш ва савдо алоқалари орқали иқтисодий таъсирини кенгайтирмоқда. Шунингдек, минтақадаги давлатларнинг таълим соҳасига ёрдам бериш орқали ўзининг сақофий таъсирини ҳам кенгайтириб келмоқда.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари 2022 йил 19 май куни Хитойнинг Циан шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Хитой” саммитининг биринчи йиғилишида иштирок этишди. Бу саммитда Марказий Осиёда Хитойнинг таъсирини кучайтирадиган бир қанча шартномалар имзоланди. 2013 йилда Хитой “Бир камар – бир йўл” лойиҳасини эълон қилиш билан Марказий Осиёда янги лойиҳаларни амалга оширишни бошлади. 2022 йил охирига келиб, Хитойнинг минтақага киритган сармоясининг умумий ҳажми 70,2 миллиард долларга етди. Айни пайтда, 2023 йилда минтақанинг Хитой билан савдо айланмаси 22 фоизга ошди. Жорий йилнинг октябр ойида эса “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси амалга оширилиши кутилмоқда. Агар бу лойиҳа амалга оширилса, Хитойнинг минтақадаги таъсири янада ортади.

Бу воқеалардан кейин Россия минтақадаги таъсирини сақлаб қолиш учун C5+Россия саммитини ташкил қилди. Россия бу платформа орқали асосан Ғарбнинг минтақадаги таъсирининг кучайишига қарши туришга ҳаракат қилмоқда. Аммо Украинадаги уруш ва иқтисодиётнинг заифлашуви Россияни Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан юмшоқроқ сиёсат юритишга мажбур қиляпти. Шуниндек, Хитойнинг минтақада кучайиб бораётган таъсирига қарши курашадиган кучи йўқлиги сабабли у билан келишишга мажбур.

Шунга кўра, Остонада бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатларининг маслаҳат саммити ва минтақа етакчиларининг Япония билан учрашуви асосан Америка манфаатларига хизмат қилади. Зеро, Американинг минтақадаги асосий мақсади Марказий Осиё етакчиларини Россиядан узоқлаштиришдир. Бунинг учун минтақадаги давлатларнинг интеграциясини кучайтириш керак. Бу ҳақида АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Дэниел Розенблюм “C5+1 яхши, лекин ҳеч қандай қўшимчасиз C5 бундан ҳам яхшироқ”, деган эди. Чунки Марказий Осиё давлатларининг интеграцияси Россиянинг минтақада беқарорлик яратиш эҳтимолига қарши ишлайди ва Россияга бўлган эҳтиёжни камайтиради.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда капитализм ҳукмронлик қилаётган дунёдаги босқинчи давлатлар қайси минтақада бўшлиқ вужудга келса, оч қолган итлар каби ўша жойга етиб боришмоқда. Ҳозирги пайтда бундай бўшлиқ Марказий Осиёда кузатилиши ва бу минтақанинг стратегик аҳамияти босқинчи давлатларни ушбу минтақада ўз таъсирини кенгайтиришга ундамоқда. Зеро, капитализмнинг дунёқараши “чексиз истак – чекланган ресурс” назариясига асосланади. Шунинг учун ҳам босқинчилар ер юзининг қаерида бўлмасин, минерал бойлик ва энергия ресурсларини ташиб кетади!

Демак, минтақани бирлаштириш ва халқаро куфр тузумига қарши туриш учун аввало мафкурага эга бўлишимиз керак. Бундай кучга эга мафкура фақат Исломда мавжуддир. Шундай экан, мусулмонлар Ислом соясида бирлашишдан бошқа барча шиорлар куфр манфаатига хизмат қилишини тушуниб етишлари лозим!

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here