Тожикистон Уламолар кенгаши қора ҳижобни тақиқлаш бўйича фатво чиқарди

899
0

Тожикистон Уламолар кенгаши қора ҳижобни тақиқлаш бўйича фатво чиқарди

Тожикистон Уламолар кенгаши хотин-қизлар учун қора рангли ёки тожик миллий маданиятига “ёт” бўлган кийим кийишни ман қилувчи фатво чиқарди. Уларнинг таъкидлашича, қора ранг Ҳанафий мазҳаби нуқтаи назаридан мажбурий эмас ва Тожикистоннинг географик шароити ҳамда миллий маданиятига мос келмайди.

Жорий йилнинг июн ойидан кучга кирган “Анъаналар, байрамлар ва тўй-маросимларни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга кўра, “миллий маданиятга тўғри келмайдиган” кийимларни Тожикистонга олиб кириш, сотиш ва тарғиб қилиш тақиқланган. Худди шу қонун билан ҳайит байрамларида совға-саломлар бериш ва меҳмонларни қабул қилишга ҳам чекловлар жорий этилган. Бироқ бундан фарқли равишда, Ғарб сақофатидан келиб чиққан ярим яланғоч кийимлар, миллий маданиятга мос келмаса-да, тақиқланмаган.

Бундан ташқари, Тожикистонда терроризм ва экстремизмга қарши кураш баҳонасида янги туғилган чақалоқларга Исломий исмлар қўйиш ҳам тақиқланган.

Афсуски, Тожикистондаги диктатура режими “уламолар” синфини қаттиқ назоратга олиб, ўзининг истак-хоҳишига мос келадиган турли фатволар чиқартирмоқда. Аслини олганда, Исломга зид бўлган ҳар қандай кўринишга қаршилик кўрсатиб, ҳокимиятни муҳосаба қилиш уламоларнинг бурчидир. Аммо булар била туриб, Умматнинг бошига тушган машаққатларни яна-да оғирлаштиришга шерик бўлмоқда. Гўёки бу уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг,

«مَنْ كَتَمَ عِلْماً أَلْجَمَهُ اللهُ بِلِجِامٍ مِنْ نَارٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ»

“Кимки илмни яширса, Аллоҳ Таоло қиёмат кунида уни дўзах ўти билан юганлайди” деган ҳадисини билмагандай ҳаракат қилишмоқда! Абу Наим «Хуля»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганлигини ривоят қилади:

«صِنْفَانِ مِنَ النِّاسِ إِذَا صَلَحَا صَلَحَ النَّاسُ وَإِذَا فَسَدَا فَسَدَ النَّاسُ: الْعُلَمَاءُ وَالأُمَرَاءُ»

Икки тоифа одамлар борки, агар улар тузалса инсонлар ҳам туза­лади, агар улар бузилса инсонлар ҳам бузилади: олимлар ва амир­лар”.

Бугунги уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарларига чиқиб олиб, одамларга Умматнинг аҳволини ислоҳ қилмайдиган нарсалар ҳақида гапирадиган бўлиб қолди. Улар якка шахсларларга оид ибодатлар ҳақида гапиришади-ю лекин жамоат қилиши керак бўлган мажбуриятлар ҳақида сукут сақлашади. Қуръондан ҳам ҳукмдорларнинг тинчини бузмайдиган қисминигина айтишади. Ҳукмдорларни айблаш ва уларга танбеҳ беришга келганда эса, сукут сақлаб, бунин учун минг-бир баҳоналар келтиришади!

Тарихга бир назар ташласак, бу Умматнинг ҳақиқий уламолари ҳар қандай вазиятдан қатъий назар, Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмай, ҳукмдорларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарганлигига гувоҳ бўламиз. Масалан, Халифа Ҳажжож Воситдаги янги уйини кўрсатиш учун Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳни олиб келишни буюрганида, у зот уйга кириши билан шундай сўзларни айтган эди: “Бу подшоҳлар ўзларини кучли қилиб кўрсатишмоқда ва биз ҳар куни улардан ўрнак оляпмиз. Баъзилар гўзал сарой қуриб, кўрпа-тўшакларни тўшаб, чиройли кийим-кечаклар тайёрламоқда, сўнгра очкўзлик ва ўтлар гирдобида қолмоқда. Бу ёвузлик эгалари: “Мен нимага қодирлигимни кўриб қўйинглар”, дейишмоқда. Мана, кўрдик, эй алданган банда, энди нима бўлади, эй фосиқларнинг фосиғи?! Осмон аҳли сени ёмон кўрди, ер аҳли сени лаънатлади! Чунки сен ўткинчи дунё уйини қурдинг, лекин абадий ҳаёт уйини вайрон қилдинг, ёлғон уйга алданиб, бахт уйидан маҳрум бўлдинг”. Сўнг Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ уйдан чиқаётиб: “Аллоҳ Таоло уламолардан илмни ошкора айтиш ва уни яширмаслик борасида аҳд олган”, деди.

Бугунги кунда Ислом Уммати учун мана шундай эр юрак уламолар сув ва ҳаводек зарур. Чунки улар Умматни тўғри йўлга бошлаб, ҳозирги бузуқ вазиятни ўзгартириш сари етаклайдилар.

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here