بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Саволга жавоб
Нефть-доллар келишувининг ҳақиқати
Савол:
Ҳурра веб-сайти 2024 йил 18 майда қуйидаги хабарни эълон қилди: (Сўнгги пайтларда янгиликлар веб-сайтларида Саудия Арабистони ва Америка ўртасида 1974 йилда имзоланган ва Саудия ўзининг барча нефть савдоларини долларда амалга ошириши кўзда тутилган келишув ҳақида хабарлар кенг тарқалди. Ушбу хабарларга кўра, 50 йиллик шартноманинг муддати айни пайтда тугаган… Аммо, Leader Insight веб-сайти бу хабарларни рад этиб, «бундай келишув бўлмаган»ини таъкидлади). Мен бундай келишувнинг ҳақиқатда бўлган ёки бўлмаганига ҳамда нефтнинг доллар ҳукмронлигини сақлаб қолишдаги ролига ойдинлик киритиб беришингизни сўрайман… Кейин, БРИКС блоки келажакда доллар ҳукмронлигига таъсир қиладими?
Жавоб: юқоридаги саволлар жавобини ойдинлаштириш учун қуйидаги ишларни кўриб чиқамиз:
Биринчи: Нефть сотишни долларга чеклаш бўйича Саудия-Америка келишувининг муддати тугагани ҳақидаги хабарларга келсак, ижтимоий тармоқлар улар билан тўлиб кетди. Аммо, гўё атайлаб ноаниқ қолдирмоқчи бўлгандек, ҳар икки давлатнинг бирор расмийси бу ҳақда гапирмади. Оммавий ахборот воситаларига келсак, улар аввалига бу хабарни тарқатишдан ўзларини тийишди, кейин эса бу ҳақда гап-сўзлар кўп бўлгани сабабли уларнинг баъзилари бу ҳақда гапира бошлади. Масалан Россиянинг RT веб-сайти 2024 йил 15 июнда қуйидаги хабарни берди: (Ольга Самофалова Взгляд.руда қуйидагича ёзди: Саудия Арабистони ва АҚШ ўртасида 1974 йилда имзоланган нефть-доллар келишувининг муддати тугади. Оммавий ахборот воситаларида таъкидланишича, бу Саудия Арабистонига нефть ва бошқа маҳсулотларни нафақат АҚШ долларида, балки бошқа валюталарда ҳам сотиш имконини беради). Бу Россия Ахборот манбасининг бундай келишув борлиги ҳақидаги норасмий тасдиқидир.
Иккинчи: Аммо, Америка ахборот манбалари буни рад этмоқда:
- Саволда келганидек, Ҳурра веб-сайти 18 июнда берган хабарда шундай келади: (Ушбу хабарларга кўра, 50 йиллик шартноманинг муддати айни пайтда тугаган… Бу эса, АҚШ валютаси ҳукмронлиги тугашидан дарак беради. Аммо, Leader Insight веб-сайти бу хабарларни рад этиб, «бундай келишув бўлмаган»ини таъкидлади).
- Morning Star сайти 2024 йил 17 июнда ижтимоий тармоқларда Америка ва Саудия Арабистони ўртасидаги нефть-доллар келишувининг қулагани тўғрисидаги хабарлар ҳақида гапирар экан, «Бундай келишув ҳеч қачон бўлмаган», деди.
- UBS Global Wealth Management бош иқтисодчиси Пол Донован жумъа куни ўз блогида (нефть-доллар келишуви ҳақидаги фейк хабар ҳайратланарли даражада кенг тарқалиб, «тасдиқлаш тарафкашлиги» хавфи ҳақида яна бир бор сабоқ берганига ишора қилди. Morning Star сайти, 2024 йил 17 июн).
Учинчи: бироқ, ҳар икки тараф ҳам Қўшма Штатлар билан Саудия Арабистони ўртасида 1974 йилда тузилган нефть-доллар келишувининг муддати 2024 йил 9 июнда тугагани ҳақидаги сўнгги мақолаларга расман изоҳ бермади. Юқорида айтганимиздек, иккала томон ҳам рад этиш ёки тасдиқлаш ҳақида расман изоҳ бермаган, аксинча, изоҳлар бошқа ахборот манбалари ёки шунга ўхшаш манбалар томонидан бўлган. Бу ерда Америка ва Саудия Арабистони ўртасида бу хусусда келишув бўлгани ҳақидаги фикрни қувватлайдиган бошқа белгилар ҳам бор. Ушбу белгилар орасида қуйидагилар мавжуд:
- Америка бош назоратчисининг 1978 йилда «АҚШ-Саудия иқтисодий ҳамкорлик комиссияси» сарлавҳаси билан чиқарилган ҳисоботида шундай келади: (Бош назоратчи 1974 йил июн ойида ташкил этилган Саудия-Америка иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг фаолиятини кучайтиришни ва нефть-долларни қайта муомалага киритиш учун Риёзда АҚШ Молия вазирлиги офисини очишни тавсия қилади). Ҳисоботнинг кириш қисмида ушбу қўшма комиссия ташкил этилгани тасдиқланган.
- Пол Донован ўз блогида («Бугунги кунда тарқалаётган нефть-доллар келишуви ҳақидаги гаплар фейк хабар эканлиги аниқ» деб айтганидан сўнг, яна шундай қўшимча қилади: «Эҳтимол 1974 йил АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида имзоланган махфий келишув нефть-доллар келишувига энг яқин нарса бўлган. Бу келишув бўйича Саудия Арабистонига нефть сотишдан тушган миллиардлаб долларларини АҚШ ғазнасига сармоя қилиб киритиши эвазига ҳарбий ёрдам ва техника ваъда қилинган. Morning Star, 2024 йил 17 июн).
- Morning Star сайти 2024 йил 17 июнда Америка ва Саудия ўртасидаги нефть-доллар келишуви ҳақида «Бундай келишув ҳеч қачон бўлмаган», деб айтганидан кейин шундай дейди: «АҚШ ҳисоб палатаси эълон қилган ҳисоботга таянган ҳолда айтадиган бўлсак, масала икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган АҚШ-Саудия қўшма қўмитаси билан боғлиқ бўлиб, қўмитани ташкил этиш тўғрисидаги қарор 1974 йил 8 июнда АҚШнинг ўша пайтдаги давлат котиби Киссинжер билан Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Фаҳд ибн Абдулазиз ўртасида имзоланган».
- Қувайтнинг Қабас газетаси 2020 йил 20 октябрдаги «хабарлар хотираси»да 1974 йил 7 июндаги сонида берилган хабарни нашр қилди. Унда қуйидагилар келади: (Бугун Президент Никсон Саудия Арабистони Вазирлар Кенгаши раҳбарининг иккинчи ўринбосари, ички ишлар вазири шаҳзода Фаҳд ибн Абдулазиз билан – Миср ва Суриянинг (Исроил) билан бўлган фронтларида кучлар ўртасини ажратиб қўйиш тўғрисидаги келишувлардан сўнг – Яқин Шарқда доимий тинчликка эришиш имкониятларини муҳокама қилди. Улар, шунингдек, Саудия Арабистони Қироллиги билан АҚШ ўртасида иқтисод, саноат ва мудофаа соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини ҳам муҳокама қилишди. Уларнинг музокаралари президент Никсоннинг Оқ уйдаги кабинетида, кеча уч кунлик ташриф билан бу ерга келган меҳмон шарафига Америка президенти Оқ уйда берган тушликдан олдин бўлиб ўтди. Маълум қилинишича, шаҳзода Фаҳд Қўшма Штатларга нефть етказиб бериш бўйича ҳамкорликни давом эттириш эвазига ўз мамлакатига АҚШ ҳарбий ёрдамини оширишга ҳаракат қилмоқда).
- com.sg веб-сайти 2024 йил 18 июнда қуйидаги хабарни берди: (1974 йил 8 июнда The New York Times газетаси ўзининг биринчи саҳифасида шундай хабарни эълон қилди: «Давлат котиби Киссинжер ва Саудия Арабистони бош вазирининг иккинчи ўринбосари, қирол Файсалнинг ўгай укаси шаҳзода Фаҳд ибн Абдулазиз бугун эрталаб Оқ уй қаршисидаги Блэр Хаусда олти саҳифалик келишувни имзолашди»).
Тўртинчи: Юқоридаги «учинчи» бандга, хусусан, АҚШ президенти Никсоннинг Фаҳд ибн Абдулазизни кутиб олишига диққат билан назар солинса, ушбу ташрифнинг нақадар муҳим бўлгани ойдинлашади. Кейин, ташкил этилганига расмий манбалар, шу жумладан Америка бош назоратчисининг ҳисоботи ҳам ишора қилганидек, 1974 йил 8 июнда Америка-Саудия иқтисодий ҳамкорлик комиссиясининг ташкил этилиши келишувлар тузилганини кўрсатади. Гўё келишувларнинг амалга ошишига шу комиссия масъулдек. Буларнинг барчаси Америка ва Саудия Арабистони ўртасида келишув мавжудлигини тасдиқлайди. Бу келишувнинг ёзилган ва сир сақланган ёки мажбурий ва ёзилмаган келишувлар бўлишининг фарқи йўқ. Чунки кичик малай давлат билан қудратли Америка ўртасидаги бундай келишувлар малайлар учун тўлиқ мажбурий бўлади. Ҳатто бу келишувлар ёзилмаган бўлса ҳам, малайлар улардан четга чиқишмайди.
Бу келишувлар сир сақланган ва расмий доиралар тан олмаган, лекин рад ҳам этмаган бўлса ҳам, юқоридаги фактлар ушбу нефть-доллар келишуви мавжудлиги ҳақидаги бизнинг тахминимизни тасдиқлайди.
Бешинчи: Американинг бутун эътиборини долларни дунёнинг халқаро валютасига айлантиришга қаратиши келишув мавжудлигини тасдиқлайди ёки унинг мавжудлиги ҳақидаги эҳтимолни кучайтиради. Бунинг баёни қуйидагича:
- 1944 йилдаги олтиннинг бир унция нархини 35 доллар қилиб белгилаган Бреттон-Вудс келишувидан сўнг, доллар дунё валюта тизимининг энг юқори даражасини, яъни олтинга тенг мақомни эгаллади. Аммо Американинг мустамлакачилик лойиҳалари, хусусан, Вьетнам уруши ва урушнинг улкан харажатлари туфайли Қўшма Штатлар олтинга алмаштириш мумкин бўлганидан кўра кўпроқ доллар босиб чиқарди. Олтмишинчи йилларнинг охирига келиб, муомаладаги доллар миқдори ортди. Натижада, дунёдаги доллар миқдори олтиндан кўпайиб кетди. Бу ҳолат хорижий давлатларни ўз долларлари эвазига олтин талаб қилишга ундади. Бу эса АҚШ олтин захираларининг камайишига олиб келди. Иккинчи жаҳон уруши охирида 574 миллион унция бўлган АҚШ олтин захираси 1971 йилда тахминан 261 миллион унцияга қисқарди. Шу сабабли АҚШ президенти Ричард Никсон 1971 йил 15 августда олтин стандартини бекор қилиб, долларни олтиндан бутунлай ажратиб юборди. Бу ҳодиса тарихда «Никсон шоки» номи билан машҳур.
- Бироқ долларнинг олтиндан ажратилиши Америка учун сиёсий ва молиявий муаммони пайдо қилди. Чунки бу билан дунё давлатларида долларга эришишга бўлган рағбат йўқолди. Бу ҳолат Американи давлатларнинг долларга бўлган талабини оширишга ундайдиган бошқа воситаларни излаб топиш ва шу орқали долларнинг халқаро мақомини сақлаб қолишга мажбур қилди. Америка қидираётган нарсасини дунёнинг энергияга, бинобарин, асосий энергия манбаси бўлган нефтга бўлган эҳтиёжидан топди. Ўша пайтда Саудия Арабистони нефтнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси эди.
- Никсон маъмурияти буни Саудия билан 1972 йилдан бошлаб 1974 йилгача нефть-доллар келишуви, шунингдек, АҚШнинг Саудия режимига хавфсизлик кафолати бериши, бунинг эвазига дунёдаги энг йирик нефть ишлаб чиқарувчи ва дунёдаги энг катта нефть захираларига эга Саудия нефтни долларга сотиши ҳақидаги келишув бўйича музокара олиб бориш орқали ҳал қилди. Шунингдек, Саудия Арабистони нефтдан тушган миллиардлаб долларларни АҚШ ғазначилик облигацияларига айлантиришга рози бўлди.
- Бу келишувдан олдин Саудия нефтни фунт стерлингга сотган ва бунга ўша пайтда Саудияни бошқарган инглиз малайларининг таъсири сабаб бўлган. 1974 йил 8 июнда давлат котиби Киссинжер билан шаҳзода Фаҳд ибн Абдулазиз ўртасида ушбу келишувнинг имзоланиши Саудия Арабистони билан нефть тўлови сифатида фунт стерлинг ўрнига долларда муомала қилишнинг дебочаси бўлди.
Шундан сўнг, шаҳзода Фаҳднинг юлдузи порлади ва 1975 йилда акаси қирол Холид даврида валиаҳд бўлди. У акаси қирол Холид даврида кўпроқ ваколатларни қўлга киритиб, қирол вафот этгунга қадар шундай давом этди. Ниҳоят, Фаҳд 1982 йил 13 июнда қирол бўлди. У Америкага содиқлиги билан танилган эди.
Шундай қилиб, Саудия Арабистони нефть нархини 1975 йил бошидан эътиборан долларда белгилай бошлади. Манбаларда Саудия Арабистони нефть нархини 1974 йилдан кейин АҚШ долларида белгилай бошлагани ва бу нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар ташкилоти (ОПЕК)ни ҳам қамраб олгани айтилади. Бу билан нефть сотиб олмоқчи бўлган ҳар бир давлат нефть операциялари учун етарли долларга эга бўлиши зарур бўлиб қолди. Бу эса, давлатларнинг долларда кредит олишлари ёки молия бозорларидан ёки бошқа йўллар орқали доллар сотиб олишлари кераклигини англатади. Шундай қилиб, Америка доимий равишда доллар оқимини таъминлади, Федерал захира банки эса доллар босиб чиқаришни давом эттиришни кафолатлади. Бундан ташқари, Саудия рияли долларга боғланганлиги сабабли, Саудия Арабистони иқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш учун Америка долларига ёпишиб олишга интилади. (Саудия Арабистони энергетика вазири Холид Фалиҳ АҚШ доллари ўз мамлакатининг хом нефть сотиш ва хорижий давлатлар билан савдоси учун таяниладиган валюта бўлиб қолишини тасдиқлади… Анадолу, 2019 йил 9 апрел).
Олтинчи: Саудия Арабистонининг Американинг рақиблари Россия ва Хитой бошчилигидаги БРИКС блокидаги иштироки унинг нефть нархини долларда белгилашига таъсир қилишига келсак, бу масалага кўплаб омиллар таъсир кўрсатмоқда. Бунга ойдинлик киритиш учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:
- БРИКС атамаси Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка иқтисодларини ифодалаш учун ишлатилади. Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой (БРИК) 2006 йилда ривожланаётган давлатларга халқаро муносабатларда каттароқ рол бериш мақсадида (БРИК) гуруҳини тузишди. 2011 йилда Жанубий Африка қўшилиши билан гуруҳ номи (БРИКС)га ўзгартирилди. 2023 йил 24 август куни Жанубий Африка пойтахти Йоханнесбургда якунланган БРИКС гуруҳининг 15-саммитида Саудия Арабистони билан бирга Миср, Амирликлар, Эрон, Эфиопия ва Аргентина ҳам БРИКС гуруҳига киритилгани эълон қилинди. Бу давлатларнинг аъзолиги 2024 йил бошидан бошланади. Бу саммитнинг мақсадларидан бири доллар ҳукмронлигидан халос бўлиш ва БРИКСга аъзо давлатлар валютасини чиқаришга ҳаракат қилиш эди. Бироқ улар бу борада келишувга эриша олмадилар. Улар ўзаро операцияларни миллий валюталарда амалга оширишни рағбатлантира бошладилар. Шунинг учун улар энг йирик нефть экспортчиси бўлган Саудия Арабистонини гуруҳга таклиф қилиш устида ишладилар. Эслатиб ўтиш ўринлики, қироллик расмий телевидениеси 2024 йил 2 январда Саудия Арабистонининг БРИКСга қўшилишини эълон қилган бўлса-да, Саудия савдо вазири Можид Қасабий Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган бутунжаҳон иқтисодий форуми доирасидаги муҳокама даврасида («Саудия Арабистони БРИКСга қўшилиш таклифини олди, лекин биз ҳали расман қўшилмадик», деб айтди. Sky News Arabic, 2024 йил 16 январ). Бу шуни англатадики, Саудия Арабистонининг БРИКСга қўшилиши Америка манфаатларига мос келиши учун, у бу борада Американинг розилик беришини кутмоқда.
- Саудия Арабистони каби Америкага тобе давлатларнинг БРИКСга кириши бу гуруҳни заифлаштиради. Биз Жанубий Африканинг БРИКС валютасини чиқаришга қаршилик кўрсатганини кўрдик. БРИКС гуруҳида Россия ва Хитойдан бошқа мустақил давлатлар йўқ, қолганлари Ғарбнинг, хусусан, Американинг малайларидир. Аммо Россия ва Хитой Ғарбга қарши туришга ва қарама-қарши фронтни ташкил этишга муваффақ бўлгандек бўлиб кўринишни истайди. Зеро, бу икки давлат доим кўп қутбли дунё ҳақида гапириб келади. Америка 2004 йилда Шарқий Европа давлатларини Европа Иттифоқига киришга ундаб, шу давлатлар орқали Европа Иттифоқига таъсир ўтказмоқчи бўлганидек, БРИКСга ичкаридан таъсир ўтказиш учун Саудия ва бошқа малайларининг унга киришига рухсат берди. Америка Европа Иттифоқига қўшилган Польша орқали Европа иттифоқининг ўз сиёсий ҳокимиятини кучайтирадиган ва уни квази-федерал давлатга яқинлаштирадиган конституция лойиҳасини тайёрлашига тўсқинлик қилди. Шу билан иттифоқни парчаланиш ва қулашга мойил бўлган заиф иттифоқ сифатида сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Худди шунингдек, АҚШ Россиянинг нефть ишлаб чиқаришини Саудия Арабистони ва Россия ўртасида келишилган ҳолда ОПЕКнинг белгиланган чегаралари доирасида тартибга солиш мақсадида ОПЕКнинг энг йирик нефть ишлаб чиқарувчиси бўлган Саудияга ОПЕК ва Россия ўртасида қандайдир иттифоқ ўрнатиш учун зарур чораларни кўриш вазифасини топширди.
- Мамлакати БРИКСнинг асосчиларидан бири бўлган ва гуруҳ учун валюта чиқарилишига иштиёқманд бўлган Путин аъзо давлатларнинг сиёсий воқелигига таслим бўлиб, шундай деди: («БРИКСни кенгайтиришда давом этиш унинг халқаро майдондаги ролини фаоллаштиради. Ягона валютани қабул қилиш масаласи ҳамон мураккаблигича қолмоқда ва кейинги муҳокамаларни талаб қиляпти». Ал-Жазира, 2023 йил 24 август). Бундан олдин Ал-Жазира 2023 йил 23 августда қуйидаги хабарни берган эди: (БРИКСнинг ягона валютаси масаласи беш аъзо давлат ўртасида келишувнинг йўқлиги ва ўрталарида келишмовчиликлар мавжудлиги сабабли саммит чоғида расман кўтарилмади… Путин гуруҳ олдида қилган видеонутқида маҳаллий валюталарни оммалаштиришга чақирди…). Шундай қилиб, Путин долларга муқобил валютани ярата олмади. У бунга БРИКС орқали эришмоқчи эди.
Еттинчи: бугунги кунда пул ҳеч қандай қиймати бўлмаган қоғоз пул шаклида давом этар экан, иқтисодий муаммолар, чайқовчиликлар, сиёсий можаролар ва ҳатто мустамлакачилик ҳукмронлиги сақланиб қолаверади. Ислом Аллоҳ Таолонинг ваҳийси билан пулни олтин ва кумушга, яъни асл қийматига эга бўлган металлга асослаган. Росулуллоҳ ﷺ олтин ва кумушни нақд пул қилиб белгилаб, саҳиҳ ҳадисларда айтилганидек, олтин ва кумушни товар ва меҳнатни ўлчашда қўлланиладиган ягона пул ўлчови қилиб қўйганлар. Бироқ мустамлакачилар иқтисодий ва молиявий мустамлакачилик усуллари орқали, пулни мустамлакачилик қуроли сифатида қабул қилиб, уни олтин ва кумушга асосланмаган бошқа тизимларга ўтказишди ва шунинг учун мана шундай муаммолар юзага келмоқда. Ислом давлати барпо этилиб, пулни олтин ва кумушга қайтармагунча бу муаммолар бартараф этилмайди. Бунда олтин ва кумушнинг айни ўзи муомалада бўладими ёки исталган пайтда олтин ва кумушга алмаштириш мумкин бўлган уларнинг ўрнини босувчи қоғоз пуллар бўладими, бунинг фарқи йўқ. Бу Аллоҳ Таолонинг Ўз илми азалийси билан нозил қилган шариатидир:
﴿أَلَا يَعْلَمُ مَنْ خَلَقَ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ﴾
«(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» [Мулк 14]
1 муҳаррам 1446ҳ
7 июл 2024м