Бишкек ҳокимлиги халқдан солиқ ундиришнинг бир неча йўлларини таклиф қилди

2205
0

Бишкек ҳокимлиги халқдан солиқ ундиришнинг бир неча йўлларини таклиф қилди

Бишкек ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасига бир қатор солиқ турларини жорий этиш лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳада келтирилган таклифга кўра, бошқа вилоятларда ва хорижда рўйхатдан ўтган автомобилларнинг Бишкекка киришидан ва шаҳарда ижарага берилган электроскутер каби транспорт воситаларидан ҳамда шаҳарга келаётган сайёҳлардан пул ундирилади. Ушбу экспериментал лойиҳа 2024 йил 1 августдан бошлаб олти ойга мўлжалланган.

Масалан, шаҳардан бошқа ҳудудларда рўйхатдан ўтган автомобилларнинг Бишкек шаҳрига кариши учун енгил машиналардан 50 сом, хорижликлардан эса 200 сом ундириш таклиф қилинмоқда. Тўлов миқдори автомобилнинг ўриндиғи ва оғирлигига қараб ошиб бораверади.

Бундан ташқари, Бишкек ҳокимлиги Ўш ва Бишкек шаҳарларида “автомобилларни кўчага жадвал (график) билан чиқариш” лойиҳасини ҳам таклиф қилмоқда. Агар машинанинг номери 1 ва 2 рақамлари билан тугаса, у ҳолда уларга душанба кунлари машина ҳайдашга рухсат берилмайди. Номерининг охири 3 ва 4 бўлса сешанба куни, 5 ва 6 бўлса чоршанба куни, 7 ва 8 бўлса пайшанба куни, 9 ва 0 бўлса жума куни машина ҳайдашлари мумкин эмас. Жадвални бузган жисмоний шахслар 1000 сом, юридик шахслар эса 5000 сом миқдорида жаримага тортилади. Бундай чеклов соат 7:00 дан 21:00 гача жорий этилади.

Қирғизистон ҳукумати бюджетни тўлдиришга ваъда берганидан сўнг, солиқ ва тўловларни кўпайтириш билан халқнинг елкасига оғир юклар юкламоқда. Бундан аввал Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси йўл ҳаракати қоидаларини бузганларни аниқлаш учун дронлардан фойдаланишни бошлаган эди. 8 мартдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга нисбатан жазо кучайтирилган. Ҳар бир қоидабузарлик учун жарималар деярли икки баравар оширилди. Масалан, тезлик белгиланган нормадан, яъни 60 километр\соатдан ошса, аввалги 7500 сом ўрнига 15 минг сом белгиланди.

Бундан ташқари, сўнгги бир йил ичида электр энергияси нархини 11 фоизга, иситиш ва иссиқ сув нархини уч баробарга оширди. Савдогарларга назорат касса аппаратини ўрнатиш орқали бюджетнинг деярли ярмини ташкил этувчи ҚҚС солиғини оширишни кўзда тутмоқда. Бу солиқлар халқ томонидан сотиб олинаётган асосий товарлар нархининг ошишига сабаб бўлади. Шундоқ ҳам, йиллик инфляция 11 фоиздан ошиб, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашмоқда. Оқибатда оддий халқнинг юки тобора оғирлашган сари, бир ҳовуч капиталистларнинг бойлиги ҳам ортиб бормоқда. Масалан, 2022 йилда Қирғизистондаги судхўр банкларнинг даромади 5 баробарга ошиб, 23,7 миллиард сомни ташкил қилган бўлса, ўтган йили эса, банк тармоғининг даромади 24,1 миллиард сомга етди. Шунингдек, ҳукумат “Солиқсиз тушумлар тўғрисида”ги қонун асосида бир қатор тўловларни ҳам йиғиб олади.

Бунга муқобил равишда, Ислом тузумида давлат ўз ишларини юритиш учун солиқ солишга эҳтиёжи бўлмайди. Зеро, у ўз фаолиятини амалга ошириш учун ер ва кўчмас мулк каби давлат мулкларидан фойдаланади. Аҳолининг умумий манфаатлари билан боғлиқ эҳтиёжлар учун омма мулки ҳисобланган умумий мулкдан сарфлайди. Масалан, мактаблар, университетлар, шифохоналар, йўллар, аэропортлар қурилиши умумий халқ манфаати учун бўлиб, буларга умумий мулкдан сарфланади. Яъни, олтин, нефт, газ, темир, уран каби табиий бойликлардан олинган фойда шу соҳаларга сарфланади.

Қолаверса, Ислом бойликнинг бир ҳовуч одамларнинг қўлида тўпланишига йўл қўймайди. Шу билан бирга, камбағал ва муҳтож одамлар ҳам солиқ тўлаб, қийин аҳволда қолмайди. Балки даромади маълум миқдорга етган кишилардангина закот олинади. Мусулмонлар Закотни ибодат сифатида мамнуният билан беришади. Закотдан йиғилган мол-мулклар байтулмолдаги бошқа мол-мулкка аралаштирилмайди, алоҳида сақланиб, Аллоҳ Таоло “Тавба” сурасида айтган саккиз тоифа кишига тақсимланади. Аллоҳ таоло айтади:

إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَاِبْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنْ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

“Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (Исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир”. (Тавба: 60).

Исломда давлат камдан-кам ҳолларда, тўғрироғи, Аллоҳ Таоло давлат ва Умматга фарз қилиб қўйган ишларни бажариш учун зарур бўлгандагина мусулмонлар орасидан бой кишилардан қарз олиши мумкин. Баъзан давлат бой мусулмонлардан фақат маълум бир эҳтиёжни қондириш учун зарур бўлган миқдорда солиқ олиши мумкин. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотига зарур бўлган маблағ учун мусулмонларга мурожаат қилдилар. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу бу оғир йилнинг машаққатларини енгил қилиш учун минг динор берди.

Демак, Исломдаги бундай солиқ ҳозирги капиталистик тузумдаги солиқ ва тўловлар каби доимий равишда олинмайди. Исломда доимий равишда солиқ йиғиш жоиз эмас. Шунинг учун капиталистик тузумнинг солиққа асосланган иқтисодий тузумини Исломнинг иқтисодий тузумига қиёслаш катта хатодир. Ҳукумат талаб қилаётган солиқ Исломда ҳаром қилинган! Шундай экан, мусулмонлар бундай солиқчиларнинг зулмидан қутулиш учун дунё ва охиратда азизликка етказувчи Аллоҳнинг ҳукмлари билан яшашга шошилишлари лозим!

Мумтоз Мавароуннаҳрий

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here