Ҳукумат жарима миқдорини оширишга ҳаракат қилмоқда

0
5133

Ҳукумат жарима миқдорини оширишга ҳаракат қилмоқда

Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси йўл ҳаракати қоидаларини бузганларни аниқлаш учун дронлардан фойдаланишни бошлайди. Бу ҳақда бошқарманинг матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, ҳозирда Бишкек-Норин-Торугарт йўлида дронлар ёрдамида синов режимида кузатув ҳаракати бошланган. Бундан сўнг Қирғизистоннинг барча ҳудудларида дронлар синов режимида учурилиб, кузатув ишлари бошланади.

Маълумки, Қирғизистонда 8 мартдан бошлаб йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга нисбатан жазо кучайтирилган. Ҳар бир қоидабузарлик учун жарима деярли икки баравар оширилди. Масалан, тезлик белгиланган нормадан, яъни 60 километр\соатдан ошса, аввалги 7500 сом ўрнига 15 минг сом белгиланди.

 Бунга қўшимча тарзда, йўл солиғини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, ҳайдовчи босиб ўтган йўлнинг узунлигига қараб ҳақ тўлайди. Бошқача айтганда, йўл солиғи машинага қуйилаётган ҳар бир литр ёқилғига кўра олинади. Бундан ташқари, автомобил шиналари ва кераксиз автомобиллар ва автомобил мойларини утилизация қилиш учун тўловлар олиниш режалаштирилмоқда.

Изоҳ:

 Аҳолининг елкасига оғир юклар юклайдиган бундай хатти-ҳаракатлар фойдага асосланган капиталистик дунёқараш билан боғлиқдир. Зеро, капиталистик тузумда йўл-транспорт ҳодисалари каби муаммоларга иқтисодий муаммо сифатида қаралади. Натижада йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш учун жарималар тури ва миқдори оширилади. Бу эса, шундоқ ҳам харажати кўпайиб кетган аҳолига оғир юк бўлиб тушади.

  Бунга муқобил равишда, Ислом муаммоларга – у иқтисодий, ижтимоий ёки сиёсий бўлишидан қатъи назаринсоний муаммо деб қарайди. Натижада, ижтимоий муаммони ҳал қилар экан, иқтисодий ёки сиёсий муаммога ҳам бирдай муносабатда бўлади. Масалан, йўл-транспорт ҳодисалари статистик маълумотларига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг аксариятига маст ҳолда автомобил бошқариш сабаб бўлади. Бу муаммони ҳал қилиш учун авваламбор Исломда ҳаром қилинган ароқ заводларини ишлатиш, хориждан ароқ олиб кириш ва сотиш ман этилади. Шу билан бирга, Исломий жамиятда асосий эҳтиёжларни қондиришга зарур бўлган харажат учун одамларни кунига 10-15 соат ишлашга мажбурланмайди. Ҳозирги бахтсиз ҳодисаларнинг сабабларидан яна бири, шубҳасиз, уйқусиз ва чарчоқ ҳолда автомобил бошқаришдир. Шунингдек, давлат аварияларга сабаб бўлиши мумкин бўлган бузуқ йўлларни таъмирлаши ва тегишли техникалар билан таъминлаши вожибдир. Шундай экан, Ислом бирор муаммони ҳал қилишда фақат шу соҳа билан чекланиб қолмайди ва фақат унинг натижалари билан шуғулланмайди. Балки, у муаммонинг сабабларини аниқлаш ва уни тўлиқ тарзда ҳал қилиш учун барча имкониятларини ишга солади.

  Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирги ҳукумат йўл-транспорт ҳодисалари баҳонасида жарима миқдорини ошириб, халқнинг чўнтагидаги пулини тортиб олишга ҳаракат қилмоқда. Ислом халққа нисбатан бундай зулмларни тақиқлайди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Исломда биринчи навбатда давлат ўз зиммасидаги ишларни амалга оширади. Йўл ҳаракати қоидаларини бузганларга жарима солиш ёки уларга нисбатан чора кўриш фақат ушбу ҳаракатлар бажарилгандан кейингина амалга оширилиши мумкин!

 Нурдин Асаналиев

NO COMMENTS