Қирғизистонда Хитой корхоналарининг кўпайиши кутилмоқда

2957
0

Қирғизистонда Хитой корхоналарининг кўпайиши кутилмоқда

Вазирлар Маҳкамасининг раиси Акилбек Жапаров Хитойнинг Шинжон мухтор вилоятига ташрифи доирасида Хитой ширкатларининг раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда Қирғизистонда титаномагнетитни қайта ишлаш металлургия заводини қуриш масаласи муҳокама қилинди. Бош вазир ўз нутқида Қирғизистон ҳудудида титаномагнетитни қайта ишлаш учун катта имкониятлар мавжудлигини айтиб ўтди. Шунингдек, учрашувда “Zhicun Lithium Industry Group” ширкатининг раҳбарияти билан тоғ-кон саноати юзасидан музокаралар олиб борилиб, Қирғизистонда литий конини қидириб топиш, қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Музокаралар натижасида Қирғизистон ва Хитой давлат органлари ва ишбилармон доиралари ўртасида 40дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Ҳужжатларнинг қиймати 1 миллиард 50 миллион долларни ташкил этади.

Бундан аввал Қирғизистон парламенти мамлакатда уран ва торий конларини ишга туширишга йўл очадиган қонун лойиҳасини қабул қилган ва ушбу лойиҳа президент Садир Жапаров томонидан 27 июн куни имзоланган эди.

Изоҳ:

Сўнгги ўн йил ичида Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик ўта фаол ривожланиб бормоқда. Мамлакатда Хитойнинг 300дан ортиқ корхонаси, шунингдек, 200га яқин Қирғизистон-Хитой қўшма корхоналари фаолият юритмоқда. Тоғ-кон саноати корхоналарининг 80 фоизи эса Хитой ширкатларига тегишли. Хитой корхоналари ўз фаолияти тўғрисида ҳеч қандай ҳисобот тақдим этмайди. Шунинг учун улар қанча миқдорда кон қазиб олаётгани ёки мамлакатдан қанча бойлик олиб чиқиб кетаётгани маълум эмас. Ўтган ҳафта президент Садир Жапаров мамлакатдан олтин конлари ва рудаларини экспорт қилишга рухсат берувчи қарор қабул қилди. Бу эса, яна минерал ресурсларнинг беҳисоб чиқиб кетишига йўл очади. Бугунга келиб, уран ва торийни қидириб топиш ва қазиб олишга йўл очиб, мамлакатдаги йирик конларни ҳам босқинчи Хитой қўлига топширмоқчи.

Қолаверса, Хитой бошқа давлатларни қарз тузоғига илинтириш билан ўзининг босқинчилик сиёсатини давом эттириб келмоқда. Ҳозирда Қирғизистоннинг ташқи қарзи 4 миллиард 486 миллион доллар бўлиб, унинг деярли ярми Хитойдан олинган. Бугунги кунгача Хитой ўнлаб мамлакатларга қарз бериб, стратегик аҳамиятга эга ерларини тортиб олди. Масалан, 2008 йилда порт қуриш учун Хитойдан 8 миллиард доллар қарз олган Шри-Ланка, лойиҳа ўзини оқламагани учун портни 99 йилга Хитойга топширишга мажбур бўлди. Хитой худди шундай тарзда 2020 йилда Лаоснинг электр ва сув ресурсларини тортиб олди. Покистон 16 миллиард доллар қарз эвазига Гвадар портининг 91 фоизини ва Эркин иқтисодий зона даромадининг 85 фоизини Хитойга беришга мажбур бўлди. Айни пайтда қўшни Тожикистон 330 миллион доллар кредит эвазига Кумарги Боло олтин конини Хитойга топширди.

Бинобарин, бугунги кунда фойдага асосланган капиталистик тузум дунёга ҳукмронлик қилаётганлиги учун ҳам, Уммат мулки бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олишда одамларга зарар етиши ҳисобга олинмайди. Уларнинг “зарарсиз усуллар билан қазиб оламиз”, деган даъволари ёлғондан бошқа нарса эмас. Буни Қумтордаги музликларнинг эриб йўқ бўлиши ва цианиднинг сувга тўкилиши яққол кўрсатиб турибди. Худди шундай тарзда ҳозирги ҳукумат нафақат Қизил-Омполдаги конни, балки Жетим тоғ каби йирик темир руда конларини ҳам инвесторлар қўлига топширишга ҳаракат қилмоқда. Шундай экан, халқ ер ости бойликлари соҳасида ҳукуматнинг ҳийла-найрангларидан эҳтиёт бўлиши ва шариат ҳукмларига биноан уни муҳосаба қилишлари лозим. Хитойга қул бўлиб қолмаслик учун унинг иқтисодий, сақофий ва ҳарбий босқинчилигига қарши туришимиз лозим.

Нурдин Асаналиев

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here