Кредитлар ривожланишга эмас, асирликга олиб келади

910
0

Кредитлар ривожланишга эмас, асирликга олиб келади

Қирғизистон жорий йилда Осиё тараққиёт банкидан 300 миллион доллар миқдоридаги 5 та лойиҳа учун маблағ олиш бўйича шартномалар тузишга тайёрланмоқда. Ушбу маблағлар грант ва кредит шаклида берилади. Бу ҳақда Қирғизистон молия вазири Алмазбек Бакетаев ва Осиё тараққиёт банки президенти Масацугу Асакаванинг учрашуви натижасида келишиб олинди. Бу маблағлар асосан экология, фискал сиёсат (давлат харажатлари ва солиққа тортиш бўйича чора-тадбирлар кўриш орқали мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ечишга қаратилган сиёсат), йўл, сув таъминоти ва назорат  пунктларини ободонлаштиришга сарфланади.

Осиё тараққиёт банки ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик 30 йилдан бери давом этиб келмоқда. Шу давр оралиғида Осиё тараққиёт банки билан 80 дан ортиқ шартнома имзоланди. Молия вазирининг сўзларига кўра, бугунги кунда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик доирасида умумий қиймати 700 миллион долларлик 15 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Қирғизистоннинг бу каби кредиторлардан олган қарзлари миқдори 2023 йил охирига келиб 6 миллиард 281 миллион долларга етди. 2023 йили фақат ушбу кредитларнинг фоизларини тўлаш учун бюджетдан 48,6 миллиард сом сарфланди. 2025 йилга келиб, бу миқдор, яъни кредитлар бўйича фоиз тўловлари 75,6 миллиард сомни ташкил этиши айтилмоқда. Таққослаш учун айтиладиган бўлса, 2010 йилда давлат қарзини тўлаш учун 7,7 миллиард сомдан кам маблағ сарфланган. Шунга кўра айтиш мумкинки, 15 йил ичида қарзни тўлаш ҳажми қарийб 10 баробар ошган.

Бу ҳолат Қирғизистоннинг қарз масаласида хавфли вазиятга тушиб қолганини билдиради. Сабаби, “Олмоқнинг бермоғи бор, емоқнинг қусмоғи бор” деганларидек, бу қарзлар, айниқса, ҳозирги капиталистик (мустамлакачилик) замонда ёмон оқибатларга олиб келиши аниқ. Аввалги даврларда мустамлакачилар давлатларни ҳарбий куч билан бевосита босиб олиб мустамлака қилишган. Бугунги кунда мустамлакачиликнинг бу шакли ўзгарди. Яъни, мустамлака қилинган мамлакатларга “мустақиллик” мақоми берилди-ю, лекин у яна мустамлакачилар чангалида қолди. Очиғини айтганда, мустамлакачилар ўз таъсирини сақлаб қолиш учун кўплаб усуллардан фойдаланмоқда. Улардан бири қарздир. Мустамлакачи давлатлар ўзга давлатларга қарз бериш орқали уларга ўзларининг сиёсий манфаатларини юклайди. Бундан ташқари, берилаётган қарзлар иқтисодиётнинг ўзаги бўлган ва тараққиётга йўл очган оғир саноат учун берилмайди. Мамлакатимиз мисолида оладиган бўлсак, “мустақиллик”ка эришилгандан буён олинган қарзларнинг катта қисми энергетика соҳасига, йўл қурилишига, бюджетни қоплашга йўналтирилди. Оқибатда бу қарзлар иқтисодиётнинг ривожига ҳисса қўшмагани етмагандай, устига-устак фоиз ставкалари ошиб, қарз миқдорининг ортишига сабаб бўлди. Натижада давлат қарз олмаса, фалаж бўладиган вазият юзага келди. Шу боис, давлатимиз раҳбарлари қаерга бормасин, қарз сўраш ёки қарз муддатини узайтиришни сўраш билан овора. Аслида мустамлакачининг мақсади ҳам мана шу. Чунки қарз ботққоғига ботган давлат турли шартларни бажаришга, стратегик ерларини қарз соҳибларига беришга тайёр бўлади. Бу ҳозирги неоколониализмнинг кўриниши бўлиб, Хитой бунинг ёрқин далилидир. Узоққа бормай, Тожикистондаги вазиятга назар ташлайдиган бўлсак, Тожик ҳукумати Хитойдан олган қарзининг бир қисмидан қутулиш учун Тоғли Бадахшон вилоятидан 1,1 минг квадрат километр ерни Хитойга топширди. Бундан ташқари, ТБEА компанияси “Душанбе-2” электр станцияси ва 5 та электр узатиш линиясини қуриб берганлиги эвазига “Кумарги боло” ва “Дуобаи Шарқи” олтин конларини Хитойга тақдим қилди. Бундан ташқари, Тожикистондаги минерал ресурсларнинг 80 фоизи Хитой компаниялари томонидан бошқарилади. Худди шундай вазият Қирғизистоннинг стратегик ҳудудларини ҳам бошига тушиши кутилаётганини бош вазир ва президент Жапаров тан олди. Чунки Қирғизистон ташқи қарзининг асосий қисмини Хитойдан олган.

Қарз тузоғига илинган давлатлар бўйнидан боғланган итдек мустамлакачига эргашиб, унинг айтганларини бенуқсон бажаради. Оқибатда давлат бошлиқлари ва амалдорлар мустамлакачининг талабларидан келиб чиқиб, халқаро тузумнинг турли қарорлари, режалари ва қонунларига имзо чекиб, уларни бажариш мажбуриятини ўз зиммасига оладилар. Бироқ бу қарорлар, қонунлар ва халқаро молия институтлари фақат шу мустамлакачиларнинг таъсирини кучайтириш учун хизмат қилади ва фақат уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади.

Исломда эса, аниқ ҳаром қилинган рибодан (судхўрликдан) узоқроқ турилади. Демак, биз каби заиф давлатларни золимона қарз тузоғига илинтираётган ҳозирги капиталистик (демократик) тузумдан воз кечишимиз ва бу тузумнинг ўрнига Исломни танлашимиз лозим. Чунки Ислом ҳаётнинг барча соҳаларига ечимлар берадиган тўлиқ тузумдир. Унинг қонунлари ва ҳукмлари бизни бу қуллик ва неоколониализмдан қутқаради. У нафақат мусулмонларни, балки бутун инсониятни капитализм зулмидан Исломнинг адолати ва нурига олиб чиқади.

Ҳорун Абдулҳак

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here