Туркия ва Ироқ АҚШнинг лойиҳасини амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилмоқда
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған 22 апрель куни Ироққа қилган ташрифи чоғида, Ироқ Бош вазири Муҳаммад Шиа ал-Суданий билан 26 та шартномага имзо чекди. Ўзаро келишувларда энергия, сув ва “терроризм”га қарши кураш масалалари биринчи ўринда турган бўлса-да, асосий битимлар Хитойнинг “Ипак йўли” лойиҳасига қарши Жо Байден томонидан илгари сурилаётган “Тараққиёт йўли” лойиҳасига қаратилди. Бундан аввал “Тараққиёт йўли” лойиҳаси бўйича битим Ироқ, Туркия, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида имзоланган эди.
Ироқ Бош вазири Вашингтонда Байден билан учрашувдан сўнг Эрдоғаннинг 13 йиллик танаффус ортидан Ироққа ташрифи ҳақида: “Туркия президентининг бу ташрифи шунчаки келиб-кетадиган турдаги ташриф эмас” деди. Бу баёнотнинг АҚШда берилиши бежиз эмас. Аниқроғи, Эрдоғаннинг бу ташрифи ортида АҚШ маъмурияти томонидан илгари сурилаётган “Тараққиёт йўли” лойиҳасини амалга оширишга қаратилган ҳаракатлар турибди. Жами 17 миллиард доллар сарфланадиган ушбу лойиҳани 2028 йилда якунлаш режалаштирилган. Лойиҳа Басрадаги “Фав” портидан бошланиб, Бағдод ва Мосул орқали Туркияга, сўнгра денгиздан Жайҳан порти орқали ва қуруқликдан Истанбул орқали Европага ўтади. Шундай қилиб, бу коридор Кўрфаз мамлакатлари ва Европа давлатлари ўртасидаги савдо айланмасини ошириши кутилмоқда.
Маълумки, АҚШ президенти Байден сайловда ғалаба қозонгач, Хитой ва Россияни асосий душман сифатида кўриб, уларни кучсизлантириш стратегиясини қабул қилган эди. Украина уруши, Тайван муаммоси ва Япониянинг қайта қуролланиш қонунларини ўзгартириши ҳамда Хитойни ўраб олишга уринишлари мана шу стратегиянинг бир қисмидир. Бу стратегия фақат сиёсий ва ҳарбий ҳаракатлар билан чекланмайди. Балки у Хитойни иқтисодий жиҳатдан заифлаштирадиган лойиҳаларни ҳам ўз ичига олади. Бу эса Хитойнинг логистика йўналишларига тўсиқлар қўйиш ва жаҳон бозорларида рақобатни юзага келтиришни талаб қилади. Бошқа томондан, энергия манбаларини Россиядан сотиб олувчи Европанинг эҳтиёжларини қондириш зарур. Бунинг учун биринчи навбатда нефт ва газга бой Форс кўрфази давлатларига коридор очиш керак бўлади.
Шу боис Туркия-Ироқ ўртасида муҳокама қилинган асосий мавзу “терроризм”га қарши кураш ва “Тараққиёт йўли” лойиҳасини амалга ошириш учун тузилган битимлар бўлди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун “терроризм”га қарши курашни кучайтириш ҳам муҳимдир. Зеро, “Тараққиёт йўли” лойиҳаси амалга ошириладиган ҳудудда хавфсизлик таъминланиши керак. Бунинг учун Британиянинг Курдистон минтақасига ва “ПКК” ташкилотига бўлган таъсирини камайтириш керак бўлади. Шу боис жорий йилнинг март ойида Ироқ расмийлари илк бор “ПКК” ташкилотини тақиқланган гуруҳлар қаторига киритди. Бу ташкилот Туркия билан бирга АҚШ ва Европа Иттифоқида террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилган. Мазкур ташкилотга нисбатан таъқибларни кучайтириш билан уларни АҚШ назорати остидаги Сурия ҳудудига сиқиб чиқариш мақсад қилинмоқда.
Ироқ ушбу лойиҳа орқали чўкиб бораётган иқтисодиётини вақтинча бўлса ҳам тўхтатиб туришга умид қилмоқда. Шунингдек, Туркиядан келадиган сув оқимининг кўпайишидан ҳам умидвор. Чунки ҳаёт учун зарур бўлган сув манбаи Туркия орқали оқиб келади.
Бу билан АҚШ ўзи босиб олиб, сўнг Эронга қолдириб кетган Ироқни энди Туркияга топширмоқда. Чунки АҚШ ўз манфаатларини рўёбга чиқариши учун Яқин Шарқда барқарорлик зарурдир. Шунинг учун Эроннинг минтақадаги сунъий таъсири камайтирилмоқда.
Шу тариқа АҚШ президенти Жо Байден Хитойнинг “Ипак йўли” лойиҳасига қарши Г20 саммитида эълон қилган “Ҳиндистон-Европа коридори” билан бирга яна бир “Тараққиёт йўли” лойиҳасини ишга солмоқда. Демак, Туркия ва Ироқ ўртасидаги “тарихий” деб баҳоланаётган битимлар Американинг минтақадаги манфаатларини рўёбга чиқариш доирасида амалга оширилмоқда. Америка Ислом умматига хиёнат қилган малай ҳукмдорларнинг қўли билан ўз манфаатларини рўёбга чиқараётган бўлса-да, бироқ Ислом уммати унинг умидларини пучга чиқармоқда. “Ақсо тўфони” амалиёти минтақадаги хоин ҳукмдорларнинг яҳудий вужуди билан муносабатларни нормаллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бутунлай йўққа чиқаргани буни яққол кўрсатиб турибди. Шундай экан, Ислом уммати ҳақиқий нажот йўли бўлган Халифалик давлатини барпо этиш йўлида ҳам ўз фидокорлигини кўрсатиб қўйишлари лозим.
Мумтоз Мавароуннаҳрий