Қирғизистон Хитой билан ҳамкорликда сериал суратга олмоқчи

3015
0

Қирғизистон Хитой билан ҳамкорликда сериал суратга олмоқчи

 Хабар: 9-июн куни Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири Алтинбек Максутов Қирғизистон Хитой билан биргаликда сериал суратга олиш ва тажриба орттиришни режалаштираётганини маълум қилди. У Жогорку Кенешнинг “Ата-Журт Қирғизистон” фракцияси йиғилишида яқинда Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб ўтган форумда имзоланган муморандум ҳақида маълумот берди.

 “Биз 63 миллион долларга иккита телесериал суратга олиш бўйича кенг кўламли меморандумлар имзоладик. Бири 25 миллион долларга, иккинчиси 38 миллионга. Қирғизистон ва Хитой ўртасида тарихда биринчи марта сериал суратга олинади. Биринчиси, 25 қисмдан иборат “Бишкекдаги севги” номли филм. Иккинчиси эса “Ипак йўлининг олис шамоли” номли тарихий филм Ипак йўлидаги мамлакатлар ҳақида. Бу ҳам Қирғизистонда суратга олинади. Ўйлаймизки, кино соҳасида катта тажриба тўплаймиз”, – деди Алтинбек Максутов.

 Изоҳ: 2018-йил август ойида бир гуруҳ хитойлик олимлар Қирғизистон тарихини ўрганиш учун мамлакатга келишган эди. 29-август куни Хитойдан келган тарихшунос олимлар билан шахсан президент Сооронбай Жээнбеков учрашиб, “Мурас” фондига Хитой олимлари учун барча шароитлар яратиб бериш ҳақида топшириқ берган эди.

 2020-йил баҳорида эса Хитой коммунистик партияси назорати остидаги бир қатор оммавий ахборот воситаларида Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Қирғизистон ва Қозоғистонни Хитойга “қайтишга” интилаётгани ҳақидаги бир қатор мақолалар чоп этилди. Ўша йилнинг апрел ойида Хитойнинг Sohu.com хусусий онлайн нашрида “Нима учун Қозоғистон Хитойга интилмоқда” сарлавҳали мақола чоп этилган ва унда мақола муаллифи Қозоғистоннинг ўз ҳудудига нисбатан суверенитетини шубҳа остига олиб, бу ерлар тарихда Хитойга қарашли бўлгани ва “Қозоғистон Цин сулоласининг вассали бўлганини” таъкидлаган.

 Мақолада таъкидланишича, “Қозоғистоннинг кичикроқ шаҳарларида яшовчилар ўзларини Ли Бо (саккизинчи асрда яшаган хитойлик шоир) авлодлари деб билади, улардан айримлари эса ўзини хан деб атайди”.

 Шунингдек, апрел ойида Toutiao.com сайтида “Нима учун Қирғизистон мустақилликка эришганидан кейин ўз ватанига қайтмади?” сарлавҳали мақола ҳам чоп этилган. Сайт “Марказий Осиёнинг энг кичик республикаси” деб таърифланган Қирғизистон минг йилликлар давомида Хитой ҳудудининг бир қисми бўлгани, 1846 йилда Чор Россияси Хитойдан 510 минг кв. км ҳудудни, жумладан ҳозирги Қирғизистон ерларини тортиб олгани ҳақида ёзган. Мақолада бу даъвони қўллаб-қувватлаш учун Хитойнинг ўша даврларга мансуб харитаси чоп этилган. “Ватанидан ажралиб чиққан минтақалар ва мамлакатлар вақт ўтиб уларга қайтса-да”, 1991 йилда мустақилликка эришган Қирғизистон асосан Россиянинг давомли таъсири туфайли бундай қилмади, деб ёзган эди муаллиф.

 Шуниси эътиборлики, Sohu.com Хитой коммунистик партияси томонидан бошқарилади ва улкан молиявий имкониятларга эга. Toutiao.com эса Хитойда ўзининг сиёсий ва тарихий мавзудаги мақолалари билан танилган бўлиб, Хитойдаги энг оммабоп 10 та онлайн-ресурсдан бири ҳисобланади ва коммунистик партиянинг қўллаб-қувватловига эга.

 Ўша йиллари қирғиз ҳукумати хитойлик олим ва инвесторлар учун мамлакат эшикларини кенг очиб бериб, уларни эмин-эркин фаолият олиб боришларига кенг шароитлар яратиб бериб келаётган эди. Аммо, маҳаллий халқда хитой ханларига қарши норозилик кайфияти кучайиб кетгани сабабли расмий ҳукумати Хитой билан эришган аввалги шартнома ва битимларни вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлган эди. Бундан ташқари, навбатдаги давлат тўнтариши ҳам ўртага қўшимча тўсиқ бўлди. Мана энди орадан вақт ўтиб, одамлардаги норозилик кайфияти пасайгач, биратўла ҳамкорликда телесериал суратга олиш ишлари бошланмоқда. Табиийки, серал учун сарфланадиган маблағ тўлиғича Хитой томонидан қопланади, катта эҳтимол билан сценарий ҳам хитой сценаристлари томонидан ёзилади. Маълумки, тарих, адабиёт, шу жумладан, кино сақофат жумласидан бўлиб, бугунги кунда телесериаллар мустамлакачи кофирлар мусулмонлар зеҳнига ўз сақофати ва дунёқарашни сингдиришда энг кўп қўллаётган воситалардан бирига айланди. Мусулмон жамиятида оилавий қадриятлар, садоқат, эр қадри ва аёлнинг ўрни йўқолиб боришида телесериаллар асосий рол божармоқда (бунга хиёнат ва фахшни тарғиб қилаётган турк сераллари ёрқин мисол). Агар бу телесериаллар тарихий жанрда бўладиган бўлса, тарихни бузиб кўрсатишда муҳим рол ўйнайди. Турк киноижодкорлари томонидан суратга олинган “Муҳташам юз йил” тарихий сериалида Усмоний халифа Сулаймон Қонуний бошқарув даври қандай бузиб кўрсатилгани ва бугун кўпчилик Усмонлилар даври деганда айнан шу серални кўз олдига келтириш сир эмас. Хитой молияси эвазига суратга олинадиган “Ипак йўлининг олис шамоли” тарихий филмида тарих қандай акс эттирилиши юқорида хитойлик тарихчилар ва тарихий сайтлар Марказий Осиё давлатларини Хитой таркибида бўлган деб даъво қилишларидан келиб чиққан ҳолда биз яшаб турган заминлар тарихи қандай талқин қилинишини эса тасаввур қилса бўлаверади.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here