Дамашқ озодлиги зўравонлар макри билан ростгўйлар ҳаракати ўртасида

1606
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Дамашқ озодлиги зўравонлар макри билан ростгўйлар ҳаракати ўртасида

Устоз Носиршайх Абдулҳай

Ҳизб ут-Таҳрирнинг Сурия

вилоятидаги матбуот бўлими аъзоси

Озод этилган ерлар масаласини ажнабий ва минтақавий қўллаб-қувватловга топшириб қўйган ҳамда Уммат ҳокимиятини тортиб олиб, фарзандларимиз устидан ҳукмронлик қилаётган кимсалар томонидан вақти-вақти билан бемаъни баёнотлар янграмоқда. Озод этилган ерларда қайта қуриш ишларини олиб бориш ва Дамашқни озод этиш тўғрисидаги бу баёнотларни энг камида халқни фалажлайдиган баёнотлар, дейиш мумкин. Чунки уларнинг гаплари амалларига тескари бўлиб, халқнинг кўпчилиги уларни ростгўй кишиларнинг жиноятчи режимни ағдариш ҳаракати олдидаги асосий тўсиқ, деб билади.

Шу ўринда «озод этилган» ҳудудларнинг кишанланган аҳолиси ҳайрон бўлганидан қуйидагича савол бериши табиий: ажнабийлар буйруғи билан йиллар давомида фронтларни ёпиб туриш орқали наҳотки, Дамашқни озод этиш жараёни амалга ошса?! Қўзғолонимизга қарши тил бириктирган турк режимини стратегик иттифоқчи, дея баҳо беришларининг сири нимада? Ахир Турк режими уялмай-нетмай, қўзғолон аҳлини – ҳатто бир миллиондан ортиқ шаҳид берганидан кейин ҳам – тоғут Асад билан ярашишга чақираётган бўлса?!

Тўғридан-тўғри Америка кўрсатмалари асосида бошқарилаётган илмоний турк режимидан бизнинг қўзғолонимизни ҳолдан тойдирган сиёсий етакчи сифатида бутунлай воз кечиш энг тўғриси эмасми?! Ахир у қароримизни тортиб олиб, ҳур қўзғолончиларимизга қарши курашишга киришган, ўзи билан алоқа қилувчи етакчиларни ифлос сиёсий пуллар билан маст қилиб, сўнг уларнинг қуролларини жиловлаб қўйган, шунингдек, қонхўр Асад режимига тўғридан-тўғри ёки билвосита таҳдид сола оладиган ҳар бир томонни ушлаб туриш ва зарарсизлантириш учун елиб югураётган бўлса?!

Қатар, Саудия ва Туркия каби, мунофиқлик билан ўзларини Сурия халқи дўстлари қилиб кўрсатаётган, аслида қонхўр режим билан муносабатларни нормаллаштиришга шошаётган «донор» давлатлар билан буткул алоқани узиб ташлаш энг тўғриси эмасми?! Зеро, бу давлатларнинг хатари Шом ва унинг аҳлига очиқ душманлик қилаётганларнинг хатаридан ҳам ёмон-ку. Чунки булар «Сурия халқининг дўстлари» ниқобини кийиб олиб, қўзғолонга ортдан пичоқ уришди, уни жиловлаб қўйиб, куч-қудрат манбаларидан айришди, унинг кучли асаб ва бўғинларини фалажлаб, заҳри қотил пуллари билан тинкасини қуритишди… Уларнинг юзларидаги ниқобларини юлиб ташлаб, асил башараларини очиш вақти келди. Ана шунда, уларнинг макр ва жиноятларидан ҳам ёмон бўлган Американинг Шом қонхўрини қўллаб-қувватлаш ва қўзғолонни бўғизлашдан иборат буйруқларини ижро қилишдаги ўйинлари фош бўлади!

Юқоридагиларга қўшимча, яна шу саволни ҳам ўртага ташламоқчимизки, улар даъво қилаётган Дамашқ озодлиги жинояткор режим билан ярашиш шармандалигини рад этиб, фронтлар очилишини талаб қилган ҳур фарзандларимизни қамоққа ташлаш билан амалга ошадими?! Қамоққа ташланганлардан бири Ҳарбануш шаҳрининг ҳур қўзғолончи ўғлони Али Далв бўлиб, у бир неча ойдан буён Таҳрири Шом разведкаси қамоғида қолмоқда. Шунингдек, Идлиб университетининг тиббиёт факултети талабаси Муҳаммад Ҳамадон ва муҳандис Усома Юсуф, Абу Абдулҳамид Сармин, Абу Вафо Арабсаид ва бошқа кўплаб йигитларимиз ҳам ўшалар қўлида ҳибсда ётишибди.

Дамашқ озодлиги қонхўр режимга таслим бўлиш ва у билан сулҳ тузишга норози бўлаётган Идлиб университети талабаларини тутган сиёсий принципиал позициялари учун университетдан ҳайдашни талаб қиладими?!

Дамашқ озодлиги озод этилган ҳудудлардаги одамларга систематик равишда тазйиқ ўтказиш билан ҳамда турли сиёсий номлар остидаги таслим бўлиш ечимларига бўйсунишлари учун уларга солиқлар солиш билан амалга ошадими?!

Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида бу қўзғолон одамлар, ҳаракатлар ва лойиҳалар орасидан уларнинг ҳақиқий сараларини аниқлаб берди. Кимлар Уммат сафида туриб, унинг озодлигини, тараққиётини, азизлигини ва Халифалик давлатини хоҳлаётганини, кимлар душман сафида эканини яққол кўрсатиб қўйди. Шунингдек, Ислом душманларини рози қилиб, улардан куч оладиган арзонгаров илмоний лойиҳаларни – гарчи уларга Ислом тўни кийдирилган бўлса ҳам – фош этди. Бу йиллар давомида Исломга нусрат бериш ва уни бошқарувга олиб чиқиш ниятида эмас, балки шубҳали мақсадларга умумий ва қуруқ шиорлар орқали етишишда Исломдан фойдаланганлар фош бўлди. Зеро, бу шиорлар мамлакат борасида бирор бир амалий ижроий тасаввурга эга бўлмаган шиорлар бўлибгина қолмай, балки заифлашиб тебраниб турган золим режимларнинг вайроналари узра Ислом бошқарувини барпо этишнинг шаръий тариқатига ҳам зиддир. Шундай қилиб, бугун кураш икки лойиҳа ўртасида кечмоқда, учинчи лойиҳа йўқ. Улардан бири динни ҳаёт, давлат ва жамиятдан ажратиб, инсонларни бахтсиз қиладиган, инсонлар Парвардигорини ғазаблантирадиган демократик фуқаролик лойиҳаси бўлса, иккинчиси буюк Ислом ва Исломий давлат лойиҳасидир. Яъни у Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлати лойиҳаси бўлиб, унинг байроғини Ҳизб ут-Таҳрир кўтариб чиқмоқда. Ҳизб, шунингдек, мақсадга етиш учун муфассал лойиҳа тақдим этмоқда ҳамда Умматнинг ростгўй-холис фарзандлари ҳимматини қўзғамоқда. Бундан мақсад, сафларни бирлаштириш, энергия ва имкониятларни жамлаш, шу орқали айни лойиҳани юртда битта давлат орқали амалда татбиқ қилишдир. Зеро, фақат шу лойиҳа билан нажот ва ютуққа эришилади. Аллоҳнинг фазли ила, Умматнинг айни лойиҳага нисбатан онги сезиларли даражада ўсиб бормоқда. Чунки бу унинг куч-қудрати, ҳурмат-иззати ва Ислом ҳукмронлигини рўёбга чиқарувчи лойиҳадир. Бас, шу лойиҳа томонга тўлиқ ўтиб, унга ва унинг соҳибларига нусрат-ёрдам бериш вақти келди.

Сўзимиз ниҳоясида шуни таъкидламоқчимизки, қўзғолон ўз мевасини бериши ва уни ростгўй инсонлар териб олиши учун унинг ҳаракат йўналишини тўғрилаш ва бу иш етакчилигини лойиқ, моҳир, қодир ва мабдаий кишиларга топшириш керак. Буни амалга оширишда ташланадиган жиддий амалий илк қадам эса, анави зараркунанда режимлар ва уларнинг разведка хизматлари билан буткул алоқани узишдан бошланади. Қолаверса, Исломни, мусулмонларни ва қўзғолонимизни қаттиқ ёмон кўрувчи халқаро ҳамжамият ва БМТдан ечим олмаслик керак бўлади. Чунки буларнинг барчаси душманларимиз бўлиб, Аллоҳ бизга уларнинг ҳатто дилларида яширган ниятларини ҳам очиб шармандасини чиқариб берган. Ўз масаламиз, тақдиримиз ва қўзғолонимиз келажагини ўзимиздан бошқаларга, яъни мазкур томонлардан бирортасига боғлаш хатардир, ҳатто том маънода сиёсий жиҳатдан ўз жонига қасд қилишдир. Бунга Американинг сиёсий ечимини ўлиб-тирилиб тиқиштираётганлардан кўра яққолроқ далил йўқ… Ҳолбуки, бу ечим кофир ва тоғут режимни илмоний конституцияси, муассасалари, хусусан мустабид хавфсизлик ва ҳарбий муассасалари билан бирга сақлаб қолишдан иборат бўлиб, одамларни қайтадан қуллик оловига отади, уларни хавф ва даҳшат салтанатига қайтариб, Америка тарбиялаган малай режимга қарши чиққанлари учун жазолайди.

Жиддий, мақсадли ва тартибли жамоий фаолият орқали салтанат ва қўзғолон қарорини босқинчилардан қайтариб олиш Дамашқни озод этиш учун энг биринчи ҳақли амалий қадамдир. Шу билан бирга бу нарса сафларни текислаб, саъй-ҳаракатларни онгли сиёсий етакчиликка боғлайди. Ушбу онгли холис етакчилик Умматнинг ақидасидан балқиб чиққан муфассал халоскорлик лойиҳасига эга бўлиб, қўзғолончиларга қонхўр режимни ўз ҳовлиси ичкарисида ағдариб ташлаш ва унинг харобалари узра Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлати соясида Ислом бошқарувини барпо этиш йўлини кўрсатиб берадиган белгилари аниқ йўл харитасини чизиб беради. Халифалик Ислом ва унинг аҳлини азизликка олиб чиқиб, Шом аҳли қурбонликларини тўхтатади. Бу билан Аллоҳ уларнинг ва мусулмонларнинг қалбига шифо беради. Аллоҳ Таолодан ушбу Кунни яқин қилишини сўраймиз.

Роя газетасининг 2023 йил 26 апрел чоршанба кунги 440-сонидан

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here