Садир Жапаров расмий ташриф билан Россияга борди

2613
0

Садир Жапаров расмий ташриф билан Россияга борди

 Хабар: Президент Садир Жапаров 7-май куни расмий ташриф билан Россияга учиб кетди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

 “Ташриф доирасида Россия президенти Владимир Путин билан икки томонлама музокаралар бўлиб ўтади. Давлат раҳбарлари икки ва кўп томонлама кун тартибидаги долзар масалаларни, ўзаро манфаатли ҳимкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар. Шунингдек, ташриф давомида Садир Жапаровнинг бошқа расмий шахслар билан учрашувлари ҳам режалаштирилган. Бундан ташқари, Жапаров 9-май куни Москвадаги ғалаба парадида меҳмон сифатида иштирок этади”, – дейилади хабарда.

Изоҳ: Қирғизистонда яна бир бор кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш масаласи кўтарилиши ортидан Росселхознадзор 20-апрел куни “ветеринария назоратида, хайвонлар касалликларининг эпизотик мониторинги ва лаборатория ишларида камчиликлар мавжудлиги” иддаоси билан Қирғизистонда етиштирилган сут маҳсулотларини Россияга олиб киришни тақиқлади. Кейинчалик бундай чеклов балиқ маҳсулотларига ҳам жорий этилди.

 Садир Жапаров 21-апрел куни Давлат тили ва тил сиёсати миллий комиссияси раиси Канибек Осмоналиев билан учрашувда депутатларнинг таклифини танқид қилиб, уни тил сиёсати, жумладан, қирғиз тилини лотин тилига ўтказиш бўйича гаплардан тийилишга чақириб:

 “Қирғиз тилининг лотин алифбосига ўтиши ҳақида гапиришга ҳали эрта. Кирилл алифбосида давлат тилини тўғри, малакали билиш даражасини таъминламасдан туриб, лотин алифбосига ўтиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Энди бу савол кўтарилмайди, давлат тилини ривожлантириш кирилл алифбосида давом этиши керак”, – деди.

 Шундан сўнг, Росселхознадзор раҳбари Сергей Данкверт 24-апрел куни Москвада Қирғизистон қишлоқ хўжалиги вазири Самат Насирдинов ва Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Эрмек Омуралиев билан учрашувда Қирғизистон сут ва балиқ маҳсулотлари Росселхознадзор текширувлари орқали Россияга қайтишини айтди.

 Дунёнинг бирор давлат раҳбари қатнашмайдиган “Ғалаба” парадида иштирок этиш учун Москвага боришидан олдин Жапаров ўзини Россия ва рус тилига содиқлигини исботлаш учун 4-май куни Бишкек шаҳридаги 77-умумтаълим мактабига ташриф буюриб, 9-синф ўқувчилари учун “Динларнинг ривожланиш тарихи” дарсида иштирок этди ва рус тили улуғланган “Нам дан во владение самый богатый, меткий, могучий и поистине волшебный русский язык” (Бизга энг бой, энг аниқ, қудратли ва чинакам сеҳрли рус тили берилди) ёзуви остида суратга тушди ва бу орқали ўзининг Путинга нақадар содиқ эканлигини исботламоқчи бўлди.

 Афсуски, бизнинг давлат раҳбарлари ҳамон қуллик психологиясидан халос бўлиша олмаяпти. Уларнинг қалбидан Россиядан бўлган қўрқув ҳисси кўтарилганича йўқ. Шу сабабли ҳам бу раҳбарлар ўз курси ва амалларини сақлаб қолиш илинжида Россияга ялтоқланиш, унга яхши кўринишга ҳаракат қилишади. Улар чўкиб бораётган рус кемасидан халос бўлиш ўрнига унга тобора яқинлашиб, ўртадаги алоқа ва муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш йўлида ҳаракат қилишмоқда.

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here