Россия Финляндиянинг НАТОга қўшилишига жавоб қайтаришга ваъда берди

479
0

Россия Финляндиянинг НАТОга қўшилишига жавоб қайтаришга ваъда берди

 Хабар: Россия ТИВ Финляндиянинг НАТОга қўшилишига жавоб қайтаради. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко маълум қилди.

 “Чораларнинг бир қисми аллақачон эълон қилинган. Ғарбий ва шимоли-ғарбий йўналишда ҳарбий салоҳиятимизни мустаҳкамлаймиз. Финляндия ҳудудида НАТОнинг бошқа аъзолари кучлари ва воситалари жойлаштирилган тақдирда Россиянинг ҳарбий хавфсизлигини ишончли таъминлаш учун қўшимча чораларни кўрамиз”, – деди Грушко РИА Новости билан суҳбатда.

 3 апрел куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Финляндия 4 апрел куни альянсга қўшилишини маълум қилди. Мамлакат байроғи НАТОнинг Брюсселдаги бош қароргоҳида кўтарилади.

 Изоҳ: Россия Украинага қарши босқинчилик урушини НАТОнинг Шарққа томон кенгайиш хавфини бартараф этиш ва қўшни Украинада НАТО таъсирини кучайтирмаслик иддаоси билан бошлаган эди. Аммо, урушда Россия ўз кўзлаган мақсадига эриша олмади, бироқ, урушнинг Россия учун салбий оқибатлар намоён бўлишни бошлади. Россия тажовузи ортидан узоқ йиллар бетарафлик мавқейига амал қилиб келган Финляндия ва Швеция шошилинч тарзда НАТОга аъзо бўлиш тўғрисида ариза ташлади. Аксар сиёсатчилар Финландияни альянсга аъзо бўлишини ёз ойларига тўғри келишини таҳмин қилишган эди. Аммо, АҚШ бу ишни ортга суриб ўтирмай уни тезлик билан альянсга қўшишга қарор қилди. Финландия НАТОга аъзо бўлганидан кейин у альянснинг барча аъзолари ичида Россия билан энг узун чегарага эга мамлакатга айланади. Икки давлат чегарасининг узунлиги 1340 километр бўлиб, чегара чизиғи Санкт-Петербургдан атиги 200 километр масофадан ўтади. Гарчи ҳозирча Туркия Швецияни альянсга аъзо бўлишига тўсқинлик қилаётган бўлса-да, Эрдоғон ўзи илгари сурган мақсадларга – аъзо давлатлардан иқтисодий ва ҳарбий ёрдамни қўлга киритиш ва Туркия-Сурия чегарасида курд қуролли гуруҳларидан холи буфер зона ташкил этиш – эришганидан кейин Швецияни ҳам альянсга қўшилига рози бўлади.

  Ҳозирча Финляндия НАТОга аъзо бўлмоқда. Яқин келажакда Швецияни ҳам альянсга аъзо бўлиб киришига шубҳа йўқ. Агар бу икки давлат альянсга қўшиладиган бўлса, НАТО Болтиқ денгизида кенг қамровли ва самарали ҳаракатлар олиб бориш имконига эга бўлади. Бундай ҳолатда Болтиқ денгизига чиқиш имконига эга бўлган Россиядан ташқари барча давлатлар НАТО аъзосига айланиб, Россиянинг Болтиқ денгизидаги стратегик мавжудлиги заифлашади ва Болтиқ денгизи Ғарб альянси назорати остидаги денгизга айланади. Бу эса Россия учун Украина урушининг энг жиддий сиёсий оқибатларидан бири бўлиб, Путиннинг империалистик амбицияларига жиддий сиёсий зарба бўлади. Путин бунга йўл қўймаслик илинжида АҚШ ва НАТО давлатларини стратегик қуроллар  билан қўрқитишга уриниб келмоқда. Аммо, Путин режимининг бу таҳдидлари “тишсиз йўлбарснинг ўкиришидан бошқа нарса эмас. 

 Абдураҳмон Одилов

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here